Ўзбекистон ва Индонезия ўртасида авиақатновлар соҳасида янги келишув имзоланди

    Транспорт вазирлиги матбуот хизматининг хабар беришича, Ўзбекистон ва Индонезия авиация ҳукуматлари ўртасида янги келишув имзоланди.

    Қайд этилишича, “Ўзбекистон – 2030” стратегиясининг 53-мақсадига мувофиқ, 2030 йилга қадар авиақатновлар ҳажмини тўрт баробарга ошириш белгиланган. Мазкур мақсадга эришиш йўлида амалга оширилаётган ишлар доирасида Транспорт вазирлиги делегациясининг навбатдаги учрашуви Индонезиянинг Жакарта шаҳрида бўлиб ўтди.

    Учрашувда Ўзбекистон ва Индонезия Республикаси авиaция ҳукуматлари ўртасида икки томонлама ҳамкорликни ривожлантириш, хусусан, ҳаво қатновлари йўналишини кенгайтириш масалалари муҳокама этилди.

    Музокараларда икки мамлакат Транспорт вазирликлари ва Ташқи ишлар вазирликлари вакиллари, шунингдек, Ўзбекистоннинг Индонезиядаги элчиси О.Эшонoв, “Garuda Indonesia”, “Air Asia”, “Batik Air” каби авиакомпаниялар вакиллари иштирок этди.

    Учрашувда қуйидаги масалаларга алоҳида эътибор қаратилди:

    • Ҳаво қатнови тўғрисидаги икки томонлама битимдаги авиакомпаниялар сони ҳамда парвоз манзилларига қўйилган чекловларни бекор қилиш;
    • Мунтазам авиақатновларни қайта тиклаш ва парвозлар географиясини кенгайтириш;
    • Тайинланган авиакомпанияларга тегишли ҳуқуқларни тақдим этиш;
    • Ўзбекистонда амалга оширилаётган “Зиёрат туризми” ва фуқаро авиацияси соҳасидаги ислоҳотлар ҳақида маълумот бериш;
    • “Umra Plus” дастурини амалга ошириш ва Ўзбекистон аэропортлари орқали Индонезия туризм шаҳарларига туристларни ташишни йўлга қўйиш.

    Музокаралар якунида авиaция ҳукуматлари ўртасида қуйидаги келишувларга эришилди:

    1. Ҳаво қатнови тўғрисидаги икки томонлама битимдаги авиакомпаниялар сонига доир чекловларни бекор қилиш ва ушбу шартни ваколатли органлар имзолаган келишув асосида кучга киритиш.
    2. Битимга киритиладиган ўзгаришларни мамлакат ичидаги келишувлар ёки дипломатик ноталар алмашинуви орқали қабул қилиш, бу жараён тугагунга қадар парвозларни янги келишув доирасида амалга ошириш.
    3. Ўзбекистон тайинлаган авиакомпаниялар учун Жакартадан ташқари Денпасар, Сурабая, Медан, Йогякарта, Мажаленгка, Банда Асех, Танджунг Пандан, Ломбок ва исталган яна икки шаҳарга парвоз қилиш ҳуқуқини бериш.
    4. Индонезия тайинлаган авиакомпаниялар учун Ўзбекистоннинг барча халқаро аэропортларига парвоз қилиш ҳуқуқини бериш.
    5. 1995 йилда имзоланган “Келишув” шартларига кўра ҳафтасига уч марта белгиланган авиақатновлар сонини янги келишув асосида ҳар бир томон учун 28 тагача ошириш (жами 56 та), уларнинг ярми йўловчи, қолган ярми юк ташиш учун белгиланади.
    6. Барча авиакомпанияларга ҳаво кемаси ёки юк/йўловчи сиғими бўйича чекловларсиз парвоз қилишга рухсат бериш.
    7. 1995 йилдаги келишувни бекор қилиш ва янги шартлар асосида барча парвозларни амалга ошириш.
    8. Денпасар йўналишидаги парвозларнинг 50 фоизини Code Share асосида амалга ошириш.
    9. Юк ташиш учун учинчи, тўртинчи ва бешинчи даражали ҳаво эркинликларини берилишини таъминлаш.
    10. Кейинчалик авиақатновлар ҳажмини ошириш ва қўшимча авиакомпанияларни тайинлаш масалаларини ўзаро хат алмашинуви орқали ҳал этиш.

    Ушбу келишувлар келгусида икки давлат ўртасида ҳаво қатновларини кенгайтириш, “Umra Plus” дастурини амалга ошириш орқали зиёрат туризмини ривожлантириш, юк ва йўловчи ташиш ҳажмини ошириш, шунингдек, туристлар ва тадбиркорлар ҳаракатини эркинлаштиришга хизмат қилади.

    Маълумот ўрнида: Бугунги кунда Ўзбекистоннинг “Qanot Sharq” авиакомпанияси “Asialux Travel” туризм компанияси билан ҳамкорликда Тошкент – Денпасар (Бали) йўналишида мавсумий чартер рейсларини амалга ошириб келмоқда.

    Ҳозирда Ўзбекистоннинг Индонезиядаги элчихонаси томонидан мамлакат туризм салоҳиятини кенг тарғиб қилиш ва хорижий сайёҳлар талабини ошириш мақсадида Индонезия бозорида фаол ишлар олиб борилмоқда.

    No date selected
    декабр, 2025
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates