Пандемия эндемияга айланадими?

    Саломатлик 10 феврал 2022 1796

    Пандемия қачон тугайди? Коронавируснинг эҳтимолий мутациялари қанчалик хавфли бўлиши мумкин? Умуман, бу касалликка қарши яна қандай самарали кураш олиб борса бўлади? Ҳозир олимлар, шифокорлар, экспертларнинг бу борадаги хулоса ва ёндашувларида тафовутлар бор.

    Таҳлилларга кўра, «омикрон» штамми жуда кенг кўламда тарқалган АҚШ ва баъзи Европа мамлакатларида сўнгги ҳафталарда касалланишлар сони камайиб боряпти. Қолаверса, янги вариант олдинги мутацияга қараганда бирмунча юқумлироқ бўлганлиги боис, пандемия эндемияга айланишига умид бор.

    Хўш, бу нимани англатади? Гап шундаки, коронавирус бутунлай йўқ бўлиб кетмайди, балки маълум бир минтақада, маълум бир вақтда, маълум популяциялар орасида пайдо бўлади. Шунда биз, нормал ҳаётга қайтишимиз мумкинми?

    Ҳозир бунга аниқ жавоб йўқ. Чунки коронавирус бу ёғига қандай мутацияга учраши номаълум. Олимларнинг билгани шуки, COVID-19 келгусида аниқ мутацияга учрайди.

    Германиялик вирусолог олим Улрике Процернинг хулосасига кўра, «омикрон» тўлқини пасайиши аввалги «дельта» штамми қайтадан кенг тарқалишига шароит яратиши ҳам мумкин.

    «Эндемия касаллик барҳам топгани ва вазият хавфсиз эканлигини англатмайди, — дейди ушбу мамлакатдаги Лейбнис институти тадқиқотчиси Хажо Зееб. — Агар янги мутация пайдо бўлиб, у яна эпидемияга сабаб бўлса, вазият ўзгариши, шубҳасиз».

    Яна бир таниқли немис шифокори Томас Вошаар эса «омикрон»ни пандемиядан чиқиш йўли, деб атади ва унинг тарқалишига чек қўймаслик лозимлигини таъкидлади.

    «Агар дунё аҳолисининг юз фоизи янги штамм билан касалланса, бу пандемиянинг якунланишига сабаб бўлади, — дейди у. — Ахир «омикрон» беморларда нисбатан енгил ўтади. Ўлим ҳолатлари жуда кам, касалхоналарга тушадиган юкламалар ҳам у қадар катта муаммоларни келтириб чиқмайди. Муҳими, қисқа вақт ичида глобал муаммога ечим топилиши мумкин».

    Берлинда фаолият кўрсатадиган таниқли вирусолог Кристиан Дростен эса вазиятни бошқача баҳолайди. Унинг ишонч билан таъкидлашича, ёппасига касалланиш Германия учун имконият эмас, аксинча, хатардир. Чунки мамлакатда кекса ёшли аҳоли қатлами катта. Хасталик уларнинг ҳаётини хавф остида қолдиради. Оқибатда қариялар кўп бўлган федерал штатларда ўлим ҳолатлари сони ортиб кетади.

    Эслатиб ўтамиз, кейинги кунларда Германияда коронавирусга чалиниш кўрсаткичлари рекорд даражага етмоқда. Масалан, кеча бу ерда 253 минг кишида COVID-19 инфекцияси қайд этилди. Улардан 238 нафари касалликдан вафот этди.

    Шу сабабли мамлакат соғлиқни сақлаш вазири ҳозир карантин чораларини юмшатиш пайти эмаслиги, фақат апрель ойи ўрталарига келиб бу масала кўриб чиқилиши мумкинлигини қатъий таъкидлади, деб хабар беради Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати.

    No date selected
    ноябр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates