Хусусан, 2020 йил 6 ноябрдаги «Ўзбекистоннинг янги тараққиёт даврида таълим-тарбия ва илм-фан соҳаларини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони ижроси ҳамда жорий йилнинг 28 январь ва 5 апрель кунлари Президентимиз раҳбарлигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида берилган топшириқларга асосан Қашқадарё вилоят ҳокимлиги Тошкент шаҳридаги Халқаро Нордик университети билан ҳамкорликни йўлга қўйди. Натижада бугунги кунда амалий ишлар кўзга ташлана бошлади.
Жумладан, таълим тизими кенг ривожланган Финляндия тажрибасини амалда ўрганиш ҳамда ўқитувчилар малакасини ошириш, замон тажрибаларидан кенг фойдаланиш мақсадида етакчи мутахассис жалб этилди.
Жорий йилнинг сентябрь ойидан Финляндиянинг Савония университети профессори Петри Лунарскопри Қашқадарё вилояти ҳокимининг таълим масалалари бўйича маслаҳатчиси сифатида иш бошлади. Айни пайтда у бир қатор лояҳалар устида иш олиб бормоқда. Петри Лунаскопри педагогика фанлари доктори ва педагогика йўналишида халқаро даражадаги мутахассис ҳисобланади. У 20 дан ортиқ давлатларда К12 олий таълим бўлимининг ўқитиш хизматларида тренер сифатида тажрибага эга бўлиб, Финляндиядан ташқари Нидерландия, Англия, Португалия ва Венгрия давлатларида ишлаган. Финляндия таълимининг ривожланишига туртки бўлган концепция муаллифи ҳам ҳисобланади.
Ҳозирда хорижлик профессор вилоятда таълим тизимини ривожлантиришга қаратилган уч йиллик дастурни ишлаб чиқмоқда. Туман ва шаҳарлар халқ таълими бўлимларидаги икки нафардан методистларни Финляндияда малакасини оширишга бош-қош бўлмоқда. Шунингдек, вилоят педагогларини янги методикаларга ўргатиш Миллий марказини такомиллаштириш устида иш олиб боряпти.
— Ўтган икки ойдан ортиқ вақт мобайнида Қашқадарёдаги элликдан ортиқ мактаблар фаолияти билан яқиндан танишиб, таълим жараёнларини ўрганиб чиқдим, — дейди Петри Лунаскопри. — Натижада бир қатор хулосаларга келдим. Яъни Ўзбекистонда бу соҳада ишлар қай даражада олиб борилмоқда деган саволга жавоб қидирдим. Мувафаққиятлари ва камчиликларини аниқладим. Хулосаларим ҳақида ўртоқлашадиган бўлсам, мамлакатингизда бу борада кенг кўламли ҳаракатлар олиб борилмоқда. Болаларнинг баркамол авлод қилиб вояга етишлари йўлида қилинаётган ўзгаришлар ҳавасимни оширди. Юртингиз раҳбари бу борада бир қатор қарор ва фармонларни қабул қилиши, мактабларда шароитлар яратилиши, ўқитувчиларни рағбатлантириши борасида берилаётган имтиёзлар таълим соҳасида яхши самара беришига ишонаман.
Таълим масканларида бўлар эканман, ўқувчилар жуда одобли, маданиятли ҳамда билимга чанқоқ эканлигига гувоҳи бўлдим. Уларнинг чақнаб турган кўзларидан янгиликка интилиши юқори эканлигини сезиш қийин эмас. Бундай шароит ўқитувчиларнинг билим бериши учун ҳам жуда қулай.
Эътибор қаратиш лозим бўлган жиҳатлар ҳақида гапирадиган бўлсам, бу соҳани ривожлантириш мақсадида бир қатор изланишлар рўй бераётган бўлсада, аммо таълим беришда ҳалигача эскича тартиб сақланиб қолган. Бу эса тизимда янги босқичга ўтиш вақти келганини англатади. Шунингдек, яна бир муаммоли тарафи, ўқитувчиларни тайёрлаш ва малакасини ошириш борасида ҳам эскича ёндашувлар мавжуд. Бу ўқувчиларга билим бериш методикасида ҳам бор. Яна бир томони, билим беришда ўқувчилар фақатгина тест жараёнларида яхши натижа олишига қаратилгани. Бу жараён эса ёшларда фақатгина тест учун ўқиш керак, деган тасаввурни шакллантиради. 21 аср — ахборот технологиялари даврида бу қотиб қолган тушунчаларни ўзгартириш лозим.
16 та мактаб танлаб олинди
— Давлатимиз раҳбарининг тегишли топшириқларига асосан юртимизда халқ таълимини ривожлантириш янги босқичга олиб чиқилмоқда, — дейди Қашқадарё вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғи ўринбосари Мақсуд Панжиев. — Жорий йил сентябрь ойи бошида иш бошлаган хорижлик мутахассис ўз тажрибалари билан яқиндан ўртоқлашмоқда. Мактаб ўқитувчилари учун семенар-тренинглар ўтказмоқда. Ўзининг бор малакасини ишга солиб, тизимга янгиликлар олиб кириш устида иш олиб боряпти. Ҳозирча вилоятимизда 16 та умумтаълим мактаби танлаб олиниб, синов тариқасида Финляндия тажрибаси жорий этилмоқда. Бунинг учун Петри Лунаскопри жойларда иқтидорли ўқитувчиларни ҳамкорликка таклиф қилган.
Бугунги кунда Финляндия таълими дунёдаги энг етакчи ўринлардан жой эгаллаб келмоқда. Жумладан, кейинги пайтда давлатимиз раҳбари томонидан халқ таълими тизими борасида ўтказилган йиғилишларда айнан Финляндия давлати мисол қилиб кўрсатилди. Ушбу мамлакат ҳозирда таълим сифатини баҳолаш бўйича ўтказилган халқаро тадқиқотларда ўз муваффақиятлари билан ажралиб туради. Финляндияда ўқувчилар таълим сифатини баҳолаш бўйича тадқиқотидаги барча йўналишларда саводхонлик кўрсаткичлари бўйича энг яхши натижаларга эришиб келаётгани сир эмас. Демак, юқорида айтилганидек синов тариқасида 16 та мактабда бошланаётган жараёнлар тез орада бутун вилоятга кенг татбиқ этилади.
Бир гуруҳ мутахассислар иш бошлайди
Петри Лунаскопрининг маълум қилишича, айни кунларда бир қатор муҳим ўқув дастурлари ишлаб чиқилмоқда. Бу асосида келгусида иш олиб борилади. Бунинг учун унга барча имкониятлар яратиб берилган.
— Албатта, самарага эришиш учун бироз вақт талаб этилади, — дейди финляндиялик профессор. — Қолаверса, бу бир кишига боғлиқ жараён эмас. Кейинчалик Финляндиядан яна бир гуруҳ мутахассисларни таклиф этиш режамизда бор. Шунда бир гуруҳ бўлиб тизимга режаларимизни амалда бажаришга киришамиз.
Ўтган вақт давомида қилинадиган иш тақсимотини тузиб олдим. Жумладан, халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш ҳудудий марказида педагоглар учун беш кунлик доимий тренинглар ташкил қилинган. Бу марказ соҳадаги янгиликларнинг энг қуйи бўғинигача етиб боришида асосий вазифани бажариши лозим. Сабаби бир йилда бир марта барча ўқитувчилар ўз билим ва малакаларини ошириб боради. Шу боис, бу ерда таълим ислоҳотларини йўлга қўйишда, аввало, бу марказларнинг масъулиятини оширишга жиддий қараш керак бўлади.
Нега деганда, ўқитувчининг билим ва салоҳияти қанчалик кучли бўлмасин, у кўп йиллар давомида ўзгармаган ўқув дастурлари ва дарс режалари билан қуроллантирилса, кутилган самарага эришиб бўлмайди. Юртингиз таълим тизимидаги асосий муаммо ҳам ўқитувчиларнинг ҳозирга қадар назарий методларга таяниб дарс бераётганида. Яъни ўқувчи дарсда бериладиган назарий билимларни ўзлаштиргани билан, уни амалда қўллаш бўйича билим ва кўникмаларга эга бўлмаяпти.
Энг муҳими — ўқитувчилар малакаси
Финландиялик мутахассиснинг фикрига кўра, ўзгаришларга ҳаракат энг аввало кичик қадамлардан бошланади. Бу янгиланишлар учун муҳим ҳисобланади.
— Стратегиямиз жуда оддий, — дейди хорижлик мутахассис. — Яъни, энг асосийси, ўқитувчиларни янги ва замонавий билим беришга тайёрлаш. Барчага маълумки, бугун ҳар бир соҳада ахборот технологиялари кенг жорий этилган. Бироз муддат аввал технологиялар фақатгина маълум бир доира вакилларида мавжуд эди. Бугун барча учун кенг имконият очилган. Ҳозирда ҳар биримиз мобил телефондан фойдаланишни яхши биламиз. Аммо, яна ўн-ўн беш йилдан сўнг бу тизим қайси томонга қараб кетиши ҳақида айтиш мушкул. Айнан шу нарсага ўқувчиларни ҳам мослаштириб бориш лозим. Таълим мақсадлари мунтазам ўзгариб бораверади. Ҳозирда олдимизда турган энг асосий масалалардан бири — бугунги кун талабларига мос равишда кадрларни тайёрлаш.
Бу борада ўқувчиларга келажакда ҳақиқатда керак бўладиган малака ва кўникмаларни сингдириш лозим. Яъни билим олувчи ёшлар мавжуд кўникмалар орасидан ўзлари учун керакли бўлганларини танлаб олиш имкониятига эга бўлишлари керак.
Яна бир нарса, бу ерда ота-оналар ҳам фарзандлари билимига жиддий эътибор қаратиши лозим. Яъни мактабга ишонмасдан қўшимча равишда пул сарфлаб, репетиторга жалб этишининг олдини олиш лозим. Бунинг учун мактабда сифатга ўзгартириш киритиб, ота-оналарнинг фарзанди шу ернинг ўзида қўшимча ўқимасдан ҳам яхши натижага эриша олишига ишонтира олиш керак. Бу, албатта, бироз вақт талаб этади. Ҳаракатларимиз натижасини келгуси йил март-апрель ойларида амалда кўрасиз.
Финляндия муваффақиятларининг сири нимада?
Маълумотларга кўра, ўқитувчилар салоҳияти Финляндия таълим тизимининг муваффақияти ҳисобланади.
Шу билан бирга, таълимда тенг шароитлар, узоқ муддатли таълим сиёсати, ишонч маданияти ва мустақил таълим олиш одатига урғу бериш — бу муваффақиятнинг бошқа омиллари ҳисобланади. Ўқитувчилар ва ўқувчилар ўртасидаги юқори даражадаги ҳамкорлик таълим тизимининг узлуксиз ишлашига ёрдам беради.
Финляндия қирқ йилдан зиёд вақт мобайнида кенг қамровли ва узоқ муддатли таълим ислоҳотини олиб бормоқда. Бу давлатнинг соҳадаги ютуғи изчил ва узоқ муддатли таълим ислоҳоти билан чамбарчас боғлиқ. Шунингдек, бу юрт муваффақиятлари сирини ўрганаётган кўплаб тадқиқотчилар бир-бирига боғлиқ бўлган турли хил омилларга асосланишини таъкидлайди. Уларни уч гуруҳга ажратиш мумкин: ўқитувчилар салоҳияти, таълим сиёсати ва фин маданияти билан боғлиқ.
Педагогларнинг юқори салоҳияти, биринчи навбатда, ўқитувчиларни тайёрлаш бўйича ўқитиш дастурларига боғлиқ. Энг яхши ўрта мактаб битирувчилари бўлажак ўқитувчи сифатида танлаб олинади. Бўлажак ўқитувчилар учун алоҳида ўқув мактаблари белгиланади ва улар одатда ўқув вақтларининг 10–15 фоизини ушбу мактабларда ўтказади. Мактаблар талаба-ўқитувчиларга барча керакли материаллар билан таъминланган алоҳида хона ажратиб беради. Талаба-ўқитувчилар дарс жараёнларини кузатиш билан биргаликда таълим жараёнида ҳам фаол иштирок этиб, катта тажриба тўплашади ҳамда мактаб жамоаси ва ўқувчилар ҳам улардан жуда фойдали ёрдам олишади.
Ўқитувчиларнинг таълим тизимидаги мослашувчанлиги ва мустақиллиги ҳам таълим сифатини таъминлашда муҳим роль ўйнайди. Ўқитувчилар малака ошириш курсига қўшилишни хоҳласа, маъмурият доимо уларни қўллаб-қувватлайди. Ўқитувчилардан фақатгина малака ошириш дастурида ўрганган нарсаларини мактабдаги бошқа ўқитувчилар бўлишиши сўралади.
Иккинчи гуруҳ сифатида қайд этилган Финляндия таълим сиёсатининг тўртта муҳим жиҳатига эътибор қаратиш лозим. Улар изчил ва узоқ муддатли сиёсат, билимга асосланган жамиятга содиқлик, таълим соҳасидаги ваколатларини кенгайтиришлар киради. Мазкур тўртта жиҳат 1970 йилдан бери муваффақиятли таълим ислоҳоти асосларини ташкил этди. Натижада эса кучли таълим тизими яратилди.
Демак, Финляндиянинг соҳада ўрганишга арзигулик жиҳатлари кўп. Бу борада юртимизда изчил одимлар ташланган экан, яқин келажакда ўзгаришлар кўзга ташлана бошлайди. Зеро, тараққиёт сари қилинган ҳар бир ҳаракат ўз самарасини бермай қолмаган.
Акбар РАҲМОНОВ,
«Янги Ўзбекистон» мухбири