Учрашувда А.Абдуҳакимов Ўзбекистон Хитой Халқ Республикаси қум бўронлари ва чўлларни назорат қилиш бўйича миллий кенгаши, шунингдек, Хитой Фанлар академиясининг Шинжон экология ва география институти билан қурғоқчил ҳудудларни ривожлантиришга қаратилган технологияларни амалга оширишда яқиндан ҳамкорлик қилишга тайёрлигини билдирди. Бундан ташқари, вазир Хитойнинг ушбу соҳадаги етакчи олим ва мутахассисларини Тошкентдаги Марказий Осиё атроф-муҳит ва иқлим ўзгаришини ўрганиш университети («Green University»)га ишлашга таклиф қилди.
Маълумот учун, аввалроқ Ўзбекистон Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги делегацияси Хитойнинг Урумчи ва Карамай шаҳарларида бўлиб, Хитой Фанлар академияси Шинжон экология ва география институти фаолияти билан танишган эди. Хитой томони чўл ва қурғоқчил ҳудудлар экотизимларини сақлаш ва тиклаш соҳасидаги ютуқлар, жумладан, қишлоқ хўжалиги эҳтиёжлари учун келгусида фойдаланиш учун тупроқни шўрлантириш технологияларини намойиш этганди.
Учрашув якунида томонлар Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил январь ойида ХХРга расмий ташрифи чоғида имзоланган атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида ҳамкорлик тўғрисидаги ҳукуматлараро битимни амалга оширишни жадаллаштириш мақсадида қўшма ишчи гуруҳ тузишга келишиб олдилар, деб хабар беради Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги.