Покистон билан кўп қиррали ҳамкорликни янада кенгайтиришга келишиб олинди

    Халқаро ҳамкорлик 28 декабр 2022 2269

    Ўзбекистон Республикаси ҳукумати делегациясининг жорий йил 26-27 декабрь кунлари Покистон Ислом Республикасига ташрифи доирасида Бош вазир ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири Жамшид Ходжаев Покистоннинг асосий вазирликлари ва идоралари ҳамда ишбилармон доиралар вакиллари раҳбарлари билан бир қатор учрашув ва музокаралар ўтказди.

    Хусусан, ПИР савдо вазири Саййид Навид Қамар, унинг биринчи ўринбосари Суалеҳ Аҳмад Фаруқий, миллий озиқ-овқат хавфсизлиги ва тадқиқотлар вазири Тариқ Башир Чеема, молия вазири Ишақ Дар, режалаштириш, ривожланиш ва махсус ташаббуслар вазири Аҳсан Иқбол, темир йўллар вазири Хаважа Саад Рафиқ билан учрашувлар бўлиб ўтди.

    Ушбу учрашувларда ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини 1 миллиард долларга етказиш бўйича Қўшма дастурни қабул қилиш ва келгусида амалга ошириш, Имтиёзли савдо битими юзасидан келишиш ишларини якунлаш ва уни кучга киришини таъминлаш, Транзит савдоси тўғрисидаги битим имкониятларидан тўлиқ фойдаланиш каби икки томонлама ҳамкорликнинг долзарб масалалари муҳокама этилди. Тўқимачилик саноати, қурилиш материаллари, минерал ўғитлар, маиший техника ишлаб чиқариш, уй-жой қурилиши, фан-техника, туризм соҳаларида умумий қиймати 500 миллион доллардан ортиқ бўлган инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш бўйича аниқ чора-тадбирлар кўриш, шунингдек, кимёвий маҳсулотларни ўзаро етказиб беришга келишилди.

    МДҲ давлатлари, Жанубий, Жануби-Шарқий Осиё ва Африка мамлакатлари бозорларига биргаликда маҳсулотларни чиқаришни назарда тутган ҳолда Ўзбекистон ва Покистоннинг транзит салоҳиятидан тўлиқ фойдаланиш лозимлиги қайд этилди. Шу муносабат билан Карачи ва Гвадар портларида Ўзбекистон компаниялари томонидан off-dock терминалларни ижарага олиш имконияти ўрганилди.

    Томонлар Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етказиб бериш, шакар ва сут маҳсулотлари экспортини йўлга қўйиш ва ишлаб чиқарилишини ташкил қилиш, қўшма шоли етиштирувчи фермер хўжаликлари ва эчки фермаларини ташкил этиш масалаларини назарда тутган ҳолда, қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ҳамкорлик истиқболларини алоҳида таҳлил қилдилар.

    Покистон томони муҳокама этилган ташаббусларга ҳар томонлама ёрдам кўрсатишга, фитосанитария назорати бўйича ягона қоидаларни жорий этишга, Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш жараёнига техник ва маслаҳат ёрдамини кенгайтиришга ҳамда минтақавий транспорт-логистика лойиҳаларини амалга ошириш доирасида ҳамкорликни кучайтириш ва минтақадаги манфаатдор давлатларни ҳам ушбу жараёнга жалб этиш юзасидан муносабатларни давом эттиришга тайёрлигини билдирди.

    Ташриф доирасида Бош вазир ўринбосари Покистоннинг TCS Logistics, Nishat Group, Ejaz Group, Fotima Group, All Pakistan Textile Mills Association, Getz Pharma, Najeeb Fibres, Wah Nobel Group, AKD Group, Jazz, Sarhad Савдо-саноат палатаси, Alam Match ва бошқа компаниялар раҳбарларидан иборат ишбилармон доиралари делегацияси билан ҳам учрашди. Учрашувларда Ўзбекистоннинг инвестициявий муҳити, хорижий инвесторлар учун яратилган шарт-шароитлар ва аниқ лойиҳалар тақдим этилди.

    Мулоқот якунлари бўйича Ўзбекистон томони қўшма сармоявий лойиҳа ва ташаббусларни амалга оширишда ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга тайёрлигини билдирди, деб хабар беради Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги матбуот хизмати.

    No date selected
    декабр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates