Мазкур нуфузли анжуманнинг иккинчи кунида иштирокчилар ўзаро тажрибалар билан ўртоқлашиш, халқаро ташкилотлар ва молиявий институтларнинг бу борадаги замонавий ёндашувларини ўрганиш мақсадида «Хотин-қизлар ва болаларга нисбатан зўравонликнинг барча шаклларини бартараф этишнинг минтақавий жиҳатлари: уларнинг мамлакат ижтимоий-иқтисодий ривожланишига салбий таъсирини бартараф этиш бўйича превентив чора-тадбирлар», «Минтақадаги нодавлат ташкилотларнинг хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишдаги илғор тажрибаси, амалиёти ва инновацион ёндашувлари» каби мавзуларда параллель сессияларга бўлинган ҳолда ишни давом эттирди.
Форумда иштирок этган 30 дан ортиқ хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотлардан нуфузли меҳмонлар – Шарқий Осиё, Жануби-Шарқий Осиё, Жанубий Осиё ва Марказий Осиё мамлакатлари парламентларининг аёл аъзолари, ҳукуматлари раҳбарлари, хорижий давлатларнинг мамлакатимиздаги ваколатхоналари ҳамда хорижий ташкилотларнинг 40 нафардан ортиқ вакиллари мамлакатимизда гендер тенгликни таъминлаш борасида олиб борилаётган ишларни юқори баҳоладилар.
Дарҳақиқат, хотин-қизларнинг манфаатларини, гендер тенгликни таъминлаш ва оилалар мустаҳкамлиги масалалари мамлакатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланган.
Бунинг натижасида ижтимоий-сиёсий, иқтисодий ҳамда маънавий ҳаётимизда, муҳим қарорлар қабул қилинишида хотин-қизларнинг иштироки сезиларли равишда кенгайиб боряпти.
Қисқа давр ичида соҳага доир халқаро стандартларга мос миллий қонунчилик базаси шакллантирилди, сўнгги 5 йилда 80 дан ортиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинганлиги бунга ёрқин мисолдир.
«Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида» ҳамда «Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида»ги муҳим қонунлар қабул қилинди ва амалиётга жорий этилди.
Шунингдек, форумда Ўзбекистон парламенти юқори ва қуйи палаталарида, маҳаллий Кенгаш депутатлари таркибида, ижро органларида ҳам аёллар ўрни ортиб бораётгани қайд этилиб, бугун аёл вазирлар, вазир ўринбосарлари, ҳокимлар ва ҳоким ўринбосари, йирик нодавлат нотижорат ташкилоти раҳбари лавозимидаги хотин-қизлар синфи пайдо бўлгани ҳамда йил сайин уларнинг сони ортиб бораётгани алоҳида қайд этилди.
Гендер тенглик сиёсатини тўғри йўлга қўйиш ва унинг тўлақонли амалга оширилишини таъминлаш мақсадида 2030 йилга қадар мўлжалланган гендер стратегияси қабул қилинди.
Икки кунлик Форум доирасидаги мулоқотларда иқтисодий, сиёсий ва ижтимоий ҳаётнинг барча жабҳаларида хотин-қизларнинг фаоллигини ошириш бўйича таклифлар ишлаб чиқилиб, бу борадаги саъй-ҳаракат ҳамда имкониятлар таҳлил этилди.
Шунингдек, хотин-қизларнинг иқтисодий ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш ҳамда имкониятларни очиб бериш, шу жумладан, меҳнатга тенг ҳақ тўлаш ва Осиёда аёллар тадбиркорлиги учун қулай шарт-шароит яратиш билан боғлиқ масалалар муҳокама қилиниб, истиқболдаги вазифалар белгилаб олинди.
Форум якунида олиб борилган музокара ва муҳокамалар натижаси сифатида Самарқанд декларацияси қабул қилинди, деб хабар беради Олий Мажлис Сенати матбуот хизмати.