Грузия Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларни хорижий мамлакатлар бозорларига олиб чиқиш учун муҳим транзит давлат ҳисобланади. Ўзбекистон бу мамлакатга автомобиллар, тўқимачилик маҳсулотлари, маиший техника жиҳозлари экспорт қилиш ва жаҳон бозорига чиқишдан манфаатдор.
Бугунги кунда Грузия давлат хизматлари, хусусан, электрон ҳукумат соҳасида юқори натижаларга эришаётган давлатлар қаторига киради. Шу боис, яқинда Ўзбекистон ҳукумати делегацияси Грузияда ишчи ташриф билан бўлиб қайтди.
Адлия вазири ўринбосари Худоёр МЕЛИЕВ билан ушбу ташрифнинг асосий мақсади ва қайси соҳалардаги йўналишлар ўзаро муҳокама қилингани борасида суҳбатлашдик.
— Ўзбекистон делегациясининг Грузияга ташрифи икки томонлама ҳамкорликни янада ривожлантиришга туртки берди, — дейди Х.Мелиев. — Адлия ва ҳуқуқ, давлат бошқарувидаги кенг кўламли ислоҳотларни амалга оширишда адлия органлари муҳим ўрин тутади. Хусусан, Ўзбекистон — Грузия Адлия вазирликлари ўртасида ўзаро тажриба алмашиш ҳамда мавжуд идоралараро муносабатларни янада чуқурлаштириш ва мустаҳкамлаш бугунги кунда вазирликнинг муҳим вазифаларидан бири ҳисобланади.
Ташриф дастурига мувофиқ, делегация аъзолари турли вазирлик ва идорaларда учрашувлар ўтказиб, улар фаолияти билан яқиндан танишди.
Жумладан, Грузия адлия вазирининг биринчи ўринбосари билан бўлган учрашувда давлат хизматларини кўрсатишни такомиллаштириш, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни коррупцияга қарши экспертизадан ўтказиш, ҳуқуқий ахборотни тарқатиш ва уларнинг мазмун-моҳиятини аҳолига етказиш, давлат хизматчилари ҳуқуқий саводхонлигини ошириш борасидаги янгиликлар ва амалий жараён билан қизиқдик.
— Икки давлат Адлия вазирликлари ўртасидаги ўзаро ўхшашлик айнан қайси жиҳатларда кўринади? Шу ҳақда батафсилроқ маълумот берсангиз.
— Грузия Адлия вазирлиги тузулмасига эътибор қаратсак, биздаги каби кўплаб ўхшаш фаолият йўналишлари мавжудлигини, жумладан, нафақат ҳуқуқ соҳасида, балки аҳолига давлат хизматлари кўрсатиш соҳасида ҳам юқори натижаларга эришилганини айтиш мумкин.
Грузия давлат хизматлари кўрсатиш модели – “Давлат хизмати хусусий хизматлардан фарқ қилмаслиги ва бир хил даражада қулайлик, тезлик ва сифатга эга бўлишга эътибор қаратиши керак” концепцияси асосида 2012 йил 21 сентябрда Тбилиси шаҳрида Давлат хизматлари зали, яъни Адлия уйи ташкил этилган.
Адлия уйи биносида Адлия вазирлиги ҳам жойлашган бўлиб, 400 дан ортиқ ходим фаолият юритади ва 470 дан ортиқ давлат хизмати кўрсатилади.
Адлия уйи дастлаб бир неча давлат органлари, яъни Фуқароликни рўйхатга олиш агентлиги, Давлат рўйхатга олиш миллий агентлиги (кўчмас мулк ва бошқа мол-мулкларни рўйхатга олиш), Миллий архив, Ижро этиш миллий бюроси, Нотариат палатаси хизматларини интегрaция қилган ҳолда, бу хизматларни бир бинода кўрсатиш учун ташкил этилган.
Ўзбекистонда 2017 йил декабрдан “Ягона дарча” марказлари Давлат хизматлари марказлари (ДХМ) сифатида қайта фаолият бошлаган.
Бизда давлат хизматлари соҳасидаги ислоҳотларни муваффақиятли амалга ошириш ва юридик жиҳатдан таъминлаб бориш учун ДХМлар Адлия вазирлиги тизимида ташкил этилди.
Давлат хизматлари кўрсатишда “фуқаролар эмас, ҳужжатлар ҳаракатланади” тамойили белгиланди. Ушбу соҳани тартибга солувчи мустаҳкам ҳуқуқий база шакллантирилди. Хусусан, “Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида”ги, “Лицензиялар, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари тўғрисида”ги қонунлар, ҳар бир хизмат бўйича маъмурий регламентлар қабул қилинди.
