Ўзбекистон Пиллачилик ва қоракўлчиликни ривожлантириш қўмитаси фаолиятига бағишланган пресс-тур ва матбуот анжуманида ОАВ вакилларига сўнгги 4 йил мобайнида пиллачиликда олиб борилаётган ислоҳотлар, шунингдек, қоракўлчилик тармоғини қайта тиклаш ва тараққий топтириш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳақида батафсил маълумот берилди.
Таъкидланганидек, Президентимизнинг 2020 йилнинг 2 сентябрдаги “Ўзбекистон Республикасида пиллачилик ва қоракўлчиликни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ва “Ўзбекистон Республикаси Пиллачилик ва қоракўлчиликни ривожлантириш қўмитаси фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори билан Пиллачилик ва қоракўлчиликни ривожлантириш қўмитасининг ташкил этилиши мамлакатимиз аграр соҳасинининг икки муҳим тармоғи тараққиётининг сифат жиҳатдан янги босқичини белгилаб берди. Пиллачилик соҳасида олиб борилаётган ислоҳотлар жадаллашди. Шунингдек, йиллар давомида эътиборсиз қолган қоракўлчилик соҳасини тўлиқ қайта тиклаб, қишлоқ хўжалигидаги энг сердаромад соҳага айлантириш борасида яхлит тизим яратилмоқда.
Қайд этилганидек, 2020 йил якунлари бўйича пиллачиликда йилда 4 мавсумда 403,5 минг қути ипак қурти парваришланиб, 21,4 минг тонна пилла хомашёси етиштирилди. “Ўзбекипаксаноат” уюшмаси таркибидаги корхоналар сони 91 тага етказилди, шундан 11 таси хорижий инвестициялар иштирокидаги қўшма корхоналардир. Олиб борилган ишлар натижасида 2020 йилда 76,5 миллион долларлик ипак маҳсулотлари экспорт қилинди.
2021 йилда эса пиллачиликда экспорт ҳажми йил якунида 86,7 миллион АҚШ долларига етиши кутилмоқда.
2021 йилда ипак қурти озуқа базасини мустаҳкамлаш мақсадида 5 790 гектар тутзорлар барпо қилинади ҳамда 40 миллион туп якка қатор тут кўчатлари экилади. Тутзорларни суғориш ишлари самарадорлигини таъминлаш мақсадида 140 та артизиан қудуқлари қазилади.
— 2021 йилда озуқа базасининг янада мустаҳкамланиши ҳисобига пиллачилик кластерлари томонидан 22 470 тонна тирик пилла хомашёси етиштирилади, — деди Пиллачилик ва қоракўлчиликни ривожлантириш қўмитаси раиси Баҳром Шарипов. — Шуниси эътиборлики, бугунги кунда ипак қурти аввалгидек бир эмас, балки тўрт мавсумда боқилмоқда. Ушбу маррага эришиш учун ислоҳотлар 4 йил аввал айнан пиллачилик озуқа базасини мустаҳкамлашдан бошланган эди. Озуқа базаси мустаҳкам бўлса пилла ҳосили ҳам ортади. Қайта ишлаш корхоналарини пилла хом ашёси билан мутаносиб равишда таъминлаш натижасида, уларнинг мавжуд ишлаб чиқариш қувватларидан фойдаланиш даражаси 2020 йилда 100 фоизга чиқарилди. Ҳозирда пиллани қайта ишлаш заводларига бўлган эҳтиёж ортганини ҳисобга олган ҳолда, 2021 йилда қатор янги корхона ишга туширилиши белгиланган ва режадаги ишлар изчил амага оширилмоқда.
Агар авваллари соҳадаги қайта ишлаш корхоналари йилига 2-3 ой ишлаган бўлса, ҳозирда улар хом ашё етарли бўлгани боис йил бўйи тинимсиз ишлайди. Бу эса, минглаб мавсумий иш ўринлари доимий, оилаларга мунтазам даромад келтирувчи иш ўринларига айланди, деган сўз.
Шу жиҳатдан 2021 йилда пиллани қайта ишлаш корхоналари томонидан 1 500 тонна хом ипак, 1 000 тонна ипак момиғи, 3 477,5 минг пог.м ипак мато, 342 дона ипак гилам, 815,6 тонна калаваланган ипак ип ишлаб чиқарилади.
Давлат дастури бўйича жорий йилда тармоққа 19,7 миллионн долларлик инвестиция киритилиши лозим, амалда 74,3 миллион доллар (3,7 баравар кўп) инвестиция киритилади.
Соҳада бандлик кўрсаткичи 862,5 минг нафарга (шундан доимий 32,6 минг нафар, мавсумий 829,9 минг нафар) етказилади.
Шунингдек, матбуот анжуманида қоракўлчиликни ривожлантириш бўйича олиб борилаётган ишларга ҳам алоҳида урғу берилди. Таъкидланганидек, қисқа вақт ичида кластер усулида ишлашни жорий этиш натижасида якка тартибдаги чорвадорларни кооперация усулида бирлаштириш ва саноат лойиҳаларини амалга ошириш туфайли соҳада аниқ натижаларга эришилмоқда.
Жумладан, Пиллачилик ва қоракўлчиликни ривожлантириш қўмитаси томонидан 48 та қоракўлчилик кластерлари ташкил этилиб, уларга яйлов майдонлари ноль ставкада ижарага берилди. Қоракўлчилик кластерлари 8 129 та хўжалик юритувчи субъект билан кооперация шаклида фаолиятни йўлга қўйди. 2020 йил якуни билан жун ва терини қайта ишлаш, бўрдоқичилик комплексларини ташкил қилиш орқали 23 миллиард сўмлик инвестиция маблағлари ўзлаштирилиб, 1 280 янги иш ўринлари яратилди. Жорий йилда 15 миллионн долларлик қоракўлчилик маҳсулотларини экспортга йўналтириш режалаштирилган.
2021 йилда 175 та инвестицион лойиҳалар доирасида 47,2 миллион АҚШ доллари миқдорида инвестицияларни ўзлаштириш, соҳа бўйича жами 145 500 та янги иш ўринлари яратиш кўзда тутилган.
Маълумки, қоракўлчилик соҳасининг озуқа базаси асосини яйловлар ташкил этади. Йиллар давомида яйловлардан нотўғри фойдаланилиши, озуқа экинларини табиий ва маданий усулда кўпайтиришга илмий асосланган ҳолда ёндашилмаганлиги оқибатида уларнинг катта қисми деградацияга учраган ёки фойдаланишдан чиқиб кетган.
Қўмита тасарруфидаги 17,4 миллион гектар яйлов майдонларининг 8,3 миллион гектари ёки 48 фоизи турли даражада деградацияга учраган, 1,8 миллион гектари ёки 11 фоизи фойдаланишга яроқсиз. Уларни яроқли ҳолга келтириш мақсадида Қўмита томонидан зарур чора-тадбирлар кўрилмоқда.
Матбуот анжуманида Президентимизнинг жорий йилнинг 9 февраль куни қабул қилинган “Қоракўлчилик тармоғини янада ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижросига ҳам алоҳида аҳамият берилди. Қайд этилганидек, қарорга мувофиқ, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари 2021 йил 1 мартга қадар қоракўлчилик кластерлари томонидан қўй ва эчкиларни бўрдоқига боқиш комплексларини ташкил этиш мақсадида уларга қишлоқ хўжалигида фойдаланилмаётган суғориладиган ерларни фойдаланишга киритиш шарти билан озуқалар етиштириш учун ер майдонлари ажратилиши белгиланган. Бугунги кунда Республикамизда 12 885 гектар ер майдонлари чорвачилик кластерларига ажратилди.
Бу асосан оборотдан чиққан ерлар бўлиб, кластерлар уларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилайди, зарур ҳолларда шўрини ювиш ишларини ташкил этади ва озуқабоп экинлар экади. Ҳозир баҳор мавсуми бўлгани боис, бу ишлар авжида.
— Бугунги кунда Республика “Қоракўлчилик” уюшмасига аъзо кластерлар томонидан 175 та (47 222 минг АҚШ доллари) инвестицион лойиҳалар амалга оширилиши режалаштирилган бўлиб, шундан 55 та жунни қабул қилиш ва қайта ишлаш заводи, 39 та донадор омухта ем ишлаб чиқариш корхонаси, 8 та терини қайта ишлаш заводи ҳамда 73 та бўрдоқичилик комплексларини ташкил этиш кўзда тутилган, — деди Баҳром Шарипов. — Ушбу лойиҳаларни амалга ошириш учун кластерлар томонидан 28 миллион 134 минг АҚШ доллари миқдорида банк кредитлари сўралган бўлиб, бугунги кунда Самарқанд вилоятида 1 та кластерга 500 миллион сўм ва Навоий вилоятида 3 та кластерга 1 миллиард 170 миллион сўм миқдорида кредит маблағлари ажратиб берилган.
Кредит сўраб мурожаат қилган бошқа кластерлар билан зарур ҳужжатларни расмийлаштириш ва гаров масаласини ҳал қилиш ишлари олиб борилмоқда. Бунда Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси билан яқин ҳамкорлик олиб борилмоқда.
Ушбу кредит маблағлари наслчилик қоракўлчилик хўжаликларидан қўйлар харид қилиш, қоракўлчилик соҳасида экспортбоп қоракўл ва қоракўлча терини қайта ишлаш ҳамда тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш корхоналарини ташкил этишга йўналтирилади. Шунингдек, бу маблағлар қоракўлчилик субъектлари томонидан озуқа цехлари (гранулятор)ни ташкил этилишини ҳамда қишлоқ хўжалиги техникалари ва агрегатлари, ресурс тежовчи ускуналар ва замонавий технологиялар харид қилинишини молиялаштириш, сув чиқариш иншоотларини барпо этиш ҳамда мавжудларини таъмирлаш ва модернизация қилиш бўйича лойиҳаларга сарфланмоқда. Ушбу кредитларни беришда Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан компенсациялар ажратилмоқда.








