“Парижнинг энг гўзал ресторанларин, битта тандирингга алишмасман мен”

    2022 йили “Эл-юрт умиди” жамғармаси стипендиати бўлиб, АҚШга йўл олдим. Ўша сафар мени тез улғайтирди, шу билан бирга, кўплаб саволларимга жавоб топишимга имкон берди.

    Инсонда туйғулар, тушунчалар кўп. Ҳис қилганингни, кўнглингдан ўтказганингни, англаганингни баъзан сўз билан ифодалаб беришга қийналасан. Тўғрироғи, сўз топа олмайсан. Мен Ўзбекистонни нечун севаман? Ватан нима? Уни соғиниш нега бунчалар тотли, завқли, ички, бошқа ҳислардан фарқли? Бу саволларга қандай жавоб бериш мумкин?

    2022 йили «Эл-юрт умиди» жамғармаси стипендиати бўлиб, АҚШга йўл олдим. Ўша сафар мени тез улғайтирди, шу билан бирга, кўплаб саволларимга жавоб топишимга имкон берди. Самолёт парвозга ҳозирланаркан, шунча йил сени бағрида асраб-авайлаган, нон-туз билан сийлаган, ўқиб-изланишинг учун имкону имтиёзлар берган ватанинг, маҳалланг, ота-онанг, устозларинг, дўстларинг — барчасини соғина бошлайсан. Ватандан узоқлашганим сари бу соғинч кучая борди. Энг тансиқ туйғу юрт соғинчи эканини илғадим.

    Ватан қадри не эканини мусофирлик яққол англатади. Тонгда ҳовлида мусичаларнинг ку-кулашидан тортиб, иссиқ нон, қаймоғу меваларгача ёдга солади. Истараси иссиқ одамларни қўмсайман. Асрлар ўтсада, муҳташам қиёфасини, тарих ва замон тамаддунини ўзида бирлаштирган Самарқанд, Тошкентни соғинаман. Теварак-атрофдан уларни эслатувчи аломатларни жавдираб излайман. Топа олмайман. Муҳаммад Юсуф: «Парижнинг энг гўзал ресторанларин, Битта тандирингга алишмасман мен», дея биз каби мусофирларнинг кўнглидаги гапни топган!

    Ёдимда, жамғарма гранти танловида комиссия аъзоларидан бири мендан миллий ифтихор нима эканини сўради. Мен буюк муҳаддис Имом Бухорий хоки ётган жойдан эканим, хорижликлар тасаввурида эртакларни ёдга солувчи гўзал Самарқандим ва ўзбек тилим мени ҳамиша ғурурлантиришини айтдим. Бугун бу савол такрор берилса, бу рўйхат анча узаяди...

    Нью-Йоркдаги университетда Ўзбекистон ҳақида тақдимот тайёрлашга тўғри келди. Профессорлар, талабалар орасида менинг Муҳаммад Хоразмий, Ибн Сино, Мирзо Улуғбек, Имом Бухорий сингари етакчи олиму уламолар юртидан келганимни билгач, ҳайрат билан қараганлар, ҳавас қилганлар бўлди.

    Хорижда кузатган ўзига хос жиҳатимиз бор. Бизда фарзанд тарбиясига алоҳида аҳамият қаратилади. Бу фазилатга ҳамма ҳурмат билан қарайди. Хорижликлар ўзбек фарзандларининг ота-онасига муносабатини қадрлайди. Бундан ташқари, оилавий қадриятлар, урф-одатларга ҳавас қилади. Жаҳонга намуна бўлишга арзийдиган ўзбекона моделдан фахрланаман.

    Ортга назар ташласам, орзу-умидлар, армонлар, уринишлар ва тикланишлар кўз олдимда кинотасмадай жонланади. Ҳар қандай ютуқ ва эришилган натижалар аввалида тўғри шакллантирилган мақсад, ният туради. Тақдир мени нуфузли Колумбия университетида грант асосида таҳсил олишга йўллади. Дунёга ўз сўзимни айтишга имкон берди.

    Мақсадларим бирин-кетин амалга ошишига ишонаман. Чунки ортда бизни суягувчи ватанимиз, дуо қилувчи халқимиз, салоҳиятимизга ишонувчи давлатимиз турибди.

    Шуҳрат МУРТАЗО,

    Колумбия университети докторанти

    No date selected
    октябр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates