Обуначилар сони ва аудиторияси катта бўлган бир нечта Интернет блоглари орқали Қашқадарё довонида техноген хавф туфайли содир бўлган бахтсиз ҳодиса видеотасвирлари турлича талқин ва тавсифлар билан кенг айлантирилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги ижтимоий тармоқларда ва Интернет маконида жамиятга салбий таъсир кўрсатувчи, шунингдек, ғайриоддий ҳаракатларга тарғиб қилувчи ёки ундовчи хабарларни тарқатиш Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига зид эканини эслатиб ўтди.
“Ахборотлаштириш тўғрисида” Қонуннинг 12 (1)-моддасига мувофиқ, ...шу жумладан, блогер ҳамма эркин фойдаланиши мумкин бўлган ахборот жойлаштириладиган Интернет жаҳон ахборот тармоғидаги ўз веб-сайтидан ва (ёки) веб-сайт саҳифасидан ...шафқатсизликни... ифодалайдиган ҳар қандай материалларни тарқатиш тақиқланган.
Шунингдек, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 189 (1)-моддаси ҳамда Жиноят кодексининг 130 (1)-моддасида бундай хабарларни тарқатганлик учун ёки жарима ёки мажбурий жамоат ишларига жалб қилиш ёхуд 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жавобгарликка тортиш белгиланган.
"Юқоридаги бахтсиз ҳодиса тафсилотлари изчил ёритилаётган ижтимоий тармоқ каналларига огоҳлантиришлар юборилганига қарамай, очиқ намойишли кадрлар ҳамон тарқатилмоқда.
Ахборот ва оммавий коммуникациялар агетлиги ўз ваколати доирасида барча ижтимоий тармоқлардаги каналлар ва саҳифалар маъмурларини, кенг жамоатчилик вакилларини амалдаги қонунчиликка риоя этишга чақиради. Қонунчилик талабларига риоя қилинмаган тақдирда тегишли чоралар кўриш учун ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат қилинади!", дейилади расмий муносабатда.