Пиёдалар кийимининг ранги йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олишда қандай аҳамиятга эга?

    2022 йилнинг биринчи ярмида Ўзбекистонда 3 минг 559 та ЙТҲ содир бўлиб, уларда 2 минг 775 киши турли даражада тан жароҳатини олган, 784 нафари эса ҳаётдан кўз юмган.

    Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти мутахассислари пиёдалар кийимининг ранги йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олишда қандай аҳамиятга эга эканлигини таҳлил қилди.

    Ички ишлар вазирлиги Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати маълумотларига кўра, 2022 йилнинг биринчи ярмида Ўзбекистонда 3 минг 559 та ЙТҲ содир бўлиб, уларда 2 минг 775 киши турли даражада тан жароҳатини олган, 784 нафари эса ҳаётдан кўз юмган. Ҳар тўртинчи бахтсиз ҳодисага тезликнинг белгиланган меъёрдан оширилиши сабаб бўлган. Бахтсиз ҳодисаларнинг 47 фоизида пиёдалар уриб юборилган.

    Йўл-транспорт ҳодисалари катта иқтисодий харажатларга олиб келади. Масалан, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, ҳар йили йўл-транспорт ҳодисаларида 1,3 миллион киши ҳаётдан бевақт кўз юмади ва 20 милллион нафардан 50 миллион нафаргача одам турли ҳил тан жароҳатини олади. “Йўл ҳаракати хавфсизлигига сармоя киритиш: глобал хусусий сектор мажбурияти” номли тадқиқотда бахтсиз ҳодисалар дунё иқтисодиётига йилига 518 миллиард доллар зарар келтириши ҳисоблаб чиқилган.

    Жаҳон банки ҳисоботига кўра, йўл-транспорт ҳодисалари туфайли ҳаётдан кўз юмиш ва жароҳат олиш билан боғлиқ ҳолатлар иқтисодий ривожланишнинг ўрта ва узоқ муддатли истиқболига таъсир қилади. Чунки ЙТҲ катта ёшдаги одамларни меҳнатга лаёқатлилар сафидан чиқаради, жароҳат оқибатида меҳнат унумдорлиги пасаяди. 135 та мамлакатдаги ўлим даражаси ва иқтисодий кўрсаткичлар бўйича батафсил маълумотлардан фойдаланган ҳолда бахтсиз ҳодисалар оқибатида ўлим билан боғлиқ ҳолатларнинг ўртача 10 фоизга камайиши реал ЯИМнинг аҳоли жон бошига тўғри келадиган улушини 24 йил давомида 3,6 фоизга ошириши аниқланди.

    Йўлларда ўлим даражасини камайтиришнинг турли усуллари мавжуд. Самарали усуллардан бири бу тунда пиёдаларнинг ёрқин рангдаги кийимларни кийишидир.

    ПМТИ тунги вақтда пиёдалар кийимининг ранги қай даражада кўринишини намойиш этувчи инфографика тайёрлади. Ёруғликни қайтарувчи элементлар 130 метрдан кўринади. Бу эса соатига 80 километр тезликда ҳаракатланаётган автомобилнинг ҳам ўз вақтида тўхташига имкон беради. Ёрқин ранглар (сариқ, оқ) 37-55 метр масофадан кўринади. Агар кўк ранг 17 метр масофадан кўринса, қора ранг деярли кўринмайди.

    Тезликни белгиланган меъёрдан оширмаслик, мактаб ва бошқа таълим муассасалари ёнида тезликни пасайтириш ҳайдовчиларга транспорт воситасини ўз вақтида тўхтатишга улгуриш имконини беради. Пиёдалар кўп ўтадиган жойларда тезликни инфратузилмавий муҳандислик воситалари ёрдамида чеклаш амалиётини кенг миқёсда давом эттириш мақсадга мувофиқ. Масалан, жаҳон амалиётида йўл сатҳидан бироз баландроқ пиёдалар йўлаги, пиёдалар ўтадиган жойларда йўлнинг қатнов қисмини торайтириш, сунъий бурилишлар ва бошқа усуллар қўлланилади.

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates