Пробация назоратидаги шахслар билан олиб борилаётган ишлар самарадорлиги оширилади

    Сенатнинг эллик тўққизинчи ялпи мажлисида сенаторлар томонидан “Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 206 ва 248-моддаларига ўзгартиришлар ва қўшимча киритиш ҳақида”ги Қонун кўриб чиқилди.

    Таъкидланганидек, озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазоларни ижро этиш, пробация бўлинмалари назорати остидаги шахсларнинг хулқ-атвори устидан таъсирчан назоратни амалга ошириш бўйича янги тизим яратилди. Бу борада 2024 йил 7 августда “Пробация тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни қабул қилинди.

    Ушбу тизим доирасида маъмурий назорат ва пробация назоратидаги шахсларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини таъминлаш, уларнинг ҳаёти ва соғлиғини муҳофаза қилиш, маънавий ва жисмоний жиҳатдан ривожланиши учун шарт-шароитлар яратиш бўйича кенг кўламли ишлар амалга ошириб келиняпти.

    Шу билан бирга, бугунги кунда мамлакатимизда маъмурий назорат ва пробация назоратидаги шахслар ўртасида кенг қамровли профилактика чора-тадбирлари амалга оширилишига қарамасдан маъмурий назорат ва пробация назоратидаги шахслар томонидан содир этилаётган ҳуқуқбузарликлар сони ортиб боряпти.

    Бу эса мазкур йўналишдаги ҳуқуқий таъсир чораларининг қайта кўриб чиқилишини талаб этади.

    2023 йилда маъмурий назорат қонуни таъсири остига тушувчи 5 529 нафар шахсга нисбатан маъмурий назорат ўрнатилган. 2024 йилнинг 9 ойида 5 689 нафарни ташкил этган ва бу тоифадаги шахслар 160 нафарга ортган.

    Бундан ташқари, 2023 йилда 83 763 нафар шахс ички ишлар органларининг пробация назоратида турган бўлса, 2024 йилнинг 9 ойида бу кўрсаткич 86 226 нафарни ташкил этган, яъни жорий йилда бундай шахслар 2 463 тага кўпайган.

    2023 йилда маъмурий назоратда турган 4 167 нафар шахс судлар томонидан ўрнатилган тақиқ (чеклов)ларга риоя қилмаганлиги учун уларга биринчи маротаба маъмурий баённомалар расмийлаштирилган. 2024 йилнинг 9 ойида 3 153 нафар шахсга маъмурий баённомалар тузилган.

    Айнан шу тоифадаги шахслар судлар томонидан белгиланган тақиқ (чеклов)ларга бир неча бор риоя қилмаганлиги учун 2023 йилда 717 нафар ва 2024 йилнинг 9 ойида эса 637 нафар шахс Жиноят кодексининг 226-моддаси (Маъмурий назорат қоидаларини бузиш) бўйича жавобгарликка тортилган.

    Бугунги кунда суд томонидан белгиланган чекловлар ва мажбуриятларга риоя этмаётган пробация назоратидаги шахслар томонидан ҳуқуқбузарликлар содир этилаётгани туфайли, шу жумладан оғир ёки ўта оғир жиноятларнинг олдини олиш бўйича тезкор ҳамда таъсирчан чоралар кўрилишини таъминлаш мақсадида ички ишлар органлари пробация бўлинмалари ходимларига қўшимча ваколатларни бериш зарурати юзага келяпти.

    Шу боис Ички ишлар вазирлиги томонидан назорат остида турган махсус тоифа шахслар ўртасида қонун устуворлигини таъминлаш, уларда қонунга итоаткор хулқ-атворни, инсонга, меҳнатга, ижтимоий турмуш қоидалари ва анъаналарига ҳурмат муносабатини шакллантириш мақсадида Қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди.

    Муҳокама этилган Қонун билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 206-моддаси санкция қисмига амалда бўлган жарима жазосидан ташқари маъмурий қамоқ жазоси ҳам киритиляпти.

    Пробация бўлинмалари ходимларининг назорати остидаги шахс томонидан ҳуқуқбузарлик содир этилган тақдирда унга нисбатан маъмурий баённома тузиш учун уни ҳудудийлик жиҳатдан яқин орада жойлашган таянч пункти профилактика инспекторининг олдига олиб бориб, маъмурий баённома расмийлаштириш керак, бу пробация ходимининг иш самарадорлигига салбий таъсир кўрсатиб, ортиқча вақт сарфланишига сабаб бўляпти.

    Шу боис муҳокама этилаётган Қонун билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 248-моддаси тўртинчи қисмига қўшимча ва ўзгартириш киритиш орқали ички ишлар органларининг 1852 ва 187-моддалари бўйича пробация назоратидаги шахсларга нисбатан маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги баённомани тузиш ваколатини пробация хизматининг катта инспектори ва инспекторига бериш нормаси белгилаб қўйилади, деб хабар беради Олий Мажлис Сенати матбуот хизмати.

    Муҳокамадан сўнг Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

    No date selected
    декабр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates