Парламент сўрови натижалари муҳокама этилди

    Мамлакатимизда 26 май 2022 1888

    Жорий йил 25 майда Олий Мажлис Сенати Ахборот сиёсати ва давлат органларида очиқликни таъминлаш масалалари қўмитасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди.

    Қўмита мажлисида сенаторлар, ҳукумат вакиллари, экспертлар ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди. Мажлис кун тартибига кўра бир нечта масалалар муҳокама этилди.

    Хусусан, Интернет жаҳон ахборот тармоғида ёшлар ва вояга етмаганлар учун миллий контентни ривожлантириш, уларнинг ижтимоий тармоқлардан фойдаланиш маданияти ва зарарли ахборотдан ҳимоя қилиш масалалари юзасидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига юборилган парламент сўрови натижалари дастлабки тарзда кўриб чиқилди.

    Таъкидланганидек, сўнгги йилларда Интернет жаҳон ахборот тармоғи орқали ёшларнинг ҳаётига хавф солаётган, маънавий онгига салбий таъсир қилувчи ахборот хуружларининг олдини олишга қаратилган ижобий ишлар олиб борилмоқда.

    Жумладан, ёшларни, айниқса, болаларни зарарли ахборотлардан ҳимоя қилиш, шу соҳадаги муносабатларни тартибга солиш мақсадида «Болаларни уларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни қабул қилинган.

    Интернет жаҳон ахборот тармоғининг «UZ» доменида фойдали маърифий ва мавзуси веб-ресурсларни яратиш мақсадида жами 572 та стартап-лойиҳа эълон қилинган.

    Шунингдек, фойдали веб-ресурслар, Интернет лойиҳалари, мобил илова ва дастурларни яратувчи муаллифлар ва дастурчилар сонини янада кўпайтириш, ёшларнинг дастурлаш тилларига қизиқишини кучайтириш мақсадида «Бир миллион дастурчи» лойиҳасида ёшлар иштирокини кенгайтириш бўйича ишлар олиб бориляпти.

    Бугунги кунда барча туман ва шаҳарларда замонавий компьютерлар билан жиҳозланган жами 205 та рақамли технология ўқув марказлари (IТ-марказ) ташкил этилган.

    Шу билан бирга, сенаторлар томонидан парламент сўрови натижаларида аксарият саволларга тўлиқ жавоб олинмаганлиги қайд этилди. Хусусан:

    - миллий ижтимоий тармоқ ва мессенжерлар, ахборот коммуникацион дастурлар яратиш борасида илғор хорижий мамлакатлар тажрибасини ўрганиш ва уларнинг ижобий жиҳатларини миллий амалиётга жорий этиш ишлари амалга оширилмаган;

    - ёшлар ва вояга етмаганларнинг интеллектуал ҳамда ижодий салоҳиятини ривожлантиришга кўмаклашадиган замонавий веб-ресурсларни шакллантириш, шунингдек, ахборот маконида Ўзбекистоннинг тарихи, маданияти ва санъатини тарғиб қилишни қўллаб-қувватлаш борасидаги ишлар бугунги кун талабларига жавоб бермайди;

    - таълим муассасаларида медиасаводхонлик, ахборот манипуляциясига қарши курашишни ўргатишга қаратилган алоҳида методик қўлланмалар ишлаб чиқилмаган ва амалиётга жорий этилмаган.

    Бундан ташқари, мактабгача таълим ташкилотлари тарбияланувчилари, умумий ўрта таълим мактабларининг бошланғич синф ўқувчилари учун кундалик ҳаётида кўп ишлатиладиган телефон, компьютер ва шу каби бошқа қурилмаларнинг фойдали ҳамда зарарли томонларини ўзида акс эттирувчи видеомаҳсулотлар ва кўргазмали ўқув қўлланмаларни ишлаб чиқиш ва амалиётга татбиқ этишга етарли эътибор қаратилмаган.

    Шу билан бирга, мажлисда «Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг Туризм ва маданий мерос вазирлиги томонидан ижро этилишини ўрганиш якунлари муҳокама этилди.

    Сенаторлар томонидан вазирлик, унинг таркибий ва ҳудудий бошқармалари томонидан очиқликни таъминлаш йўналишида йўл қўйилган камчиликлар танқид қилинди.

    Хусусан, вазирликнинг 2021 йилдаги фаолиятига оид ҳисоботи жорий йил 1 апрелга қадар жамоатчилик иштирокида муҳокама қилиш учун матбуот анжумани ўтказилмаган, вазирлик фаолияти тўғрисидаги ахборот тасдиқланмаган, фаолияти тўғрисида ахборот олишга доир сўровларни кўриб чиқишнинг умумий натижалари ҳақидаги ахборот эълон қилинмаган, ўз фаолиятига оид ахборотлар ахборот-кутубхона ва архив фондларига тақдим этилмаган, расмий веб-сайтини юритиш ишлари эътиборсиз қолган.

    Шунингдек, айрим очиқ маълумотлар расмий веб-сайти ҳамда Очиқ маълумотлар портали (data.egov.uz)да эълон қилинмаган.

    Жумладан, давлат харидлари, давлат харидларини амалга оширувчи шахслар томонидан тўғридан-тўғри шартномалар бўйича харид қилинадиган товарлар, мансабдор шахсларнинг хизмат сафарлари, тасдиқланган йиллик харажатлар сметаси, автомототранспорт воситаларини сотиб олиш ва сақлаш харажатлари, кўчмас мулклар, тасдиқланган ярим йиллик ва (ёки) йиллик иш режаси, давлат дастурлари ҳамда бошқа дастурлар амалга оширилиши, Ўзбекистон Республикаси давлат муҳофазасига олинган моддий маданий мерос объектлари эгалари тўғрисидаги маълумотлар ошкор этилмаган.

    Бундан ташқари, сенаторлар таъкидлаганидек, Қорақалпоғистон Республикаси Туризм ва маданий мерос вазирлиги, Хоразм ва Бухоро вилоятлари Туризм ва маданий мерос бош бошқармалари томонидан қонунчилик ҳужжатларида белгиланган вазифалар умуман бажарилмаган.

    Мажлис якунида Қўмитанинг тегишли қарори қабул қилинди.

    Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Ахборот хизмати.

    No date selected
    декабр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates