Педагогнинг меҳнат ҳуқуқлари кафолатланмоқда

    Илм маърифат, юксак ахлоқлилик ва энг гўзал фазилатлар тимсоли ҳисобланадиган зиёлилар жамиятни ривожланиш мақсадларига интилтирувчи, маънавият ҳамда қадриятларнинг посбони сифатида энг юксак таҳсин ва эътирофларга муносибдир.

    Бугунги кунда мамлакатимизда одамларга зиё, нур улашадиган фидойи педагоглар нуфузини янада ошириш, улар меҳнатини қадрлашга қаратилган кўплаб ҳужжатлар қабул қилинганлигини алоҳида таъкидлаб ўтиш жоиз. “Таълим тўғрисида”ги қонун ва айниқса, яқиндагина қабул қилинган “Педагогнинг мақоми тўғрисида”ги қонун Ўзбекистон зиёлилари учун муҳим воқелик ҳисобланади.

    “Педагогнинг мақоми тўғрисида”ги қонун илк маротаба педагогнинг мақомини ва унинг касбий фаолиятига оид кафолатларни белгилаб берганлиги билан ҳам аҳамиятлидир.

    Гап педагогнинг меҳнат ҳуқуқлари ҳақида кетар экан, аввало, меҳнат тўғрисидаги қонунчиликка асосан бошқа барча ходимлар сингари педагоглар ҳам якка тартибдаги меҳнатга оид муносабатларда тенг ҳуқуқ ва мажбуриятларга эга эканлигини айтиб ўтиш зарур.

    Шу билан бирга, янгидан қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодексида айнан шу тоифа ходимлар меҳнатини ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солишнинг ўзига хос хусусиятлари алоҳида мустаҳкамлаб қўйилгани нур устига аъло нур бўлди. Хусусан, мазкур кодекснинг 501-моддасида тегишли маълумотга, касбий тайёргарликка, маънавий-ахлоқий фазилатларга эга бўлган шахсларгина педагогик фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқига эгалиги, умумий ўрта таълим, мактабгача таълим ҳамда бошқа ташкилотларнинг болаларни ўқитиш ёки тарбиялаш билан бевосита шуғулланувчи педагог ва бошқа ходимлари Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тасдиқланадиган тартибда дастлабки тарзда (ишга қабул қилиш чоғида) ва даврий (иш жараёнида) мажбурий тиббий кўриклардан ўтишлари, таълим ташкилотларининг педагог ходимларига ҳафтасига ўттиз олти соатдан ортиқ бўлмаган иш вақтининг қисқартирилган давомийлиги белгиланиши ва йиллик узайтирилган меҳнат таътили (“Педагогнинг мақоми тўғрисида”ги қонуннинг 14-моддасига асосан давлат таълим ташкилотларининг педагогларига давомийлиги кўпи билан эллик олти календарь кундан иборат бўлган ҳақ тўланадиган ҳар йилги асосий узайтирилган меҳнат таътили кафолатланади) берилиши белгиланди. Шунга кўра, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 26 июндаги тегишли қарори билан педагог ходимлар (ва бошқа тоифа ходимлар) учун йиллик узайтирилган меҳнат таътили давомийлиги меъёрлари ҳам тасдиқланди.

    Шунингдек, Меҳнат кодексининг 387-моддасида ва Ижодий таътиллар бериш тартибида белгиланган қоидаларга асосан меҳнат ёки педагогик фаолиятни илмий иш билан бирга олиб бораётган шахсларга асосий иш жойида ўртача иш ҳақи ва лавозими сақланган ҳолда фалсафа доктори илмий даражасини олишга доир диссертацияни якунлаш учун ҳамда дарсликлар ва ўқув-услубий қўлланмалар қўлёзмаларининг муаллифларига — уч ойгача, фан доктори илмий даражасини олишга доир докторлик диссертацияни якунлаш учун — олти ойгача муддатга ижодий таътиллар берилиши мумкин.

    “Таълим тўғрисида”ги қонунга кўра (53-моддаси), таълим ташкилотлари меҳнатга ҳақ тўлаш учун мавжуд маблағлар доирасида мустақил равишда лавозим маошларига табақалаштирилган устамалар белгилашга ҳамда меҳнатга ҳақ тўлаш ва уни рағбатлантиришнинг турли шаклларини қўллашга ҳақли эканлиги белгиланган бўлса, “Педагогнинг мақоми тўғрисида”ги қонунда (12-моддаси) педагогнинг ойлик иш ҳақи маълумоти, малака тоифаси (лавозими) бўйича базавий тариф ставкаси, илмий даражаси, илмий унвони, давлат мукофотлари ҳамда қонунчилик ҳужжатларида белгиланган устамалар инобатга олинган ҳолда ҳисобланиши, давлат таълим ташкилотларининг педагогларига қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бюджет ва бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобидан устама ҳамда компенсациялар тўланиши мумкинлиги мустаҳкамлаб қўйилган.

    Ўзбекистон Республикасининг меҳнат тўғрисидаги қонунчилигига асосан иш берувчи педагогнинг ўз касбий фаолиятини амалга ошириши учун зарур шарт-шароитлар яратиши лозим. Қонун талабига кўра, педагогнинг касбий фаолиятига аралашиш, унинг фаолиятини асоссиз равишда текшириш, педагог томонидан таълим олувчиларнинг билимларини тўғри ва холис баҳолашга таъсир кўрсатиш, шунингдек унга ўз хизмат мажбуриятларини бажаришга тўсқинлик қилиш, касбий фаолияти билан боғлиқ бўлмаган ишларга, шу жумладан ҳудудларни ободонлаштиришга ва қишлоқ хўжалиги ишларига жалб қилиш, педагогдан унинг касбий мажбуриятларига тааллуқли бўлмаган ҳисоботларни ва бошқа маълумотларни, шу жумладан аҳолининг солиқлар, коммунал тўловлар, кредитлар ва бошқа қарздорлиги тўғрисидаги маълумотларни, битирувчиларнинг бандлиги таъминланганлиги ҳақидаги ҳисоботларни шакллантиришини ва тақдим этишини талаб қилиш, бундан ташқари, педагогни ишга жойлаштирилмаган, таълим билан қамраб олинмаган ва профилактика ҳисобида турган вояга етмаганлар ҳисобини юритиш ҳамда уларнинг ижтимоий мослашувига кўмаклашиш ишларига жалб этиш, педагогнинг зиммасига товар ва хизматларни сотиб олиш мажбуриятини юклаш, шу жумладан, иш ҳақидан унинг ёзма розилигисиз товар ва хизматлар учун маблағ ушлаб қолиш тақиқланади.

    Педагогни бирон-бир шаклда меҳнатга маъмурий тарзда мажбурлаш, шунингдек педагогнинг касбий фаолиятига қонунга хилоф равишда аралашиш ёки унинг ўз хизмат мажбуриятларини бажаришига тўсқинлик қилиш қонунда белгиланган тартибда жавобгарликка сабаб бўлади (5-модда).

    Хусусан, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 51-моддасида меҳнатга маъмурий тарзда мажбурлаш учун, 1975-моддасида таълим ташкилоти педагог ходимининг касбий фаолиятига қонунга хилоф равишда аралашиш ёки ўз хизмат вазифаларини бажаришига тўсқинлик қилиш учун маъмурий жавобгарлик, Жиноят кодексининг 1482-моддасида эса меҳнатга маъмурий тарзда мажбурлаш учун жиноий жавобгарлик белгиланган.

    Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш ўринлики, бугун қайси лавозимда ўтирганимиз ёки қандай масъул вазифаларни бажараётганимиздан қатъий назар, агар ҳар биримиз бизга ҳарфни танитган, ёзишни ўргатган, билим олишга, илмга, маърифатга чорлаган ва мустақил ҳаётга учирма қилган Устозларни эъзозласак, улар ҳуқуқларининг ҳимоясида тура олсак, жамият равнақи учун беҳисоб ҳисса қўшган бўлардик.

    Хайриддин ФАЙЗИЕВ,

    Юристлар малакасини ошириш маркази кафедра мудири

    No date selected
    май, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates