Ўзбекистон-Қувайт савдо-иқтисодий ҳамкорлигининг янги қирралари ишлаб чиқилди

    Жорий йил 21 ноябрда Тошкент шаҳрида Савдо-иқтисодий ва илмий-техникавий ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон-Қувайт ҳукуматлараро комиссиясининг йиғилиши бўлиб ўтди.

    Икки мамлакат делегацияларини: Ўзбекистон томонидан – Ўзбекистон Республикаси инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Кудратов, Қувайт томонидан – Қувайт давлат иқтисодиёт ва инвестициялар вазири Нура Сулаймон Ал-Фассам бошчилик қилди.

    Кун тартибига мувофиқ томонлар икки мамлакат ўртасидаги савдо-иқтисодий ва сармоявий ҳамкорликнинг бугунги ҳолатини кўриб чиқдилар ва ўзаро ҳамкорлик кўламини янада ошириш бўйича аниқ чора-тадбирларни белгилаб олдилар.

    Маълумот учун: сўнгги 5 йилда товар айирбошлаш, асосан, озиқ-овқат, кимё маҳсулотлари ва хизматлар етказиб бериш ҳажмининг кўпайиши ҳисобига 5 баробардан ортиқ ошди. Ўзбекистонда Қувайт капитали иштирокида 7 та корхона фаолият юритиб келяпти.

    Ҳукуматлараро комиссия йиғилишида қутлов сўзи билан чиққан Лазиз Кудратов Ўзбекистон-Қувайт ҳамкорлигининг ривожланиш салоҳиятидан тўлиқ фойдаланиш бўйича ҳар томонлама саъй-ҳаракатларни амалга ошириш муҳимлигини таъкидлади. Улар қаторида икки мамлакат бозорларини таҳлил қилиш асосида товар айирбошлаш доирасини кенгайтириш, Имтиёзли савдо тўғрисидаги битимни ишлаб чиқиш ва имзолаш, электрон тижорат соҳасида ҳамкорликни кенгайтириш, тўсиқларни бартараф этиш ва « Made in Uzbekistan» ҳамда «Made in Kuwait » кўргазмаларини ўтказиш бўлди.

    Йирик Қувайт компаниялари учун Ўзбекистон эркин иқтисодий зоналарида кенг имкониятлар очилаётгани, жумладан, солиқ, божхона имтиёзлари ва преференциялар, хомашё ва коммунал хизматлардан фойдаланиш имкониятлари қайд этилди. Ўзбекистон компаниялари ҳам Қувайт Эркин иқтисодий зоналарида ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш учун етарли тажриба ва имкониятларга эга эканлиги таъкидланди. Яқин келажакда саноат кооперацияси дастури ва икки томонлама сармоявий шартномалар тўғрисидаги битимни ишлаб чиқиш бўйича келишувларга эришилди.

    Конструктив фикр алмашиш чоғида банк-молия соҳасида ўзаро ҳамкорликни ривожлантириш, Қувайт компанияларининг Ўзбекистонни хусусийлаштириш дастуридаги иштироки, қишлоқ хўжалиги, туризм, транспорт-логистика, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш масалалари бўйича қўшма позициялар ишлаб чиқилди.

    Истиқболли сармоявий имкониятларни аниқлашдан тортиб, Қувайт компаниялари томонидан Ўзбекистонда бизнес яратиш ва ривожлантиришгача бўлган даврда ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш чораларини кўришга тайёр эканликларини билдирдилар.

    Ўз навбатида, Иқтисодиёт ва инвестициялар давлат вазири, Қувайт делегацияси раҳбари Нура Сулаймон Ал-Фассом ҳам Ўзбекистонда ишбилармонлик муҳитини яхшилаш, иқтисодиётнинг очиқлигини таъминлаш ва инвесторлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга катта эътибор қаратилаётганини таъкидлади. Бу чора-тадбирларнинг барчаси савдо-иқтисодий ҳамкорлик ҳажми ва Қувайт ишбилармонларининг Ўзбекистонга ишончини ошириш учун мустаҳкам асос бўляпти. Вазир янги ташаббусларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, амалдаги келишувларнинг ўз вақтида бажарилишини таъминлаш ҳамда Қувайт компанияларини мамлакатимизга жалб этишга кўмаклашишга тайёрлигини билдирди.

    Тадбир якунида Савдони осонлаштириш тўғрисидаги меморандум, шунингдек, Ўзбекистон-Қувайт ҳукуматлараро комиссиясининг биринчи мажлиси баённомасини имзолаш маросими бўлиб ўтди, деб хабар беради Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги матбуот хизмати.

    No date selected
    декабр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates