баннер
28 фев 2025
23:36

    Профессионал кадрлар тайёрлаш сифатли қабулдан бошланади

    Ёш авлодни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, юксак маънавиятли, жисмонан баркамол, ўз соҳасининг етук мутахассислари қилиб етиштириш олий таълим муассасаларининг асосий мақсадидир.

    Бугун соҳани сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш ва тармоқларни ривожлантириш мақсадида қатор ишлар бажарилмоқда. Талабаларга берилаётган таълим-тарбия, педагогларга ҳурмат-эътибор тобора юксалиб бормоқда. Устоз-мураббийларнинг жамиятдаги ўрнини мустаҳкамлаш, истеъдодли ёшларни кашф этиш, уларни ўзлари қизиққан ҳамда орзу қилган касбда етук мутахассис сифатида тарбиялаш соҳанинг муҳим вазифасига айланди.

    Ўзбекистон Республикаси олий таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концeпциясида олий таълимни босқичма-босқич белгиланган кўрсаткичлар ёрдамида ривожлантириш назарда тутилган. Айни пайтда олий ўқув юртларида шу асосида кенг кўламли ҳаракатлар олиб борилмоқда. Хусусан, кейинги йилларда олийгоҳлар сони ошди, абитуриентлар учун квоталар сезиларли даражада кўпайди. Қабул тизимини ислоҳ қилиш ва таълим сифатини ошириш халқаро рейтинг кўрсаткичларида ўрин эгаллашнинг асосий кўрсаткичларидан биридир.

    2024/2025 ўқув йилида мамлакат миқёсида 186 минг 871 абитуриент бакалавриат таълим йўналишларига талабаликка тавсия этилган. Шундан 41 минг 153 нафари давлат гранти, 145 минг 718 нафари эса тўлов-контракт асосида ўқишга қабул қилинган. Жорий ўқув йилида Қарши давлат университетида 10 та янги бакалавриат таълим йўналиши, 5 та магистратура мутахассислиги очилди ҳамда 2676 абитуриент талабалик бахтига муяссар бўлди. Айни кунда ОТМда умумий ҳисобда 67 та кундузги (7 та қўшма таълим) бакалавриат таълим йўналиши, 29 та (4 та қўшма таълим) магистратура мутахассислиги бўйича талабалар таҳсил олмоқда.

    Университетда илмий даражали 368 профессор-ўқитувчи фаолият юритмоқда. Айни вақтда илмий салоҳият 45 фоизни ташкил қилмоқда. Бу 2021 йилга нисбатан 18 фоиз ўсиш демакдир. Таълим-тарбия самарадорлиги олий таълим тизимида ўқув жараёнини сифатли ташкил қилиш, малакали кадрларни танлаш, ўқитишнинг замонавий шаклларини йўлга қўйиш каби қатор масалалар билан узвий боғлиқ. Олий ўқув юртлари моддий-техник базасининг мустаҳкам ва бой бўлиши ёшларнинг сифатли таълим олишига имкон яратади. Бу борада университетда самарали ишлар қилинди.

    2024 йилда вилоятдаги ҳудудий муаммоларга илмий ечим топиш, илмий йўналишни ривожлантириш, илмий тадқиқотларни бажариш учун лабораториялар ташкил қилинди. Уларнинг моддий-техник базаси шакллантирилди. Биологик фаол моддалар кимёси ва физик-кимёвий тадқиқотлар, Микробиотехнология, Ноанъанавий ва қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш муаммолари, Микро ва наноэлектроника, Тупроқшунослик, Ички касалликларда қоннинг биокимёвий таҳлилини тизимли ўрганиш, Физиологик тадқиқотлар илмий-тадқиқот лабораториялари ҳамда Муқобил энергия манбаларидан фойдаланиш ўқув-илмий лабораторияси шулар жумласидан.

    Олийгоҳдаги илмий тадқиқотларни янада ривожлантириш, ҳудудий муаммоларга илмий ечимлар топиш ва жаҳон стандартларига мувофиқлаштириш мақсадида жорий йилда ОТМ ҳудудида халқаро илмий лабораториялар маркази ишга туширилиши режалаштирилган.

    Ҳамкорлик ва натижалар сарҳисоби

    Бундан ташқари, дунёнинг етакчи олий таълим муассасалари ва илмий-тадқиқот институтлари билан яқин ҳамкорлик ўрнатиш ва уларда ўқитувчиларнинг стажировка ўташи ҳамда малакасини ошириш борасидаги ишларга алоҳида эътибор қаратилмоқда. 2024 йилда университетнинг 90 профессор-ўқитувчиси хорижда малака оширди, халқаро стажировкада бўлди. Бу кўрсаткич 2022 йилга нисбатан 5 баробар кўп эканини эътироф этиш мумкин. Эришилган натижалар самараси ўлароқ, 2024 йил 6 ноябрда эълон қилинган нуфузли халқаро Quacquarelli Symonds (QS) рейтинг ташкилоти Осиё университетларининг 2025 йил учун рейтинг натижаларига кўра, Қарши давлат университети 801-850, Марказий Осиё давлатлари орасида 55-ўринни эгаллади.

    2022 йилдан бошлаб университет халқаро тан олинган Times Higher Education (THE) рейтингида дунёнинг 1000 та энг кучли олий таълим муассасалари рўйхатидан ўрин эгаллаш мақсадида иштирок этиб келмоқда. Қилинган ишлар натижасида Қарши давлат университетига Times Higher Education World University Rankings — 2023 халқаро рейтингида “Reporter” мақоми берилди.

    THE Impact Rankings-2024 Қарши давлат университети халқаро рейтингларда янги босқичга кўтарилиб, (THE) Impact Ranking — 2024 да БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадлари бўйича 6 йўналишда илғор 1000 талик, 3 йўналишда 1500 талик рўйхатга киритилди.

    Жорий ўқув йилида Қарши давлат университетига Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги томонидан ажратилган барча квотага абитуриентлар ҳужжат топширди. Нафақат ажратилган квоталар тўлгани, балки абитуриентлар ўртасида ажратилган давлат гранти ва тўлов-контракт асосидаги ўринлар учун ҳам танлов мавжудлиги билимли абитуриентларни саралаб олиш имконини берди.

    Талабалар ўқиш давомида илмий ва педагогик салоҳияти юқори бўлган профессор-ўқитувчилар жамоасидан таълим олади. Олинган билимлар нафақат маҳаллий, балки халқаро миқёсда ҳам эътироф этилмоқда. Хусусан, 2023/2024 ўқув йилида университетнинг 20 га яқин ортиқ талабаси математика, кимё ва тиббиёт фанларидан халқаро олимпиадада ғолиб ва совриндор бўлди.

    2024/2025 ўқув йили учун университетга ўқишга кириш баллари аввалги йилги натижаларга нисбатан сезиларли даражада юқори бўлди. Кундузги таълим шакли бўйича 48 та йўналишга ажратилган 1856 та квотага тўлиқ талаба қабул қилинган бўлса, 17 та таълим йўналишига тўлов-контракт асосида ўқишга кириш учун 100 баллдан ортиқ балл йиққан абитуриентлар қабул қилинди.

    Таълим дастурлари 2030 йилгача халқаро аккредитациядан ўтказилади

    Олий таълим сифатини таъминлаш бўйича Европа ассоциацияси (ENQA) аъзолигига эга “IAAR” мустақил аккредитация ва рейтинг агентлигининг ташқи эксперт комиссияси Қарши давлат университетидаги таълим сифати ва самарадорлиги жаҳон стандартлари ҳамда мезонларига мувофиқлигини баҳолади. ОТМнинг филология ва тилларни ўқитиш (инглиз тили) бакалавриат таълим йўналиши 5 йил муддатга халқаро аккредитациядан муваффақиятли ўтди.

    Мазкур йўналишнинг халқаро даражада эътироф этилиши бежиз эмас. Гап шундаки, 2023/2024 ўқув йилида давлат грантида ўқиш учун 178,4 балл, тўлов-контракт асосида ўқиш учун 151,6 балл тўплаш талаб қилинган бўлса, 2024/2025 ўқув йили учун бу кўрсаткич давлат гранти учун 180,4 балл, тўлов-контракт асосидаги ўқиш учун 169,9 баллни ташкил қилди. Бу жорий йилда айнан шу таълим дастури бўйича мамлакатимиздаги юқори салоҳиятга эга хорижий тилларни ўқитишга ихтисослашган бошқа олий таълим муассасаларига кириш балларига нисбатан юқори бўлганини айтиш мумкин. Мазкур ҳолат мисолида ўтиш баллари фақат филология ва тилларни ўқитиш (инглиз тили) бакалавриат таълим дастури учун эмас, балки бошқа таълим йўналишларида ҳам юқори бўлганини айтиш мумкин. Шунинг учун ҳам университетда таҳсил олган кадрларга эҳтиёж юқори. Таҳлил натижаларм ҳар йили битирувчиларимизнинг 95-96 фоизи ўз иш ўрнига эга бўлаётганини, юртимизнинг иқтисодий-ижтимоий ривожланишига ҳисса қўшиб келаётганини кўрсатмоқда.

    2025 йилда яна 6 та таълим дастурини, 2030 йилгача университетдаги барча таълим дастурини халқаро аккредитациядан ўтказишни режалаштирганмиз.

    Мазкур рақамлар шунчаки кўрсаткичлар эмас, балки Қарши давлат университетини халқимиз эътироф этаётгани исботи дейиш мумкин. Университетлар рейтингини тузишда таълим йўналишларига абитуриентлар томонидан ҳужжатлар келиб тушиши ёки талаб мавжудлиги билан бирга йўналишлар бўйича ўқишга кириш учун баллар юқорилиги инобатга олиниши мантиқан тўғри бўлади.


    Дилмурод НАБИЕВ,

    иқтисодиёт фанлари доктори, профессор


    Ҳамкорлик материали

    No date selected
    феврал, 2025
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    Use cursor keys to navigate calendar dates
    Телеграм каналимиз
    Text to speech