Ўзбекистонда диний бағрикенглик соҳасидаги ўзгаришлар Миср нашрида эътироф этилди

    Халқаро ҳамкорлик 16 феврал 2023 2087

    Мисрда нашр этиладиган «Сада аль-Балад» газетасининг интернет тармоғидаги саҳифасида Ўзбекистоннинг диний бағрикенглик соҳасидаги ислоҳотларига бағишлаган мақола жойлаштирилди.

    Унда Ўзбекистонда истиқомат қиладиган 130 дан ортиқ миллат ва элат вакиллари 16 конфессияни ташкил қилиши қайд этилган бўлиб, уларнинг барчаси ўз миллий урф-одатлари, анъаналари ва маданиятини авайлаб асраш ва ривожлантириш салоҳиятига эга. Жамият жипслигининг асосини Ўзбекистон ҳудудида яшовчи халқлар маданиятининг уйғунлиги ташкил этади.

    Материалда 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси доирасида мамлакатда миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни мустаҳкамлашга қаратилган қатор ишлар амалга оширилгани алоҳида таъкидланган.

    «Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 2017 йил 19 сентябрь куни БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясидаги нутқида «Маърифат ва диний бағрикенглик» махсус резолюциясини қабул қилиш ташаббусини илгари сурган эди. Ушбу резолюция БМТ Бош Ассамблеяси томонидан 2018 йил 12 декабрда мақулланган», деб ёзади манба.

    Ўзбекистон Президентининг 2018 йил 16 апрелдаги «Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони билан Дин ишлари бўйича кенгашнинг янгиланган таркиби, Қўмита ҳузурида фаолият юритувчи жамоатчилик маслаҳат органи бўлган нашрлар маъқулланди. Шундай қилиб, Кенгаш аъзолари сони Ўзбекистонда мавжуд бўлган ҳар бир диний жамоа вакиллари сонига кўра 9 нафардан 17 нафарга оширилди.

    «Тошкент ислом университети ва Ўзбекистон ислом академияси негизида Ўзбекистон халқаро ислом академияси ташкил этилди. Халқаро ислом академияси тузилмасида Қорақалпоғистон Республикаси, Самарқанд, Наманган ва Сурхондарё вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳрида ҳудудий филиалларига эга бўлган Илғор тадқиқотлар маркази ташкил этилди. Ўзбекистон халқаро ислом академияси ҳузурида «Зиё» маркази мамлакатнинг асосий медиа тузилмаси сифатида ташкил этилгани, аждодларимиз динининг асл инсоний мазмун-моҳиятини кенг тарғиб этиб, ислом ва жаҳон цивилизациясига оид илмий мерос, маърифий ҳаёт янгиликларидан аҳолини хабардор қилиш борасидаги муҳим воқеалардан бири бўлди», деб ёзади «Сада аль-Балад».

    Мақолада, шунингдек, Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳузурида «Вақф» хайрия жамоат фонди ташкил этилгани ҳам маълум қилинган. Унинг вазифаларига масжидлар ва диний таълим муассасалари биноларини қуриш, таъмирлаш, моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, реконструкция қилиш, сақлаш, таъмирлаш ва ободонлаштириш, тарихий-меъморий аҳамиятга эга бўлган муқаддас қадамжоларни, уларнинг инфратузилмасини янада ривожлантириш, масжидлар ва зиёратгоҳлар ходимларини моддий ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш кириши қайд этилган.

    Материалда Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, Самарқанд шаҳрида Имом ал-Бухорий номидаги халқаро илмий-тадқиқот маркази, Термиз шаҳрида Имом ат-Термизий номидаги халқаро илмий-тадқиқот маркази ташкил этилгани ҳақидаги маълумотлар ҳам ўқувчилар эътиборига ҳавола қилинган. «Турли ҳудудларда калом, ҳадис, ислом ҳуқуқи, илоҳиёт ва тасаввуф илмларини ўрганиш учун ихтисослаштирилган ислом илмий мактаблари очилди. Бундан ташқари, мамлакатда насронийлар маркази, христиан-баптистлар черковлари иттифоқи ва бошқа диний ташкилотлар ҳам фаолият кўрсатмоқда», деб ёзади манба.

    Миср газетаси Ўзбекистонда қатор диний таълим муассасалари фаолият кўрсатаётгани ҳам маълум қилинар экан, Тошкент ислом институти, «Мир Араб» олий мадрасаси, Тошкент православ диний семинарияси ва бошқа таълим муассасалари санаб ўтилган.

    Мақола интиҳосида «Ушбу муассасалар илм-фан ва ислом цивилизацияси ривожига беқиёс ҳисса қўшган аждодларнинг бой маънавий меросини ўрганишни юксалтириш, таълим тизимини модернизация қилиш, диний эътиқод ва виждон эркинлиги, бағрикенглик ва ўзаро ҳамжиҳатлик, маърифат ва тарғибот-ташвиқот ишларини юксалтириш ва барқарорликни таъминлашга қаратилган», деб ёзади «Сада аль-Балад».

    No date selected
    декабр, 2025
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates