Нашрларда қайд этилишича, Конституциявий ислоҳотлар 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида белгиланган адолатли ва чинакам халқпарвар давлатни барпо этишда муҳим аҳамиятга эга бўлган вазифаларни ҳаётга татбиқ этишда мустаҳкам пойдевор бўлишга хизмат қилади.
Хитой ОАВ эълон қилган материалларда Асосий қонунни Ўзбекистон жамиятининг замонавий воқеликлари билан уйғунлаштириш, мамлакатни очиқ ва жадал ривожланаётган давлатга айлантирган Президент Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида амалга оширилаётган изчил ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти Ўзбекистон учун устувор вазифа эканлиги қайд этилган.
Мақолаларда «Инсон – жамият – давлат» тамойили асосида амалга оширилаётган конституциявий ислоҳотларнинг асосий йўналишлари чуқур таҳлил қилинган. «Ўзбекистон – ижтимоий давлат» ғояси ўз ифодасини топган ижтимоий соҳани ривожлантириш ва ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, давлатнинг бу борадаги масъулиятини кучайтириш устувор вазифа этиб белгилангани таъкидланган.
«Ислоҳотлар жараёнининг муҳим йўналиши эркин ва адолатли фуқаролик жамиятини ривожлантириш билан боғлиқ. Ташкилий жиҳатдан бу ўзбек халқига эзгу миллий анъаналар, маънавиятни асраб-авайлаш, ёш авлодни асрлар давомида дўстлик ва яхши қўшничилик, инсонпарварлик ва бағрикенглик руҳида тарбиялаш имконини берувчи маҳалла институтини мустаҳкамлашга асосланади», деб ёзади Хитой журналлари. Бу ҳақда «Дунё» АА хабар беради.