Ўзбекистонда тиббиёт тарихи ва ривожи

    "Янги Ўзбекистон" газетасининг шу йил 25 январь сонида Самарқанд давлат тиббиёт институти ректори, профессор Жасур Ризаевнинг "Ўзбекистонда тиббиёт тарихи ва ривожи" номли мақоласи чоп этилди. Қуйида уни ўқишингиз мумкин.

    Мамлакатимиз ҳудудида қадимда яшаган халқларнинг тиббиёти ҳақидаги дастлабки ёзма маълумотларни зардуштийлар китоби “Авесто”дан топамиз. Унинг “Вендидат” бобида ёзилишича, биринчи бўлиб Трита исмли киши табиблик билан шуғулланган. Айни пайтда Трита “хаома” деб аталувчи маст қилувчи ва наркотик хусусиятга эга ичимликни кашф этган ҳамда уни ҳаёт ва саломатлик манбаи деб атаган. “Авесто”да одам анатомияси ва физиологияси ҳақида ҳам баъзи маълумотлар мавжуд. Унда одам гавдаси суяк, мускул, ёғ, мия, томир, қон, жигар ва жигар ўти ҳамда икки хил томирдан иборатлиги қайд этилган.

    Биринчи Рeнeссанс пойдeвори

    Муқаддас ислом дини минтақамизга келганидан сўнг бошланган тарихий давр Биринчи Ренессанснинг ҳақиқий пойдевори бўлди. Унинг таъсирида XI асрда фаолият кўрсатган Хоразм Маъмун академиясида замонасининг машҳур олимлари, жумладан, Абу Наср Мансур ибн Али ибн Ироқ ал-Жаъдий, Абулхайр ибн Ҳаммор, Абу Саҳл Исо ибн Яҳё ал-Масиҳий, Абу Райҳон Беруний, Абу Али ибн Сино, Абу Аҳмад ибн Мискавайҳ ва бошқалар бўлган. Бу олимлар Юнонистон, Яқин ва Ўрта Шарқ, Ҳиндистоннинг илм-фандаги ютуқларини ижодий, танқидий ўрганиб, уни янада юксак босқичга кўтарган.

    Абу Саҳл ал-Масиҳий буюк табиб Абу Али ибн Синонинг устози бўлган. Устозидан ўзган шогирд жаҳон фани тарихида қомусий олим сифатида тан олинган. Чунки у ўз давридаги фанларнинг қарийб барчаси билан шуғулланган ва уларга оид асарлар ёзган. Турли манбаларда унинг 450 дан ортиқ асар ёзгани қайд этилган, лекин бизгача улардан 242 таси етиб келган. Бу асарлардан 80 таси фалсафага, 43 таси табобатга оид бўлиб, қолгани мантиқ, психология, астрономия, математика, мусиқа, кимё, ахлоқ, адабиёт ва тилшуносликка бағишланган. Айниқса, унинг тиббиёт ва фалсафага оид китоблари жаҳоннинг кўпгина тилларига таржима этилиб, асрлар давомида қайтақайта нашр қилиб келинмоқда. Шарқ мамлакатларида “Шайх ур-раис” (донишмандлар сардори) номи билан, Ғарбда эса Авиценна сифатида машҳур. Буюк алломанинг “Тиб қонунлари” асари Европа университетларида бир неча аср мобайнида дарслик сифатида қўлланган.

    Иккинчи Рeнeссанс шуҳрати

    Иккинчи Ренессанс, яъни темурийлар даврида ҳам тиббиёт ривожига катта аҳамият берилган. Масалан, Самарқандда “Дор уш-шифо” (Шифо маскани) номли йирик шифохона бўлиб, унга ўз замонасининг таниқли табиби — Мир Сайид Шариф Шерозий раҳбарлик қилган. Шу даврда Самарқандда бошқа машҳур табиблар, жумладан, Мансур ибн Муҳаммад, Мавлоно Файзуллоҳ Табризий ва Ҳисобиддин Иброҳим Кирмоний фаолият олиб борган. Шифохоналарда ишловчи табибларга юқори маош тўланган, ҳукмдорларнинг махсус фармони билан уларнинг маоши олимлар, мунажжимлар, тарихнавис ва муҳандисларнинг маошига тенглаштирилган.

