Дастурга мувофиқ дастлаб учала мамлакат ишбилармон доираларининг 400 дан ортиқ вакиллари иштирокида илк бор уч томонлама форматда ўтказилган бизнес-форум бўлиб ўтди.
Бизнес вакилларига Ўзбекистон сармоявий жозибадорлигининг муҳим жиҳатлари, жумладан, имтиёзлар ва преференциялар, малакали ва ўқимишли ишчи кучи, қазилма бойликлари, диверсификацияланган саноат, минтақавий ва Европа бозорларига имтиёзли чиқиш, Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлиш бўйича фаол ҳаракатлари ҳақида батафсил маълумотлар берилди. Шунингдек, хорижий инвесторларда катта қизиқиш уйғотган жозибадор лойиҳалар портфели тақдим этилди.
Кун тартибига мувофиқ, шу куннинг ўзида Ўзбекистон, Туркия ва Озарбайжон ташқи ишлар, савдо ва транспорт вазирларининг уч томонлама учрашуви бўлиб ўтди.
Охирги беш йилда уч давлат ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми қарийб 45 фоизга ўсди ва 2024 йилда 3,2 миллиард долларни ташкил этди. Инвестицион ҳамкорлик ҳам муваффақиятли ривожланиб боряпти – Ўзбекистонда Туркия ва Озарбайжон капитали иштирокидаги 2 100 та корхона фаолият кўрсатяпти, бу 2020 йилга нисбатан 2,5 баробар кўпдир. Айни пайтда Туркия ва Озарбайжонда Ўзбекистон сармояси иштирокидаги 577 қўшма корхона муваффақиятли фаолият юритиб келяпти.
Лазиз Кудратов йиғилиш иштирокчилари эътиборини янада юқори натижаларга эришиш учун мавжуд иқтисодий салоҳиятдан тўлиқ фойдаланиш муҳимлигига қаратган ҳолда, мамлакатлар ўртасидаги ҳамкорликни янада ривожлантиришнинг истиқболли йўналишларига қаратди.
Бу, биринчи навбатда, 140 миллион кишилик умумий бозордан самарали фойдаланиш орқали савдо алоқаларини ривожлантиришдир. Сертификатлаштириш ва божхона тартиб-таомилларини соддалаштириш ва рақамлаштириш, тариф ва нотариф тўсиқларни бартараф этиш, уч мамлакат учун умумэътироф этилган халқаро стандартлар ва сертификатларни жорий этиш муҳимлиги таъкидланди.
Яна бир муҳим йўналиш – саноат кооператциясини ривожлантириш, юқори қўшимча қийматга эга маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳажмини оширишдир. Ўзбекистонда ҳар қандай мураккабликдаги лойиҳаларни кейинчалик маҳаллий ва минтақавий бозорларга чиқиш орқали амалга ошириш имконини берувчи имтиёзли молиявий ва инфратузилма шароитларига эга эркин иқтисодий зоналар ташкил этилганлиги таъкидланди.
Учрашувда Туркия ва Озарбайжоннинг тегишли вазирликлари раҳбарларининг ҳам маърузалари тингланди, кўп қиррали ҳамкорликни ривожлантиришнинг долзарб масалалари юзасидан конструктив фикр алмашилди ва мамлакатлар ўртасидаги сармоявий ҳамда савдо-иқтисодий ҳамкорликни янада ривожлантириш йўналишларини акс эттирувчи Анқара декларациясини имзолаш маросими бўлиб ўтди.
Ташриф доирасида Лазиз Кудратов Туркия Савдо вазири Омер Болат, Озарбайжон Савдо вазири Микайил Жабборов, Hektaş, «Ostim» EIZ, BCM, Sham Yapi, Yildizlar Group каби йирик компаниялар раҳбарлари билан қатор икки томонлама учрашув ва музокаралар ўтказди, деб хабар беради Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги матбуот хизмати.