Ўзбекистонда гилос “яшил” усулда етиштирилади

    Лойиҳа 2023 йил охиригача якунланиши лозим.

    Тошкентда ФАОнинг алоҳида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришнинг “яшил” усулларини ривожлантириш бўйича “Бир мамлакат — битта устувор маҳсулот" Глобал ҳаракатлар дастурини амалга ошириш доирасида “Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқаришни яхшилаш учун инновацион ёндашувлар” лойиҳасининг кириш семинари бўлиб ўтди. Тадбирда миллий ва халқаро экспертлар иштирок этиб, Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги билан ҳамкорликда амалга ошириладиган лойиҳанинг мақсад ва вазифалари ҳақида сўз юритдилар.

    2022 йилнинг ноябрь ойида Римда ФАОнинг “Бир мамлакат – битта устувор маҳсулот” Глобал Ҳаракатлар дастурини амалга ошириш бўйича мамлакат лойиҳалари расмий равишда ишга туширилган эди. Асосий мақсад барқарор озиқ-овқат қиймати занжирларини яратиш, оилавий ҳамда майда фермер хўжаликларини даромад олиш ва турмуш даражасини яхшилаш бўйича қўллаб-қувватлаш, кимёвий воситалар ва табиий ресурслардан фойдаланишни минималлаштириш, озиқ-овқат маҳсулотларини йўқотилиши ва чиқиндига чиқишини камайтириш, атроф-муҳитга салбий таъсирларни чеклашдан иборат.

    Биринчи босқичга 70 дан ортиқ талабгор мамлакатлардан OCOP лойиҳаларини амалга ошириш учун бешта давлат аниқланди. Улар орасида Европа ва Марказий Осиё минтақаси вакили бўлган Ўзбекистон ҳам гилос етиштиришни ривожлантирмоқда. Лойиҳа 2023 йил охиригача якунланиши лозим. Ушбу бешта OCOP лойиҳаларини амалга ошириш учун танлаб олинган давлатлар алоҳида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқаришда тўпланган ўзларининг тажрибалари, инновациялари ва технологиялари билан ўртоқлашадилар. Алоҳида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари деганда маҳаллий миқёсда яхши маълум бўлган, кенг тарқалган ёки кам фойдаланиладиган ҳамда айни пайтда миллий, минтақавий ва халқаро бозорларда илгари суриш имкониятига эга бўлган маҳсулотлар тушунилади.

    — Ўзбекистонда йилига ўртача 180 минг тоннагача гилос етиштирилади, — деди ФАОнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари ўринбосари Шерзод Умаров. — Агроэкологик шароитлар бутун мамлакат бўйлаб кичик фермерларга кимёвий моддалардан минимал даражада фойдаланган ҳолда гилос етиштириш имконини беради. Бундан ташқари, гилос кўп тармоқли ва барқарор деҳқончилик тизимини, шунингдек, агроўрмончилик ва ўрмон яйловчилигини ривожлантириш имконини ҳам беради. Шундай қилиб, гилос яшил ва инклюзив ривожланиш бўйича катта салоҳиятга эга.

    Семинарда сўзга чиққанлар кичик фермер хўжаликларини қўллаб-қувватлаш бўйича OCOPни жорий этишнинг аҳамияти ҳақида тўхталишди. OCOPнинг ўзига хос бизнес модели кичик уй хўжаликларига озиқ-овқат маҳсулотларини барқарор кўпайтириш, шу орқали даромадларни ошириш ва пировардида уларнинг турмуш шароитини яхшилашга кўмаклашишга қаратилган.