Рекорд қайд этган спортчилар Ўзбекистонда тантанали кутиб олинди

    Спорт 9 октябр 2023 2043

    Хитой Халқ Республикасининг Ханчжоу шаҳрида 23 сентябрь – 8 октябрь кунлари ўтказилган XIX ёзги Осиё ўйинлари ўз якунига етди.

    Хитойнинг Ханчжоу шаҳрида ўтказилган XIX Осиё ўйинларида Ўзбекистон спортчилари 22 та олтин, 18 та кумуш ва 31 та бронза, жами 71 та медалга сазовор бўлиб, 45 мамлакат орасида фахрли бешинчи ўринни эгаллади.

    Ватанимиз номини улуғлаб, дунёда Янги Ўзбекистон спортининг ўз ўрни, ўз салоҳияти борлигини намойиш этган мамлакатимиз спорт делегацияси Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида тантанали кутиб олинди.

    Осиё Олимпия кенгаши шафелигида ўтказилган ушбу Осиё ўйинларида қитъанинг 45 давлатидан 11 минг нафар спортчи иштирок этди.

    Тўрт йилликнинг энг нуфузли комплекс ўйинларида Ўзбекистон спорт делегацияси 38 спорт турида 370 нафардан зиёд спортчи билан иштирок этиб, 32 та олимпия, 6 та ноолимпия спорт турларида медаллар учун кураш олиб борди.

    Мамлакатимизда ҳар томонлама баркамол авлодни вояга етказишнинг муҳим воситаси сифатида жисмоний тарбия ва спортни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилаётгани самараси ўлароқ қитъа миқёсида ўтказиладиган ҳар тўрт йилликнинг нуфузли мусобақаси – Осиё ўйинларида спортчиларимиз мунтазам юқори натижаларга эришиб келмоқда.

    XIX Осиё ўйинларида Ватанимиз шарафини улуғлаган спорт делегациясини тантанали кутиб олиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Арипов иштирок этди ва Президентимиз табригини ўқиб эшиттирди.

    Шунингдек, маросимда иштирок этган ҳукумат вакиллари, вазирлик, ташкилот мутасаддилари, кенг жамоатчилик вакиллари, шоирлар, санъаткорлар Осиё ўйинларининг тафсилотлари, спортчиларимиз эришган ғалабалар хусусида тўлқинланиб сўзлади.

    Ўзбекистон халқ шоири Маҳмуд Тоирнинг ғолиб спортчиларимизга бағишланган шеъри, Ўзбекистон халқ артисти Фаррух Зокиров ва бошқа санъаткорлар ижро этган бетакрор қўшиқлар кўнгилларга ҳузур бағишлади.

    Ғолиб спортчилар номидан сўзга чиққан бокс бўйича XIХ ёзги Осиё ўйинлари мутлақ ғолиби, олтин медаль соҳиби Баҳодир Жалолов, енгил атлетика спорт мусобақаларида иштирок этган энг ёш спортчимиз ва олтин медаль соҳибаси Шарифа Давронова, кураш бўйича Ўзбекистон терма жамоаси бош мураббийи Ризамат Солиев ва бошқалар “Ханчжоу – 2022” мусобақаларининг аҳамияти, давлатимиз томонидан яратиб берилган шарт-шароитлар муваффақиятларнинг бош омили бўлганини таъкидлади.

    Дарҳақиқат, Ўзбекистон спортчилари қитъанинг энг нуфузли мусобақасида муваффақиятли қатнашишида давлатимиз раҳбарининг “2023 йилда Ханчжоу шаҳрида (Хитой) бўлиб ўтадиган XIX ёзги Осиё ва IV Параосиё ўйинларига Ўзбекистон спортчиларини комплекс тайёрлаш тўғрисида”ги қарори муҳим роль ўйнади. Мазкур ҳужжат ижросини таъминлаш юзасидан ишлаб чиқилган дастурга кўра, спортчиларимизнинг замонавий меъёрлар асосида ўқув-машғулот йиғинларини ўтказиши, тажриба ва маҳоратини ошириши, халқаро мусобақаларга пухта тайёргарлик кўриши ва уларда муносиб иштирок этиши учун барча шароит яратилди.

    Осиё ўйинларида Франциянинг Париж шаҳрида бўлиб ўтадиган ХХХIII ёзги Олимпия ўйинларида Ватанимиз шаънини ҳимоя қилувчи спортчиларимизнинг имконияти ва салоҳияти яна бир бор синовдан ўтказилди. Ханчжоуда қайд этилган натижалар ўзбекистонлик мураббийлар ва мутахассислар спортчиларни комплекс мусобақаларга тайёрлашни тўғри йўлга қўйганини кўрсатди.

    – Осиё ўйинларида юқори натижаларни қўлга киритиб, Ватанимиз шарафини яна бир бор улуғлаганимдан хурсандман, – деди қитъа ва жаҳон, Олимпия ҳамда Осиё ўйинлари ғолиби Баҳодир Жалолов. – Биз минглаб спорт мухлислари, халқимизнинг ишончи ва қўллаб-қувватлашини ҳис қилган ҳолда беллашувларга киришдик. Осиё ўйинларидаги муваффақиятимиз мамлакатимизда спортни ривожлантириш, нуфузли спорт мусобақаларида муносиб иштирок этиш учун яратилаётган кенг имкониятлар туфайлидир.

    Ҳа, спортчиларимиз Ханчжоудаги Осиё ўйинларида ўз маҳорати, тажриба ва салоҳиятини намоён этиб, Ватанимиз шарафини муносиб ҳимоя қилди. Бу мамлакатимизда спортни ривожлантиришга қаратилаётган юксак эътибор ва ғамхўрлик самарасида ўзбек спортининг ёрқин келажагини таъминлашга қодир спортчилар тарбияланаётгани, уларни келгусида янада юксак ғалабалар кутиб турганидан далолатдир.

    Шу ўринда айтиш лозимки, 2018 йили Индонезияда ўтган XVIII Осиё ўйинларида спорт делегациямиз 20 та олтин, 24 та кумуш ва 25 та бронза, жами 69 та медални қўлга киритганди. Ханчжоу баҳсларида эса ҳамюртларимиз 22 та олтин, 18 та кумуш ва 31 та бронза, жами 71 та медалга сазовор бўлди.

    Бу галги Осиё ўйинларида 27 мамлакат вакиллари олтин медални қўлга киритган бўлса, 41 та давлат спортчилари камида битта совринли ўрин соҳиби бўлди. Ханчжоудаги мусобақалар давомида бир қатор спорт турлари бўйича 13 та жаҳон рекорди янгилангани ҳам Осиё ўйинларининг тарихий кўрсаткичи бўлди. Осиё ўйинларида Таиланд 1000 нафар, Ҳиндистон 700 га яқин, Қозоғистон делегацияси 527 нафарни ташкил этганини инобатга олсак, 370 дан зиёд спортчи билан қатнашган вакилларимиз бор имкониятларидан унумли фойдаланиб, муносиб натижага эришгани таҳсинга лойиқдир.

    Осиё ўйинларида ҳамюртларимиз Хитой Тайпейи, Баҳрайн, Шимолий Корея, Гонконг, Эрон, Индонезия, Қозоғистон, Қатар, Сингапур, Малайзия, Вьетнам, Кувайт каби спорт соҳасида ривожланган давлатларни ортда қолдириб, умумжамоа ҳисобида Хитой Халқ Республикаси, Япония, Жанубий Корея ва Ҳиндистондан кейин фахрли бешинчи ўринни эгаллаб, Ўзбекистон спорти тарихида яна бир ёрқин саҳифа очди. Айни ҳолат спортчиларимизни 2024 йили Францияда бўладиган ёзги Олимпия ўйинларида, 2026 йили Япониянинг Аичи-Нагоя шаҳрида ўтадиган XX Осиё ўйинларида бунданда юксак муваффақиятларга эришишига мустаҳкам замин ҳозирлаши шубҳасиз.

    Тантанали маросимда Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси О.Абдураҳмонов иштирок этди.

    No date selected
    ноябр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates