Бугун Осиё Олимпия кенгаши (ООК) ижроия қўмитасининг йиғилиши бўлиб ўтди, дея хабар беради Миллий Олимпия қўмитаси ахборот хизмати. Онлайн форматда ташкил этилган мажлис кун тартибидан Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси ва Спорт вазирлигининг мурожаатини кўриб чиқди.
Таъкидланишича, Ўзбекистон томони ООКдан мусобақани яна бир йилга суришни сўраган.
Чунки, пандемиядан кейинги чекловлар сабабли Олимпия шаҳарчаси қурилиши учун зарур воситалар етказиш жараёнида узилишлар кузатилгани ва фойдаланишга топшириш муддати кечиккан.
Бироқ Олимпия спорт турларидаги беллашувлар келгусида Дакар-2026 ўсмирлар ёзги Олимпия ўйинларига саралаш вазифасини бажариши назарда тутилгани боис ООК III ёшлар Осиё ўйинлари 2025 йилда ташкил этилиши муҳимлигини билдирди.
Шу туфайли, ООК III ёшлар Осиё ўйинлари мезбонлигини Баҳрайнга топширди ва Ўзбекистонга Ислом бирдамлиги ўйинлари ёки Жанг санъати ва ёпиқ иншоотлардаги Осиё ўйинлари каби катталар миқёсидаги йирик комплекс тадбирларни ўтказишга тайёргарлик кўришни тавсия қилди.
Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон оммавий спорт ва олимпия ҳаракатини ривожлантиришга содиқ қолмоқда. Шу маънода, Олимпия шаҳарчасини барпо этиш, ундан унумли фойдаланиш ва унинг негизида спортимизни янги босқичга кўтариш бўйича Президент томонидан берилган барча топшириқлар ижроси таъминланади ва келажакда бу мажмуа йирик спорт тадбирларини ўтказишга ҳар томонлама тайёр бўлади.
Тошкентда қурилаётган Олимпия шаҳарчаси фақатгина ёшлар Осиё ўйинлари учун эмас, мажмуани келгусида ўзбек спортининг тараққиётини янги босқичга олиб чиқадиган илмий-методик кластерга айлантириш кўзда тутилган.
Унда замонавий спорт объектларидан ташқари Спорт вазирлиги, кўплаб федерация ва ассоциациялар, спорт академияси, спорт тиббиёти илмий-амалий маркази каби иншоотлар ҳам ўрин олиб, бу масканда терма жамоаларни тайёрлашдаги назария ва амалиёт бирлашади.