Амалга оширилган ҳуқуқий, ташкилий комплекс чоралар натижасида марказларимиз аҳоли муаммоларини ҳал қилишнинг, давлат ташкилотлари ва фуқаролар ўртасидаги муносабатларни соддалаштириш марказига айланди.
2018 йил 1 январда фаолият бошлаган пайтда ДХМ томонидан дастлаб 37 турдаги хизмат кўрсатилган бўлса, ҳозирда бу кўрсаткич 300 дан ортиқ.
— Грузия давлат хизматлари кўрсатишда қандай ютуқларга эришган ва ушбу соҳада уларнинг қайси ютуқлари эътиборингизни тортди?
— Адлия уйидаги ўз-ўзига хизмат кўрсатиш бурчаклари, ўз-ўзини суратга олиш кабинкалари, ҳар бир хона ва эшик олдида кўзи ожизлар учун зал ҳақидаги маълумотлар махсус тахтаси ўрнатилгани эътиборлидир.
Бир нечта банкомат (тўловларни амалга ошириш, нақд пул олиш, валюта айирбошлаш мақсадида) ташриф буюрувчилар фойдаланиши учун хизмат қилмоқда. Қолаверса, тижорат банки офиси жойлашган ва аҳолига банк хизматлари, жумладан, валюта айирбошлаш хизматлари кўрсатилади. Маҳаллий аҳоли вакиллари ва чет элликлар учун алоҳида-алоҳида йўлаклар ташкил этилгани эътиборга молик.
Яна бир ўзига хос жиҳати Адлия уйида “Just cafe” ташкил этилган. Бу ерда фуқаролар учун овқатланиш билан бирга барча турдаги давлат хизматларидан фойдаланиш имконияти мавжуд. Бунинг учун сизга алоҳида ходим ажратилади ва олдингизга келиб тегишли мурожаатни қабул қилади. Овқатланиб ёки қаҳва ичиб бўлгунга қадар ҳужжатлар тайёр бўлади. Бунда фуқародан таом учун ҳам тўлов қилиш талаб этилади.
Таъкидлаш керакки, мазкур тажрибани ўзимизда ҳам татбиқ этиш мақсадида ташкилий ишлар бошлаб юборилган. Хусусан, адлия вазирининг тегишли буйруғи билан давлат хизматлари кўрсатувчи марказларимизда “Навбатсиз хизмат масканлари”ни ташкил этишнинг ҳуқуқий асоси белгиланди. Эндиликда фуқаролар қўшимча тўлов эвазига “Навбатсиз хизмат масканлари” учун ажратилган хонага кириб, исталган хизматдан навбатсиз фойдаланиши, бир вақтнинг ўзида қўшимча қулайликлардан фойдаланиши мумкин, бунда фуқароларга алоҳида ходим томонидан хизмат кўрсатилади.
Шунингдек, Грузияда Адлия уйининг мамлакат бўйлаб 117 филиали мавжуд бўлиб, уларга кунига 20 мингдан ортиқ мижоз (маҳаллий ва хорижлик фуқаролар) ташриф буюради.
Давлат хизматлари ҳудудларга нафақат филиаллар орқали, балки сайёр тарзда чиқиш орқали ҳам кўрсатилади. Сайёр хизматга махсус жиҳозланган микроавтобусларда борилади ва ариза юбориш билан бирга, жавобини ҳам шу жойнинг ўзида тақдим этиш имкони яратилган.
Асосий жиҳатлардан яна бири, онлайн давлат хизматларини кўрсатиш вазифаси ҳам Адлия вазирлигига юклатилганидир. Адлия вазирлиги таркибида Рақамли бошқарув агентлиги ташкил этилган бўлиб, унинг асосий вазифаларидан бири ягона электрон хизматлар портали орқали фуқароларга онлайн давлат хизматларини кўрсатиш ҳамда ушбу соҳада ягона давлат сиёсатини амалга ошириш ҳисобланади.
— Демак, Грузия Адлия вазирлигида онлайн хизматлар кўрсатиш соҳасини юритиш бўйича алоҳида агентлик ташкил этилган. Айтингчи, вазирлик таркибида давлат хизматларини кўрсатиш бўйича яна қандай тузилмалар мавжуд ва уларнинг асосий вазифалари нималардан иборат?
— Грузия Адлия вазирлиги ҳузурида Давлат хизматларини ривожлантириш агентлиги ҳам фаолият юритади. Агентликнинг асосий вазифалари давлат хизматларини ривожлантириш, хусусий секторда инновацион хизматларни жорий этиш ҳамда фуқароларни рўйхатдан ўтказиш жараёнларини оптималлаштириб боришдан иборат.
Бизнинг эътиборимизни тортган яна бир муҳим жиҳат, мазкур агентлик томонидан Аҳоли реестри юритилиши бўлди. Бу ўз ичига аҳолини умумий рўйхатдан ўтказиш, фуқаролик ҳолати далолатномаларини рўйхатга олиш, шахсни тасдиқловчи ҳужжатларни тақдим этиш, фуқаролик масалалари билан боғлиқ жараёнларни бошқариш, миграция ҳамда ҳужжатларни апостил ва легализация қилишни қамраб олади.
Ўзбекистонда ҳам ҳозирда ушбу амалиётни йўлга қўйиш бўйича зарур чоралар кўрилмоқда. Хусусан, аҳолининг ягона реестрини шакллантириш ва юритишга оид тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси ишлаб чиқилиб ҳукуматга киритилган.
Бу аҳолининг ягона рўйхатини юритиш, тегишли маълумотларни бир тизимда жамлаш ва улардан фойдаланиш имконини яратиши билан бир қаторда давлат хизматлари кўрсатиш соҳасида ҳам туб бурилиш ясайди.
— Бу маълумотлардан Грузияда мазкур соҳада бир қатор сезиларли ютуқларга эришилганини кўриш мумкин. Айтинг-чи, юртимизда ушбу соҳада қандай ютуқларга эришилди ва ўзаро ўхшаш жиҳатлар нималарда намоён бўлади ?
— Аввал таъкидлаганимиздек, аҳолининг давлат хизматларидан кенг фойдаланишини таъминлаш, хизмат кўрсатиш билан боғлиқ вақт ва молиявий харажатларни камайтириш борасидаги ислоҳотлар Грузияга нисбатан кеч бошланишига қарамай, юқори натижаларга эришилди, деб айтиш мумкин.
Барча туман ва шаҳарларимизда ДХМлар ташкил этилди. Уларнинг 184 таси учун энг замонавий бинолар қурилиб, фойдаланишга топширилди, қолганларини якунлаш ишлари олиб борилмоқда.
Туман (шаҳар) марказларидан 50–100 километр узоқ, тоғли ҳудудларда 138 филиал фаолият юритиб келмоқда. Улар маҳаллий аҳолининг узоғини яқин қилмоқда.
Фуқароларда онлайн хизматлардан фойдаланиш кўникмасини ошириш мақсадида ҳар бир марказимизда ўз-ўзига хизмат кўрсатиш бурчаклари ташкил этилган. Бунда фуқароларимизга my.gov.uz сайти орқали хизматлардан мустақил фойдаланиш учун зарур амалий ёрдам кўрсатилади.
Аҳоли ортиқча овора бўлишининг олдини олиш ҳамда идорама-идора сарсон бўлиб юришига йўл қўймаслик мақсадида хизматларни “комплекс тарзда” кўрсатиш йўлга қўйилди. Бу фуқаронинг битта сўрови асосида ўзаро боғлиқ давлат хизматларини композит шаклда, яъни бир пайтда тақдим этишдир.
Давлат ташкилотларининг ўз ташаббуси билан фуқароларга муайян вазиятда керакли хизматдан фойдаланишни таклиф қилишини назарда тутувчи проактив давлат хизматлари кўрсатилиши йўлга қўйилди.
— Айтингчи, ташриф якуни бўйича қандай ижобий натижаларга эришилди ва ушбу соҳаларда ҳамкорликнинг келгуси босқичлари нималардан иборат бўлиши режалаштирилмоқда ?
— Икки давлат Адлия вазирликлари ўртасида 2024–2025 йилларга мўлжалланган ҳуқуқ ва адлия соҳасида ҳамкорлик бўйича чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилмоқда.
Бу режада маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан қарорларни ишлаб чиқиш ва қабул қилиш, давлат органлари ва ташкилотлари юридик хизматлар фаолиятини ташкил этиш, коррупцияга қарши курашиш, юристлар малакасини ошириш, маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисидаги қонунчиликни амалиётда қўллаш билан бир қаторда Грузиянинг Адлия уйи тажрибасини ўрганиш юзасидан ҳамкорликни янада кучайтириш ва тажриба алмашинувини йўлга қўйиш бўйича бир қанча вазифалар белгиланган.
Шунингдек, нафақат биз уларга, балки грузиялик ҳамкасбларимиз ҳам Ўзбекистонда давлат хизматлари соҳасида амалга оширилаётган ишларга қизиқиш билан қарамоқда.
Хусусан, бугунги кунда Адлия вазирлиги биносида “Ситуацион марказ” фаолияти йўлга қўйилган бўлиб, унда республика бўйича барча марказ ва ФҲДЁ бўлимлари фаолиятини реал вақт режимида кузатиб бориш имконияти яратилган. Грузия Адлия вазирлиги вакиллари ушбу “Ситуацион марказ” фаолияти билан яқиндан танишиш истагини билдирди.
“Янги Ўзбекистон” мухбири
Лутфулла СУВОНОВ суҳбатлашди.