Озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлик тизими ҳақида нималарни биласиз?

    Ижтимоий ҳаёт 6 июн 2020 12098

    Ҳар бир ҳаридор маҳсулот сотиб олар экан, биринчи галда унинг ўз ҳаёти учун хавфсиз эканлигига эътибор беради. Ишлаб чиқарилган санасини текшириб, хафсала қилса, таркибини ўқиб кўради.

    Англаганингиздек, маҳсулот сотувининг самарали йўлга қўйилишида сифат ва хавфсизлик кўрсаткичларининг аҳамияти катта. Айниқса, экспортёрлар учун бу жуда муҳим масалалардан бири. Бу борада уларга ХТНТН тизими ёрдамга келади.

    ХТНТН тизими инглизча HAССP - Hazard Analysis and Critical Control Pоints сўзларидан олинган бўлиб, “хатарларни таҳлил қилиш ва муҳим назорат нуқталари”, деган маънони англатади. Бу АҚШ миллий аэрокосмик агентлиги (NASА)га асосланган Пилсбури компанияси томонидан қатъий ишонч остида ишлаб чиқилган ҳавфсизлик тизими бўлиб, илк бор америкалик космонавтлар учун озиқ-овқат ҳавфсизлигини таъминлаш мақсадида қўлланилган. 1980 йилга келиб эса АҚШ Фанлар академияси озиқ-овқат саноатида сифат менежменти тизимларини ривожлантириш учун ишлатишни таклиф қилган пайтда ишлаб чиқилган.

    Хавфсизлик тизими нима?

    ХТНТН махсус дастур бўлиб, ҳар бир корхонага индувидуал ўрнатилади. Унга ишлаб чиқариш объектидаги ходимлар, жиҳозлар ва маҳсулотлар ҳақидаги маълумотлар жойланади. Айтиш керакки, бу тизимдан фойдаланиш ихтиёрий. Корхоналар ИСО 22000 халқаро (озиқ-овқат маҳсулотлари ҳавфсизлик тизими) стандартини жорий қилиб, сертификатлаштириши ёки мазкур тизимини яратиб, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария–эпидемиологик осойишталик агентлиги томонидан ушбу дастур ўрнатилгани тўғрисида хулоса олиши мумкин. Ҳар йили бу маълумотлар янгиланиб, янгидан сертификат олиниши лозим. Мазкур тизимнинг вазифаси, маҳсулот ишлаб чиқариш ва истеъмолчига етказиб беришнинг барча жараёнларида хатарли назорат нуқталарига эътибор қаратиш ва озиқ-овқат маҳсулотлари истеъмоли билан боғлиқ барча мавжуд таваккалчилик турлари ҳамда мақсадли назорат йўналиш чораларини қўллаш натижасида йўқотишларнинг олдини олиш ёки уларни ақлан қўллаш даражасигача камайтиришдир.

    Тизим бизга нима беради?

    Бугунги кунда кўпчилик саноат корхоналарида ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар ҳавфсизлиги ва сифатини халқаро талаб даражасига кўтариш, рақобатбардошлигини ошириш ҳамда сифатни бошқариш учун ИСО 9001 ва ИСО 22 000 халқаро стандартлари жорий қилина бошланди.

    Агар мазкур тизим республикадаги барча озиқ-овқат саноат корхоналарида жорий қилинса, ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларнинг хавфсизлиги таъминланиб, сифат жиҳатидан ҳам рақоботбардошлиги ортади. Озиқ-овқат ишлаб чиқариш ва истеъмолчига етказиш жараёнлари занжирида ортиқча йўқотишлар камаяди, самарадорлик ошади, меҳнат ресурсларини озиқ-овқатдан касалланиши ҳамда иш вақтини йўқотишига барҳам беради. Натижада эса давлат манфаат кўради. Тизимнинг ишлаб чиқариш жараёнларини микробиологик, биологик, жисмоний, кимёвий ва бошқа ифлосланиш хавфидан ҳимоя қилиш вазифаси ҳам бор. Бу орқали озиқ-овқат ишлаб чиқарувчи субъектлар ўз маҳсулотларини бозорга чиқариш даврида уларнинг истеъмол бўйича хавфсизлиги ва савдо белгиси (бренди) ҳимоясини таъминлайди.

    Биласиз, корхоналарда асосий ишни энг сўнгги моделдаги асбоб-ускуналар бажарса-да, инсон қўл меҳнати ҳам зарур бўлади.Айтайлик, иш жараёнида яроқсиз масаллиқларни саралаш, тайёр маҳсулотни қадоқлаш, уни махсус идишларга жойлаштириш каби босқичларда ишчилар фаол қатнашади. Ана шу жараёнда мазкур тизимнинг аҳамияти ортади. Корхона марказий дастурига ўрнатилган хавфсизлик тизими санатария-эпидимолик меъёрларига риоя қилинишини ҳам назорат қилади.

    Бундан ташқари, ISO 22 000 “Озиқ-овқат маҳсулотлари ҳавфсизлик менежмент талаблари” халқаро стандарти асосида ХТНТН принципида тузилган менежмент тизими корхоналарга нафақат Европа Иттифоқи талабларига мос, балки ЕИ ва ЕОИИ озиқ-овқат бозорида кучли рақобатга чидаш қобилиятига эга маҳсулотлар ишлаб чиқариш имкониятини ҳам беради.

    Қонунчиликдаги аҳамияти ва принциплари

    ХТНТН тизимини қадр-қиммати озиқ-овқат ишлаб чиқаришни барча босқичида даврий назорат ёрдамида хатоларни олдини олиш ва олдиндан кўра билиш билан ўлчанади, дедик. Қолаверса, бу истеъмолчилар учун муҳим масала ҳисобланган хавфсиз озиқ-овқат маҳсулотларини истеъмол қилишини кафолатлашда ҳам муҳим аҳамиятга эга.

    Бундан ташқари, ХТНТНни қўллаш меъёрий ва қонунчилик талабларини бажаришни таъминлайдиган аъло даражадаги аргументдир. ХТНТН барча озиқ-овқат тизимида, қишлоқ хўжаликнинг биринчи ишлаб чиқариши (ўсимликшунослик ва чорвачилик) дан бошлаб ва токи улгуржи-чакана савдо билан якунланиб, озиқ-овқат маҳсулотлари чақирадиган касалликлар тўғрисида энг афзал эффектив ва оптимал огоҳлантириш тизими ҳисобланади.

    Ҳар бир соҳада бўлгани каби, бу тизимнинг ҳам ўзига хос ишлаш принциплари бор. Хусусан, хавфни (хавфли факторлар) зийраклик билан таҳлил қилиш, назорат критик нуқталарини (КНН) аниқлаш, ҳар бир назорат нуқталарини критик чегараларини ўрнатиш, критик назорат нуқталарини мониторинг процедурасини ўрнатиш (қандай?, ким?, қачон?), корриктировкалаш ҳаракатини ишлаб чиқиш, ҳисобот ва ҳужжат юритиш процедураси ҳамда ХТНТН тизимининг ҳужжатлар тўпламини текшириш процедурасини ўрнатиш кабилар тизимнинг бехато ва бенуқсон ишлашини таъминлайди.

    Фойдали факторлар

    ХТНТНни жорий қилишдан келадиган фойда бешта асосий факторларни бажарилишига қараб аниқланади. Жумладан, мусаффоликни ошириш, яроқсиз маҳсулотнинг миқдори ҳамда сармоя сарфини камайтириш, айланма ва бозор улушини кўтариш ҳамда самарадорликни оширишдаги кўрсаткичларда тизимнинг фойдаси яққол кўзга ташланади.

    Тан олиш керакки, бутун дунёда ҳукм сураётган пандемия одамзотни гигиена қоидаларига қатъий риоя қилган ҳолда яшашни ўргатмоқда. Бундай вазиятда мазкур тизимнинг аҳамияти янада ортди. Пандемия давомида ва ундан кейинги даврда ҳам ҳар қандай маҳсулот жиддий текширув ва хавфсизлик стандартлари асосида истеъмолчига етиб бориши талаб этилмоқда. Шундан келиб чиқиб, ҳар бир корхона мазкур хавфсизлик тизимини ўзи ишлаб чиқиб, фаолиятига жорий қилса, истеъмолчиларнинг маҳсулот сифатига бўлган ишончини қозонади. Қолаверса, жаҳон бозорида ҳам ўз ўрнини мустаҳкамлаб олади.

    Фароҳиддин ДАДАХОНОВ,

    "Ўзбекозиқовқатхолдинг" компанияси бўлим бошлиғи

    No date selected
    ноябр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates