Брифингни партиянинг вилоят кенгаши раиси Аҳмаджон Алоходжаев очди ва сайлов кампанияси даврида партия томонидан қилинаётган ишлар, ўтказилаётган тадбирлар, жараёнга тайёргарлик, сайлов қонунчилиги доирасида олиб борилаётган чиқишлар хусусида гапирди.
Дастлабки сўзни «Миллий тикланиш» демократик партиясидан кўрсатилган номзод Алишер Қодировнинг ишончли вакили, институт ректори, вилоят кенгаши депутати Одилжон Маматкаримовга берилди. Ишончли вакил йиғилганларни номзоднинг таржимаи ҳоли билан таништириш билан бир қаторда сайловолди дастуридаги муҳим вазифалар, эътибор қаратилиши лозим бўлган алоҳида жиҳатлар ҳақида батафсил маълумот берди.
Брифингда тарғибот тадбирларини барча фуқароларимизга, кенг жамоатчиликка етиб боришида оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорлик нақадар катта ўрин тутиши алоҳида таъкидланиб, муҳим сиёсий жараённи янада ошкора ва шаффоф ўтказиш ҳамда бошқа масалалар муҳокама қилинди. Сайлов ташвиқотини янада кучайтириш юзасидан билдирилган таклиф-мулоҳазалар тингланди ва уларни амалиётда қўллаш учун умумлаштирилди.
Брифинг давомида журналист ва блогерларнинг саволларига атрофлича жавоблар қайтарилди.
Орифжон ЖЎРАЕВ,
«Янги Ўзбекистон» мухбири.