Президентимиз шу йил 14 январда БААда бўлиб ўтган Абу-Даби барқарор ривожланиш ҳафталиги саммитидаги нутқида “Янги Ўзбекистоннинг стратегик мақсади — экологик барқарорликни таъминлаш, иқтисодий ўсишнинг ресурслар тежамкорлигига асосланган “яшил” ривожланиш моделига ўтишдир”, дея алоҳида таъкидлаган эди. Бунинг ўзига хос сабаблари бор, албатта. Чунки бугунги кунда инсоният олдида иқлим ўзгариши, табиий ресурслар камайиши, атроф-муҳит ифлосланиши каби глобал экологик муаммолар турибди. Улар, бир тарафдан, экологик вазиятни тобора ёмонлаштириб борса, иккинчи томондан, иқтисодий ривожланишни чеклаб, инсон саломатлигига таҳдид солмоқда.
Шундай вазиятда “яшил иқтисодиёт”га ўтиш замон талаби сифатида кўрилмоқда ва бу энг тўғри ва оқилона ечимдир. “Яшил иқтисодиёт” табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, чиқиндилар миқдорини камайтириш ва углерод чиқаришни камайтиришни мақсад қилган иқтисодий тизимдир. У барқарор ривожланиш тамойилларига асосланиб, ижтимоий тенглик ва иқтисодий ўсишни экологик барқарорлик билан уйғунлаштиришга қаратилган.
Шундан келиб чиқиб, “яшил иқтисoдиёт” инсoн ҳaёти, сoғлиғи учун зaрур рeсурслaрни, aтрoф-муҳит ҳамда эколoгияни сақлаган ҳолда ишлaб чиқaриш ва хизмат кўрсатиш соҳалари билан боғлиқ иқтисoдиётни янaдa ривoжлaнтиришгa aсoслaнгaн иқтисoдий фaoлиятнинг янги йўнaлиши, десак муболаға бўлмайди.
“Яшил иқтисoдиёт”га ўтиш зарурати эса бир неча омилларда намоён бўлади. Шулардан энг асосийси экологик инқироздир. Бинобарин, иқлим ўзгариши, чўлланиш, ер ва сув ресурслари камайиши каби муаммолар бутун дунё учун таҳдид соляпти. Уларнинг олдини олишга фақат барқарор, экологик тоза иқтисодий фаолият орқалигина эришилади.
Кейингиси табиий ресурслар танқислиги. Анъанавий энергия манбалари (нефть, газ, кўмир) захиралари чекланган. Уларнинг захираси тугаши иқтисодий инқирозга олиб келиши мумкин. Шу боис, муқобил энергия, хусусан, қайта тикланадиган энергия манбаларига ўтиш ўта ҳаётий заруратга айланмоқда.
Глобал бозордаги рақобат ҳам навбатдаги сабаблардан бири ҳисобланади. Яъни ҳозир ривожланган давлатлар “яшил” технологияларга катта инвестиция йўналтирмоқда. Шундай экан, глобал бозорда рақобатбардош бўлиш учун ҳаракатларни жадаллаштириш, экологик соф маҳсулотлар ишлаб чиқаришни ривожлантириш ва рағбатлантириш лозим.
Навбатдаги омил узоқ муддатга мўлжалланган иқтисодий барқарорликка бориб тақалади. Чунки анъанавий иқтисодиёт модели, асосан, қисқа муддатли фойдага асосланади. “Яшил иқтисодиёт” эса узоқ муддатли, барқарор ривожланишни таъминлайди.
Ниҳоят, бу борада халқаро мажбуриятлар ҳам бор. Яъни мамлакатлар халқаро экологик конвенциялар иштирокчиси сифатида ўз зиммасига муайян мажбуриятларни олган. Уларни бажариш учун “яшил иқтисодиёт”ни ривожлантириш шарт.
Умуман олганда, бу борада глобал ҳамжамият, хусусан, БМТ томонидан масалага бевосита ёки билвосита дахлдор қатор резолюциялар қабул қилинган бўлиб, уларнинг 9 тасида Ўзбекистон ташаббускор бўлгани диққатга сазовор.
Хўш, Ўзбекистон “яшил” ривожланиш орқали иқтисодий ўсишга эришиш, тармоқ ва соҳаларнинг “яшил” трансформациясини амалга ошириш, уларнинг рақобатбардошлиги ва ресурс тежамкорлигини таъминлаш, умуман, глобал ҳамжамият олдидаги мажбуриятларини бажариш бўйича қандай ишларни амалга оширмоқда?
Энг аввало, айтиш керакки, бизда БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадларига уйғун тарзда “Ўзбекистон — 2030” стратегияси қабул қилинган. Стратегияда қайта тикланувчи энергия улушини кўпайтириш, иссиқхона газларини қисқартириш, саноатда энергия самарадорлигини ошириш, иқтисодиётда “углерод изи”ни камайтириш ва “яшил” инвестицияларни қўллаб-қувватлаш каби муҳим вазифалар белгиланган.
Бундан ташқари, Президентимизнинг 2019 йил 4 октябрдаги қарори билан 2019-2030 йиллар даврида Ўзбекистон Республикасининг “яшил иқтисодиёт”га ўтиш стратегияси тасдиқланган.
Давлатимиз раҳбарининг 2022 йил 2 декабрдаги қарори билан эса 2030 йилгача Ўзбекистон Республикасида “яшил иқтисодиёт”га ўтиш ва “яшил” ўсишни таъминлаш дастури қабул қилинди.
Ушбу дастурда иссиқхона газларининг ялпи ички маҳсулот бирлигига нисбатан солиштирма ажратмаларини 2010 йилдаги даражадан 35 фоиз қисқартириш, қайта тикланувчи энергия манбалари ишлаб чиқариш қувватини 15 ГВт.га ошириш ва уларнинг улушини электр энергиясини ишлаб чиқариш умумий ҳажмининг 30 фоизидан кўпроғига етказиш, саноат соҳасида энергия самарадорлигини камида 20 фоиз ошириш устувор вазифа сифатида белгиланган.
Ялпи ички маҳсулот бирлигига тўғри келадиган энергия сарфи ҳажмини, шу жумладан, қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланишни кенгайтириш ҳисобига 30 фоиз камайтириш, иқтисодиётнинг барча тармоқларида сувдан фойдаланиш самарадорлигини сезиларли даражада ошириш, 1 миллион гектаргача майдонда сув тежовчи суғориш технологиясини жорий этиш, республика ўрмон фонди захиралари кўрсаткичини 90 миллион куб метрдан ортиқроққа етказиш ҳамда ҳудудларда янги 600 та чиқинди тўплаш шохобчаси ташкил этиш чора-тадбирлари ҳам ўрин олган.
Шу билан бирга, Саноат тармоқларида “яшил иқтисодиёт”га ўтиш ва энергия тежамкорлигини таъминлаш бўйича концепция, 2030 йилгача Ўзбекистон Республикасида “яшил иқтисодиёт”га ўтиш ва “яшил” ўсишни таъминлаш бўйича ҳаракатлар режаси, 25 та корхона ва ташкилотда ишлаб чиқарилган маҳсулотнинг энергия сиғими кўрсаткичини 2026 йилга келиб 2022 йилдагидан 20 фоиз камайтиришга қаратилган 2022-2026 йилларда иқтисодиёт тармоқларида ёқилғи-энергетика ресурсларини тежашнинг мақсадли параметрлари тасдиқланган. Булар пировардида сўнгги йилларда қарийб 4 ГВт.лик муқобил қувватлар ишга туширилишига, электр энергияси ишлаб чиқаришда “яшил” энергия улуши 16 фоизга етишига асос яратди. Саноатда “яшил энергия” сертификати тизими жорий қилинди. Қуёш панеллари ўрнатилган хонадонлар сони 60 мингдан ошди. Бу эса “яшил иқтисодиёт”га ўтиш борасидаги саъй-ҳаракатлар жадал кечаётганидан далолат беради.
Бу борадаги ислоҳотлар “Ўзбекистон — 2030” стратегиясини “Атроф-муҳитни асраш ва “яшил иқтисодиёт” йилида амалга оширишга оид давлат дастури доирасида изчил давом эттирилмоқда.
Дастурга мувофиқ, 2025 йилда Европа тикланиш ва тараққиёт банкидан босқичма-босқич 200 миллион еврогача, Жаҳон банкидан энергетика секторида метан эмиссиясини камайтириш учун 10 миллион доллар, Глобал яшил ўсиш институти орқали Корея халқаро ҳамкорлик агентлиги техник кўмаги доирасида Ўзбекистон — Жанубий Корея ўртасида “яшил ҳамкорлик”ни кучайтириш учун 6,5 миллион доллар жалб этилади.
Шунингдек, Жаҳон банкининг iCRAFT лойиҳаси доирасида қисқартирилган 500 минг тонна иссиқхона гази сотиш ҳисобига 7,5 миллион доллар, Германия халқаро ҳамкорлик жамиятидан саноатни яшиллаштириш ва азот кислотаси ишлаб чиқарувчи корхоналарнинг атмосферага чиқараётган зарарли газларини қисқартириш учун 20 миллион евро миқдоридаги “яшил” ва кам углеродли ривожланиш лойиҳаларини қўллаб-қувватлашга қаратилган имтиёзли кредит ва грант маблағлари жалб этилади.
Корхоналар фаолияти (2025 йилда “Ўзбекнефтгаз” АЖ, “Навоий кон-металлургия комбинати” АЖ, “Олмалиқ кон-металлургия комбинати” АЖ, “Uzbekistan Airports” АЖ, “Uzbekistan Airways” АЖ) “экологик, ижтимоий ва корпоратив бошқарув” (ESG) тамойиллари асосида йўлга қўйилиб, тегишли сертификат олинишига эришилади.
Тажриба-синов тариқасида Самарқанд ва Фарғона вилоятларида экологик тоза маҳсулотлар ишлаб чиқаришга ихтисослашган саноат зоналари ташкил этилади. Атроф-муҳитга таъсир кўрсатиш бўйича I ва II тоифаларга мансуб корхоналарнинг экологик ишлаб чиқаришга ўтишдаги ҳаракатлари рағбатлантирилади.
Бундан ташқари, шакллантириладиган инвестиция дастурлари, тармоқ, соҳалар ва ҳудудларни ривожлантириш бўйича янги лойиҳалар таркибида “яшил” компонентлар улуши ошириб борилади. Хусусан, 2025 йилдан бошлаб 15 фоизга, 2027 йилда 30 фоизга ва 2030 йилда 55 фоизга етказилади.
Булар мамлакатимизда қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантириш, энергиятежамкор технологияларни жорий этиш, экологик тоза маҳсулотларни ишлаб чиқариш, метан эмиссиясини қисқартиришга олиб келади, мамлакатда “яшил иқтисодиёт”ни ривожлантириш, экологик барқарорликни ва аҳоли саломатлигини таъминлашга хизмат қилади.
“Яшил иқтисодиёт”га ўтиш — замон талаби. У нафақат табиатни асраш, балки барқарор иқтисодий ўсишни таъминлаш, аҳоли турмуш даражасини ошириш ва келажак авлод учун соғлом муҳит яратиш имконини беради. Бу йўналишда кечаётган кенг кўламли, пухта ўйланган стратегик ислоҳотлар, ҳар бир ҳаракат янги Ўзбекистон келажаги учун қўйилаётган дадил одимдир.
Одилжон МАМАДАЛИЕВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати









