Унда Ўзбекистон Республикаси инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Кудратов, Покистон Ислом Республикаси савдо вазири Жам Камол Хон, тегишли вазирлик ва идоралар раҳбарлари, шунингдек, икки давлатнинг 100 дан ортиқ йирик саноат корхоналари раҳбарлари иштирок этдилар.
Кун тартибига мувофиқ дастлаб делегация раҳбарларининг тор доирадаги икки томонлама учрашуви бўлиб ўтди. Унда савдо, инвестициялар, саноат кооперацияси, транспорт ва логистика соҳаларидаги ҳамкорликнинг ҳозирги ҳолати ва уни ривожлантириш истиқболлари муҳокама этилди.
Шундан сўнг, Ҳукуматлараро комиссиянинг 9-йиғилиши ўз ишини бошлади, унда тўғридан-тўғри Ўзбекистон-Покистон келишувларини амалга оширишга масъул бўлган вазирлик ва идоралар раҳбарлари томонидан берилган батафсил ҳисобот ва режалари тингланди.
Покистон Ўзбекистоннинг асосий савдо ҳамкорларидан бири ҳисобланади. Сўнгги беш йилда икки давлат ўртасидаги ўзаро савдо ҳажми 3 баравар кўпайди, жорий йил бошидан эса яна 10% ўсиб, 300 миллион доллардан ошди. Шу давр мобайнида қўшма корхоналар сони ҳам уч бараварга ошиб, 128 тага, автомобиль транспортида юк ташиш ҳажми қарийб 6,5 бараварга ўсиб, 2023 йилда 354 минг тоннага етди.
Қўшма инвестиция лойиҳалари ва савдо битимларини амалга ошириш босқичларини батафсил кўриб чиқиб, томонлар натижаларни янада ривожлантириш бўйича бир қатор аниқ чора-тадбирларни белгилаб олдилар. Шу жумладан, Имтиёзли савдо тўғрисидаги битим самарадорлигини ошириш, ҳар икки мамлакатда миллий маҳсулотлар кўргазмаларини ўтказиш ва савдо уйларини очиш ҳамда тадбиркорлар учун икки давлатнинг электрон савдо майдончаларига кириш имкониятларини кенгайтириш масалалари муҳокама этилди.
Инвестиция ҳамкорлиги доирасида 2025-2026 йиллар учун “Саноат кооперацияси дастури” ишлаб чиқилади ва қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат саноати, ахборот технологиялари, кимё саноати, текстиль ва машинасозлик каби соҳаларда кенг кўламли қўшма лойиҳалар амалга оширилади. Шунингдек, транспорт алоқаларини ривожлантириш ва мамлакатлар ўртасида товарлар ҳаракатини соддалаштириш бўйича бир қатор чора-тадбирлар келишиб олинди.
Тадбирлар якунида Ҳукуматлараро комиссия йиғилишининг якуний баённомаси ҳамда Ўзбекистон Республикаси инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги ва Покистон Ислом Республикаси савдо вазирлиги ўртасида электрон тижорат соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш бўйича Ўзаро англашув меморандуми имзоланди, деб хабар беради Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги матбуот хизмати.