Президент, ижод ва ихтисослашган мактаблар — тараққиётнинг янги босқичи

    Президентимиз раислигида жорий йилнинг 10 сентябрь куни ахборот технологиялари соҳасида салоҳиятли кадрлар тайёрлаш ва иқтидорли ёшлар билан тизимли ишлаш масалалари муҳокамаси юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида келажакда Президент мактабларини республикамиздаги барча умумтаълим мактаблари учун локомотивга айлантириш ҳамда Агентлик педагог-кадрларининг малакасини ошириб бориш бўйича амалга ошириладиган ишлар белгилаб берилганди.

    Президентимиз раислигида жорий йилнинг 10 сентябрь куни ахборот технологиялари соҳасида салоҳиятли кадрлар тайёрлаш ва иқтидорли ёшлар билан тизимли ишлаш масалалари муҳокамаси юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида Президент ва ижод мактаблари ҳамда ихтисослашган мактабларда таълим-тарбия сифатини ошириш масалалари ҳам муҳокама қилинганди. Жумладан, келажакда Президент мактабларини республикамиздаги барча умумтаълим мактаблари учун локомотивга айлантириш ҳамда Агентлик педагог-кадрларининг малакасини ошириб бориш бўйича амалга ошириладиган ишлар белгиланган.

    Шунга кўра, айни пайтда белгиланган вазифалар ижроси юзасидан бир қанча лойиҳалар ишлаб чиқилиб амалиётга татбиқ этилмоқда.

    Мактаб маслаҳатчиси ким?

    Президент мактаби ўқувчиларида ҳаётий кўникмаларни ривожлантириш, ўз қизиқиш ва иқтидорига мос касбни танлашда йўналиш бериш мақсадида бир қатор самарали ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, Агентлик томонидан «Мактаб маслаҳатчиси» — “School Counselor” дастури ва уни амалга ошириш механизми ишлаб чиқилиб, 2021-2022-ўқув йилидан Президент мактабларида жорий қилинмоқда. Мазкур дастурдан кўзда тутилган мақсад таълим йўналишлари бўйича индивидуал маслаҳатлар бериш, дунёнинг энг ривожланган мамлакатларидаги нуфузли олий ўқув юртлари ҳақидаги маълумотлар билан таништириш, олий ўқув юртларига ҳужжат топшириш ва рўйхатдан ўтиш бўйича керакли тавсияларни бериш, эҳтиёж юқори бўлган касблар билан таништириш ва уларга йўналтиришдан иборат.

    Шунингдек, дастурда мактаб маслаҳатчилари ишини тўғри ташкил қилишлари учун уларга босқичма-босқич йўриқнома кўрсатилган. Йўриқномада 14-18 ёшли ўқувчиларга ўқишга қабул қилинишида зарурий ҳужжатларини (reference letter, application, essay) тайёрлаш, белгиланган муддатлар, шунингдек, Топ — 300 таликка кирувчи университетлар тўғрисида маълумот бериш, тўлиқ грантларни қўлга киритиш юзасидан амалий машғулотларни олиб бориш бўйича кўрсатмалар берилган.

    Мактаб маслаҳатчисининг вазифалари

    Соҳада муваффақиятга эришган касб эгалари билан маҳорат дарслари, учрашувлар ташкил этиш, таълим истеъмолчилари қизиқиш билдирган соҳалари бўйича амалий экскурсия ва танишувлар амалга ошириш, мактаб психологи билан ҳамкорликда ўқувчилар ёши, психофизиологик хусусияти, қобилияти ва иқтидорига кўра ҳаётда ўз йўналишини тўғри танлай олишига кўмаклашиш, Президент мактаби ўқувчиларида миллий ва анъанавий қадриятларга бўлган ҳурмат, ифтихорни ривожлантириш мақсадида мактабда IT, кичик тадқиқотчилик, миллий ҳунармандчилик каби йўналишлар бўйича тўгараклар ташкил қилиш ва уларни самарали амалга оширишдан иборат.

    Мазкур дастур муваффақиятли ўтгач, ижобий тажриба халқ таълими тизимидаги мактабларга трансляция қилиниши кўзда тутилган.

    Малака оширишнинг замонавий усули

    Шунингдек, Президент таълим муассасалари агентлиги томонидан Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактабларда фаолият юритаётган юқори малакали раҳбар ва педагог кадрларнинг малака ошириш жараёнларини мониторинг қилиб бориш, уларнинг касбий ривожланиш натижалари ва ўзлаштирган ўқув дастурлари тўғрисидаги маълумотларни узлуксиз киритиб борилишини таъминловчи махсус электрон платформа ишлаб чиқилди.

    Педагогик маҳорат ва халқаро баҳолаш маркази томонидан Агентлик тизимидаги раҳбар ва педагог ходимларни узлуксиз касбий ривожлантириш, халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликда халқаро даражадаги малака ошириш курсларини (Cambridge Assessment PDQ ва бошқа), билим ва кўникмани баҳоловчи имтиҳонларни (TKT, APTIS for teachers ва бошқа) ташкил этиш ва сертификат бериш амалиётини жорий этишга катта аҳамият қаратилади. Агентлик тизимидаги педагогларни касбий сертификатлаш, халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликда ўқувчиларнинг билим ва кўникмаларини баҳолаш ва сертификатлаш тизими (International Advanced Level ва бошқа) жорий қилинади. Агентлик тизимидаги таълим муассасалари битирувчиларини якуний давлат аттестациясидан ўтказиш ҳамда миллий сертификатлаш тизимини ишлаб чиқиш ва жорий этиш, ўқувчиларининг таълимдаги ютуқларини таълим дастурларига асосланган ҳолда баҳолашни илмий-методик жиҳатдан таъминлаш, такомиллаштириб бориш кўзда тутилмоқда.

    Таълим сифатини баҳолаш ҳамда илмий асосланган хулоса ва таклифлар Президент таълим муассасалари агентлиги, Халқ таълими вазирлиги ва бошқа манфаатдор ташкилотларга тақдим этиб борилади. Агентлик тизимидаги таълим муассасаларга иқтидорли ўқувчиларни қабул қилиш жараёни мувофиқлаштирилади ҳамда тест синовларини амалга ошириш, таълим дастурлари, ўқув-методик адабиётларни ишлаб чиқиш ва такомиллаштириш, замонавий ахборот-коммуникация технологияларини қўллаган ҳолда ўқув-методик адабиётларни нашрга тайёрлаш ва чоп этишга эътибор қаратилади. Таълим ва илмий-тадқиқот соҳаларига доир инновацион ғоялар ва лойиҳаларни амалга ошириш, илмий фаолият, педагогик маҳорат ва баҳолаш соҳасида халқаро алоқаларни ўрнатиш, ҳамкорликдаги лойиҳаларни ишлаб чиқиш ҳамда амалга ошириш ишлари олиб борилади.

    Амалдаги мавжуд малака ошириш марказ ва институтларида раҳбар ва педагог ходимлар учун фанлар ва йўналишлар кесимида ўзгармас, бир қолипга солинган режалар асосида малака ошириш курслари ташкил этилиб келинган бўлса, айни пайтда таълим тизимини янада такомиллаштириш, инновацион ғояларни раҳбар ва педагог кадрлар томонидан эркин амалга ошириш имкониятини яратиш, уларнинг амалиётдаги эҳтиёжларини аниқлаш ва шундан келиб чиқиб такомиллаштирилган режалар асосида онлайн, офлайн ҳамда гибрид шаклдаги касбий ривожланиш тизимини ва ўқув курсларини ташкил этиш режалаштирилган.

    Амалдаги тизимда раҳбар ва педагог ходимлар амалиётдан узоқлашган ҳолда малака оширган ва тасдиқланган режа асосида ўқитилиб келинган. Маҳорат маркази томонидан тренинг ўтказиладиган мактабларга бориб таълим сифати, у ердаги ўқув жараёнларига таъсир кўрсатувчи омиллар ўрганилади ва модуль тизими шаклида ўқув курслари режалаштирилади. Ўқув курслари мактабларнинг ўзида тренер ўқитувчилар томонидан ташкил этилиб фан, йўналишларга ажратилмасдан, мактабдаги жами педагог ходимларни жалб этган ҳолда ўтказилади. Курсларнинг асосий мақсади мактаб жамоаси ўртасида соғлом муҳитни шакллантириш, ўзаро тажриба алмашиш, ўқитиш методикасини ривожлантириш, жамоанинг бир мақсад сари ўқитилиши таъминланади. Халқаро тажрибадан келиб чиқиб педагог ходимларни фанларга ажратиб ўқитиш мақсадга мувофиқ эмас. Негаки уларга фан ўргатилмайди, аксинча ўқитиш ва баҳолаш методикасини ривожлантиришга хизмат қилади.

    Анъанавий шаклда малака ошириш курсларини тугатган педагог ходимларнинг кейинги фаолияти ҳамда курсларнинг самараси ўрганилмайди, Шу сабабли педагогларнинг ўқув курслари давомида олган билим-кўникмаларини амалиётда қўллай олиши мониторинг қилиб борилади.

    Бу орқали ҳар битта ўқитувчининг ҳамда мактабнинг портфолиоси шакллантирилади ва доимий равишда таълим сифати таъминланади.

    Элчилар билан учрашувлар

    Видеоселекторда Ташқи ишлар вазирлиги хориждан ўқув дастурлари, адабиётлар ва жиҳозлар, малакали педагоглар ва молиявий грантлар жалб қилишга кўмаклашиши ва шунингдек, хорижий мактаблар билан ўқитувчи ва ўқувчиларни алмашиш дастурлари амалга ошириш ҳам белгиланган бўлиб, бу борада ҳам бир қанча ишлар амалга оширилмоқда.

    Энг аввало хорижий давлатларнинг Ўзбекистондаги элчилари учун Тошкент шаҳридаги Президент мактабига экскурсия ташкил этилди.

    Мазкур таништирув учрашувида Германия, Ҳиндистон, Швейцария, Туркия, Латвия, Италия, Корея давлатлари элчилари ҳамда KOICA, Unicef ва UNESCO ташкилоти вакиллари иштирок этиб, мактаб фаолияти билан яқиндан танишишди.

    Шунингдек, ўқув дастурлари, адабиётлар ва жиҳозлар, малакали педагоглар ва молиявий грантларни жалб қилиш бўйича амалга ошириладиган ишлар юзасидан муҳокама олиб борилди.

    Яқинда эса Ўзбекистоннинг хориждаги элчилари Президент таълим муассасалари агентлиги фаолияти билан танишиш мақсадида ташриф буюришди.
    Очиқ мулоқот шаклида ўтган учрашувда хорижий ҳамкорларни ўқув жараёнини янада такомиллаштириш, янги таълим технологияларини жорий этиш борасидаги ишларга жалб қилиш бўйича яқин ҳамкорликни йўлга қўйиш тўғрисида келишувга эришилди.

    Ҳилола УМАРОВА,

    Президент таълим муассасалари агентлиги директори

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates