Ўзбекистон таълим тизими янги босқичга қадам қўйди

    — Ўзбекистонда таълим соҳасини қўллаб-қувватлашга қаратилган ислоҳотлар биз, зиёлиларни, айниқса, хушнуд этади, — дейди Тошкент давлат техникауниверситети Қўқон филиали директори Шариф Пўлатов.

    Филиалимиз Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 22 сентябрдаги қарори асосида ташкил этилган. Бу ерда электр техникаси, электр механикаси ва электр технологиялари, электроника ва асбобсозлик, материалшунослик ва янги материаллар технологияси, технологик машиналар ва жиҳозлар, электрон аппаратуралар ишлаб чиқариш технологияси йўналишлари бўйича бакалаврлар тайёрланади.

    Филиалимизда навбатдаги ўқув йили учун квоталар сони оширилгани айни муддао бўлди. Кундузги таълим учун 250 нафар, сиртқи таълим учун 125 нафар талаба қабул қилиниши филиалимиз нуфузи ошиб боришига ҳисса қўшиши шубҳасиз.

    Мустақиллик тантаналари арафасида Қўқон механика заводи ҳузурида Касбга ўқитиш инновацион маркази ташкил этилгани талаба ва ўқитувчиларимиз учун байрамга муносиб совға бўлди. Бу ерда замонавий касбларга ўқитишга мўжалланган лабораторияларда машинасозлик саноати учун деталларни компьютер технологиялари ёрдамида тайёрлаш, рақамли дастурлаш ҳамда электр пайвандлаш технологияси соҳаларида инновацион услубларда дарслар ўтиш мумкин.

    Яратилган бу каби шарт-шароитлар ҳозирданоқ ўз натижаларини бермоқда. Хусусан, талабаларимиз томонидан қилинган бир неча янги ихтиролар учун патентлар олишга эришяпмиз.

    Кам таъминланган талабаларни қўллаб-қувватлаш мақсадида ижарада турувчи талабаларга ижара пулини тўлаб бериш тизими жорий этилиши нур устига нур бўлди. Биз ҳам мазкур ўқув йилида филиал талабаларига енгиллик яратиш мақсадида Қўқон автотранспорт техникумининг 500 ўринли ётоқхонасини ижарага олдик. Шунингдек, талаба қизлар учун филиалнинг асосий биносида жойлашган 100 ўринли ётоқхона ажратилди. Албатта, бу каби саъй-ҳаракатларимиз таълим сифатини оширишга ёрдам беради.

    Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 9 августдаги “Етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг янги тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори яна бир эзгу амалга қўл уришимизга асос бўлди. Қўқон шаҳрида жойлашган 12-Меҳрибонлик уйида таълим-тарбия ишларини яхшилаш мақсадида турли тўгараклар ташкил этиш юзасидан чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқдик. Мазкур режа асосида ўқув йили давомида робототехника, IT йўналишдаги тўгараклар фаолиятини йўлга қўямиз.

    Талабаларимиз учун яратилаётган шароитлар, уларнинг ғайрат-шижоатини кўриб ишонч билан айта оламанки, Тошкент давлат техника университетининг Қўқон филиалида етишиб чиққан мутахассислар Ўзбекистонимизнинг тараққиётида амалий иштирокчи бўла олади.

    No date selected
    октябр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates