Ўзбекистоннинг Нидерландиядаги элчиси этиб тайинланган (қароргоҳи Брюссель шаҳрида жойлашган) Ғайрат Фозилов ушбу давлат Ташқи ишлар вазирлигининг Протокол ва қабул қилувчи мамлакат билан алоқалар департаменти директори Хансу Акербумга ишонч ёрлиқлари нусхасини топширди, деб хабар бермоқда "Дунё" АА.
Томонлар сиёсий-дипломатик, парламентлараро, савдо-иқтисодий ва инвестициявий соҳалардаги Ўзбекистон ва Нидерландия ўртасидаги ўзаро муносабатларнинг ривожланиб бораётган динамикасини мамнуният билан қайд этдилар.
Жорий йилнинг апрель ойида Тошкент шаҳрида икки давлат ташқи сиёсат идоралари ўртасида ўтказилган сиёсий маслаҳатлашувларнинг навбатдаги давраси якунлари ижобий баҳоланди ва бу механизмни мунтазам йўлга қўйиш зарурлиги таъкидланди.
Суҳбат чоғида икки ва кўп томонлама форматдаги келгуси режалар, турли даражадаги бўлажак учрашув ва тадбирлар жадвали юзасидан ҳам фикр алмашилди.
Ханс Акербум Протокол бўлими элчихона фаолиятини, жумладан, Ўзбекистон-Нидерландия мулоқотини мустаҳкамлашда ҳар томонлама ёрдам беришини тасдиқлади.