Аслида, эри ёмон бўл деб танбеҳ бермасди. Аёлнинг ўзи билдиришича, диний илм олишга, ҳижоб ўрашга ундар, рўзғор ташвиши, тирикчилик сабабиданми, қўшни юртга бирга ишлашга кетишини таъкидларди.
2022 йил 12 август оқшоми. Наманган вилояти Поп туманининг “Истиқбол” маҳалласидаги кўп қаватли уйларнинг бири. Ўша кунги жанжал ҳам шундан бошланди. Аёл эрининг талабига унамади. Эр эса ўз ҳукмини ўтказишини қўймади. Нима учун қўшнининг уйига чиққанини сўраган эр гапга кўнавермаган хотинига “Остона ҳатлаб кўчага чиқмайсан, йўқса, ўлдираман”, деб ёстиқ остидаги пичоқни кўрсатиб, ўдағайлади. Шу тобда бу пичоқ ўзининг қонига бўялиб, ҳаётига аянчли хотима ясашини билмасди.
Аёлнинг судда баён этишича, бироздан сўнг ухлаб қолади, бирданига эри бўйнидан қаттиқ бўғиб, оёғини кўкрагига босиб, араб тилини ўрганишини, ҳижобга киришини талаб қилади. Шартларига рози бўлгач, уни қўйиб юбориб, ўзи ухлаб қолади. Эрининг тазйиқи ва ундовидан ғазабланган аёл унинг қотиб ухлашини кутади. Бирор соатлар ўтгач, ёстиқ остидаги пичоқни олиб, икки бор чап биқинига санчади.
Оғриқдан уйғонган эр бир ёстиққа бош қўйган хотинидан бундай разилликни кутмагани боис, унга қаршилик қилмади, дод солиб бақирмади ҳам. Дарҳол ўрнидан туриб, эшик томон юрди. Бироқ мувозанатни йўқотди, деворга суяниб, полга ўтириб қолди ва унга қараб кулиб, “Мендан рози бўласанми?” деди-ю, гурсиллаб йиқилди. Эри хириллаб нафас оларди. Шунда ҳам юраги сесканмаган аёл “жони чиқишга қийналяпти” деган ўйда ўз эри, қачонлардир умид билан бир ёстиққа бош қўйган, ҳозир эса жон талвасасида ётган умр йўлдошининг кўкрагига яна зарб билан пичоқ урди. Сўниб бораётган кўзлари ҳамон очиқ эр хотинига қараб ҳазин кулди.
Қўли қонга ботган ожиза айни лаҳзада ваҳшийга айланиб, буткул разолатга ботган, инсон қиёфасини унутганидан нигоҳларида заррача раҳм-шафқатдан асар ҳам қолмаганди. Аксинча, қаршисидаги эрининг кулганидан баттар жаҳлланиб, пичоқ билан бўйнини шартта узиб ташлади...
Тун пардасини баттар зулмат, зимистонлик қоплади. Бутун борлиқ тинч ва осуда тин олаётган пайтда эр ўз аёли разиллигидан жон таслим қилди. Хўжайинининг нафаси тиниб, иссиқ танаси совиганида ҳам тўхтамади. Ғишт бўлаги билан уриб, жасаднинг 4 дона тилла тишини синдириб олди. Кейин хаёлига келган дастлабки ўй мурдани изсиз йўқотиш бўлди. Уни кўтариб, судраб олиб чиқмоқчи бўлди, уддалолмади, оёқларини букмоқчи эди, букилмади. Аввал икки оёғини сонидан, сўнг чап қўлини елкасидан кесиб ташлади. Мурдани ўраб, бошга қоп кийдириб, яна одеял ва палосга ўради...
Тонгда машина ахтарди ва тезда топди. Бурдаланган мурдани сандиққа жойлаб, биров билмаслиги учун устига янги нарсаларни солиб беркитиб, кўчага судраб чиқади. Қўшниси юклашга ёрдамлашади. Атрофга разм солиб кетаётган аёл сандиқни ташлаб юборишга қулай, кимсасиз ҳудудга етганда ҳайдовчидан шу ерда тўхтатишини, бошқа транспорт чақириб, манзилига етиб олишини айтади. Сандиқни каналга ташлаб, марҳум эрининг оғзидан қоқиб туширган тилла тишларни 1.400.000 сўмга сотган манфур аёл жасад солинган сандиқ сувда оқиб ва чўкиб, қотиллик изсиз йўқолди, деб ўйлаган эди. Йўқ, яширишга уринган манфурлиги барибир фош бўлди. Ўз умр йўлдоши қотилига айланган аёл суд ҳукми билан 13 йилу 3 ой муддатга озодликдан маҳрум этиш жазосига тортилди.
Шуҳратжон ҚУРБОНОВ,
Наманган вилоят суди судьяси