Ўзбекистон тўқимачилик ва тикув-трикотаж корхоналари вакиллари Италия бозорини забт этиш имкониятларини ўрганмоқда

    Мамлакатимиз элчихонаси кўмагида Ўзбекистон Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги ҳамда юртимиздаги йирик тўқимачилик ва тикув-трикотаж корхоналари вакилларидан иборат делегациясининг Италияга бизнес-миссияси ташкил этилди.

    Ўзбекистон тадбиркорларининг сафарлари Италиянинг Прато шаҳридан бошланди. Улар ушбу ҳудудда ишлаб чиқариш ва савдо фаолиятини юритиб келаётган қатор компаниялар, фаолияти билан яқиндан танишдилар.

    Айтиш жоизки, машҳур Флоренция шаҳри яқинида жойлашган Прато саноат ҳудуди (5 мингдан ортиқ корхоналар) нафақат Италиянинг, балки дунё миқёсидаги тўқимачилик ва тикувчиликка ихтисослашган ишлаб чиқариш ва савдо маркази ҳисобланади. Прато саноат ҳудудининг йиллик экспорт ҳажми 2,3 миллиард евродан ошади.

    Маҳаллий тадбиркорлар билан тавсия этилган нарх ва номенклатура асосида тижорий таклифлар ишлаб чиқилиб, Италия бозорига тақдим этишга келишилди.

    Мамлакатимиз вакиллари, шунингдек, Жанубий Италиянинг Апулия вилоятидаги Мартина Франка, Бриндизи ва Локоротондо тикувчилик ҳудудлари корхоналари билан танишдилар. Бу ерда 3,7 мингдан ортиқ корхоналар жойлашган бўлиб, тайёр маҳсулот экспорти ҳажми 850 миллиондан евродан зиёдни ташкил қилади.

    Ўзбекистон делегациясини Мартина Франка шаҳри мэри Жанфранко Пальмизано қабул қилди. Мэр икки мамлакат тўқимачилик ва тикувчилик корхоналари ўртасида самарали ҳамкорлик ўрнатилишига умид билдирди.

    Сафар давомида Жанубий Италия корхоналари раҳбарлари билан музокара ўтказилди. Италия томонининг таъкидлашича, Апулия вилоятининг тикувчилик тармоғи машҳур италян брендлари буюртмаларини катта ҳажмда бажариб, уларнинг янги коллекцияларини ишлаб чиқишда ҳар томонлама кўмаклашади. Бу ердаги корхоналар "Prada", "MaxMara", "Versace" ва бошқа брендлар учун янги маҳсулот намуналарини мижозларнинг дизайн ва сифат талаблари асосида ишлаб чиқиб, саноат ҳажмларида етказиб беради.

    Мамлакатимизнинг трикотаж мато, пахта асосидаги калава ип, маиший текстиль, тайёр ва ярим тайёр маҳсулотлари намуналари Италия тадбиркорларида катта қизиқиш уйғотди. Уларнинг айтишича, Ўзбекистон маҳсулотлари Апулияда унча танилмаган эканлигига қарамасдан, бундай маҳсулотлар Италиянинг ихтисослашган бозорида ўз талабига эга.

    Италия корхоналари вакилларининг Ўзбекистонга миссиясини ташкил этиш, сафар давомида республика корхоналарининг ишлаб чиқариш жараёнлари билан бевосита танишиш ҳамда ўзбек маҳсулотларини Италияда дистрибьюторлик асосида савдосини ташкил қилишга келишилди.

    Мамлакатимиз ишлаб чиқарувчиларининг Европа мамлакатларига бизнес-миссияси давом этмоқда.

    No date selected
    январ, 2025
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates