Марғилон шаҳридаги маданият марказида бўлиб ўтган тадбирда дастлаб иштирокчиларга Баҳром Абдуҳалимовнинг таржимаи ҳоли ва фаолияти ҳақида ҳикоя қилувчи видеолавҳа намойиш этилди. Шундан сўнг Президентликка номзод Баҳром Абдуҳалимов Фарғона вилоятининг ўзига хос салоҳияти, бой мероси хусусида сўз юритди.
– Фарғона нафақат Ўзбекистоннинг, балки Марказий Осиёнинг гавҳаридир, – дейди Б.Абдуҳалимов. – Миллий ҳунармандчилиги, буюк алломалари, бебаҳо маданияти барчамизнинг фахр-ифтихоримиздир. Бу ернинг тарихи билан доимо қизиққанман. Аҳмад Фарғоний, Бурҳониддин Марғиноний каби алломаларимизнинг меросини чуқур ўрганиш, тадқиқотлар олиб бориш кун тартибидаги асосий вазифалардан саналади. Улардан фақат фахрланиш эмас, аждодларга муносиб бўлишимиз лозим.
Шундан сўнг сайловолди дастурининг муҳим йўналишлари билан сайловчиларни таништирди, адолатли жамият ва адолатпарвар давлат қуриш борасида бир қатор таклифларни илгари сурди. Ижтимоий ҳаётда адолатни таъминлаш муҳим эканлиги мисоллар ёрдамида тушунтириб берилди.
Депутатларнинг сайловчилар ва партия одидаги масъулияти ва ҳисобдорлигини ошириш, уларнинг фаолиятини халқ ҳаёти билан узвий боғлаш чоралари кўрилиши таъкидланди. Давлат бошқарувининг барча соҳаларида, айниқса, суд тизими ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари фаолиятида, таълим соҳасида коррупцияни йўқ қилиш асосий мақсад эканлигига алоҳида эътибор қаратилди. Ўқитувчилар обрў-эътибори ва ҳуқуқий мақомини янада кўтариш, уларнинг иш ҳақи ва ижтимоий мавқеини оширишга қаратилган ташкилий-ҳуқуқий чора-тадбирларни амалга ошириш мақсадида “Ўқитувчининг мақоми тўғрисида” қонун қабул қилиниши ташаббускори бўлишлиги қайд этилди.
Учрашув давомида партия фахрийси Наримон Шодиев, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари – Муҳаммаджон Валиев, Гулбаҳор Саидғаниева, Фарғона давлат университети ўқитувчиси Шохида Аббосова, Фарғона “Ибратли Бегим” нодавлат таълим муассасаси раҳбари Шаҳноза Ғаниева, “Юксалиш лидерлари академияси” Фарғона филиали ходими Араббой Фаёзов, Олтиариқ туманидаги 26-умумий ўрта таълим мактаби директори Абдуғани Набиевлар сўзга чиқиб, сайловолди дастурида кўзда тутилган масалалар, таклиф ва ташаббуслар ҳақида сўз юритди. Номзодни қўллаб-қувватлаб, 24 октябрь куни бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида фаол иштирок этишга чақирди.
М. Сулаймонов,
ЎзА