2020 йил 14 декабрь куни Тошкентда “Ўзбекистон тараққиётида парламентдаги аёлларнинг роли” мавзусида биринчи форум ўтказилди. Тадбир Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ва Гендер тенликни таъминлаш масалалари бўйича комиссияси томонидан БМТ Тараққиёт дастури ҳамда ЕХҲТ билан биргаликда ташкил этилди.
Форумда Олий Мажлис Сенати аъзолари ва Қонунчилик палатаси депутатлари, маҳаллий Кенгашлар депутатлари, Ёшлар парламенти аъзолари, давлат органлари ва жамоат ташкилотлари мутасаддилари, халқаро ташкилотлар вакиллари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Т.Нарбаева кириш сўзи билан иштирок этди.
Таъкидланганидек, хотин-қизларнинг сиёсий ва ижтимоий-иқтисодий вазифаларни ҳал қилишдаги тўлақонли иштироки иқтисодий тараққиёт, демократик ривожланиш ва жамиятдаги барқарорликнинг зарур шарти ҳисобланади.
Хотин-қизлар иштирокида қабул қилинган муҳим қарорлар жамиятни демократлаштириш йўлида олиб борилаётган ислоҳотларнинг муваффақиятини таъминлайди. Шу жиҳатдан мамлакатимизда хотин-қизлар ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш давлат сиёсатининг муҳим йўналиши ҳисобланади.
Олиб борилган амалий ишлар натижасида ўтган йилги сайлов якунлари бўйича парламентнинг қуйи палатасига 48 нафар аёл депутат этиб сайланди. Бу депутатлар умумий сонининг 32 фоизини, Сенатда эса 25 фоизни ташкил этмоқда. Ўзбекистон тарихида илк маротаба миллий парламентда хотин-қизлар сони БМТ томонидан белгиланган тавсияларга мос даражага етди. Мамлакатимиз парламенти хотин-қизлар сони бўйича дунёдаги 190 та парламент орасида 37-ўринга кўтарилди.
Форумда вакиллик органларига сайланган депутат аёлларнинг фаолиятини такомиллаштириш, уларнинг ўзларига берилган ваколатлардан кенгроқ фойдаланишига оид бир қатор масалалар мавжудлиги, уларни ҳал қилиш нуқтаи назардан парламентнинг аёл аъзолари платформасини яратиш зарурлиги таъкидланди.
Қолаверса, ушбу Форум хотин-қизларнинг сиёсий майдондаги ўринларини мустаҳкамлаш ҳамда вакиллик ҳокимияти органларининг парламент билан конструктив алоқаларини мустаҳкамлашга хизмат қилиши қайд этилди.
Форум иштирокчилари хотин-қизлар парламент бирлашмасини ташкил этиш борасидаги ўз фикр-мулоҳазаларини билдириб, унинг умумий мақсадлари ва вазифаларини, умумий стратегия ҳамда ҳаракат йўналишларини белгилаб олди.
Бундан ташқари, Форумда мамлакатимиз тараққиётида парламентдаги аёлларнинг ўрнини кучайтиришга оид таклиф ҳамда фикр-мулоҳазалар, янги ғояларни кўриб чиқиш учун иштирокчилар бешта йўналишда муҳокамани давом эттирди. Хусусан, вакиллик органларига сайланган депутат аёлларнинг Ўзбекистоннинг ижтимоий-сиёсий ҳаётидаги иштирокига алоҳида урғу берилди.
Шу билан бирга, хотин-қизларнинг мамлакатимиз иқтисодий ва қишлоқ хўжалиги соҳасини ривожлантиришдаги фаолиятининг истиқболлари хусусида ҳам сўз юритилди.
Илм-фан, таълим-тарбия ва инновацион ташаббусларни қўллаб-қувватлаш жараёнларига хотин-қизларни кенг жалб этиш масалалари ҳам кенг муҳокамаларга, таклиф ва тавсияларга бой бўлди. Қайд этилганидек, бугунги кунда фалсафа доктори (PhD) илмий даражасига эга аёллар 25 фоизни, фан доктори (DSc) илмий даражасига эга аёллар эса 20 фоизни ташкил этаётгани соҳада хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш зарурлигини кўрсатмоқда.
Шунингдек, Форумда Оилаларда ижтимоий-маънавий муҳитни барқарорлаштириш, хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш, улар ўртасида юзага келаётган салбий иллатларнинг олдини олишда парламент ва жамоатчилик назоратини кучайтириш муҳим эканлиги, бунда парламент ва жамоат ташкилотларининг ҳамкорлигини кучайтириш зарурлиги иштирокчилар томонидан таъкидланди.
Форум якунида билдирилган фикр-мулоҳазалар ва таклифлар умумлаштирилиб, тегишли тавсиялар ишлаб чиқилди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси
Сенатининг ахборот хизмати