    Учинчи Рeнeссанс бўсағасида

    Мустақиллик йиллари, хусусан, охирги беш йилда соғлиқни сақлаш соҳасида мамлакатимиз эришган ютуқларга халқаро ҳамжамият томонидан ижобий баҳо берилди. Масалан, аҳолининг умр кўриши 1995 йилдаги 69,1 ёшдан 2020 йилда 73,7 ёшга ошди. Оналар ўлими кўрсаткичи 3,1 баробар камайиб, 100 минг нафар тирик туғилган чақалоққа нисбатан 21 та ҳолатни ташкил этди. Чақалоқлар ўлими ҳам 3,1 баробар камайиб, 1000 нафар тирик туғилган чақалоққа нисбатан 11,5 та ҳолатни ташкил этди. Болаларда энг кўп учрайдиган касалликларга қарши эмлаш ва профилактика тадбирлари билан қамраб олиш даражаси 96-98 фоизлик кўрсаткичда қатъий сақланиб турибди. Юқумли касалликларга қарши курашиш бўйича комплекс профилактика, эпидемияга қарши ва санитария-гигиена тадбирлари ўта хавфли юқумли касалликлар (ўлат, вабо), шунингдек, полиомиелит, дифтерия, чақалоқлар қоқшоли, маҳаллий безгак, қизамиқ ва қизилча юзага келишидан аҳолини тўлиқ ҳимоя қилиш имконини берди.

    Саъй-ҳаракатлар самараси туфайли мамлакатимизда полиомиелитнинг ёввойи штамми (2002 йил), қизамиқ ва қизилча (2017 йил), безгак (2018 йил) йўқ қилингани тўғрисида Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг сертификатлари олинди. Тиббиёт тизимига малакали кадрларни тайёрлаш учун юртимизда бир неча олий ўқув юрти фаолият кўрсатмоқда. Жумладан, Тошкент тиббиёт академияси, Самарқанд давлат тиббиёт институти, Тошкент тиббиёт академиясининг Урганч, Термиз, Фарғона филиаллари, Тошкент тиббиёт педиатрия институти, Тошкент давлат стоматология институти, Тошкент фармацевтика институти, Қорақалпоғистон тиббиёт институти, Андижон давлат тиббиёт институти, Бухоро давлат тиббиёт институти малакали кадрларни тайёрлаб бермоқда.

    Мамлакатимизда оналик ва болалик муҳофазасига ҳам катта эътибор берилмоқда. Масалан, ўтган йилдан бошлаб 15 ёшгача бўлган болалар ва ҳомиладор аёлларга етти турдаги витамин, болалар учун паразитар касалликларга қарши дори воситалари бепул тарқатиляпти. Бу жараёнга 2021 йилда 11 миллион нафар аҳоли қамраб олинган бўлса, 2022 йилда бу кўрсаткич 17 миллион нафарга етади. Бу ишларга 100 миллиард сўм маблағ йўналтирилиши белгиланган. Аёллар ва болаларни йод, темир, фолий кислотаси, витаминлар, шунингдек, паразитларга қарши дорилар билан бепул таъминлаш орқали аҳоли ўртасида камқонлик 25 фоиз камаяди.

    Давлатимиз соғлиқни сақлаш соҳасидаги ислоҳотларни ўз вақтида бошлаб, тўғри йўл танлагани учун кутилмаган пандемия қаршисида саросимага тушиб қолмадик. Халқимизнинг соғлиғи ва ҳаётини асраш мақсадида зудлик билан барча тадбирлар ишлаб чиқилди. Жумладан, коронавирусга қарши курашиш учун махсус тиббий марказлар ташкил этилди. Дори-дармон ва ҳимоя воситаларининг захираси шакллантирилди. Ҳудудларда ишга туширилган 60 та кислород станцияси тегишли шифохоналарни кислород билан узлуксиз таъминлашга хизмат қилмоқда. Мамлакатимизда вакцина ишлаб чиқариш бўйича амалий ишлар бошланди. Ўз пайтида кўрилган тезкор ва тизимли чоралар натижасида ушбу хатарли касалликнинг кенг тарқалишига йўл қўйилмади ва натижада юртимизда осойишта ҳаёт, барқарор иқтисодий ривожланиш давом этмоқда.