Қабул жараёнларга бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди

    Жиззах давлат педагогика университетида “Қабул жараёнлари: Олий таълим муассасалари бакалавриатига қабул жараёнлари ва кириш имтиҳонларидаги янгиликлар: Очиқлик, шаффофлик” мавзусида матбуот анжумани бўлиб ўтди.

    Анжуманда, Ўзбекистон президентининг 2024 йил 24 майдаги фармони билан, ОТМларга ўқишга қабул қилиш ва давлат буюртмасини жойлаштириш тизимида қатор ўзгаришлар, хусусан, қабулдаги “аввал тест, сўнг танлов” тамойили, давлат буюртмаси параметрларини давлат ОТМлари кесимида тақсимлаш амалиёти бекор қилиниши, шунингдек, таълим гранти асосида ўқиган талабалар учун ўқишни тугатгандан кейин камида 3 йил ишлаш мажбурияти бекор бўлаётгани абитуриентларни адолатли саралаш таъминланиши, бир сўз билан айтганда энг иқтидорли ва билимли талабалар қабули амалга оширилиши таъкидланди.

    Фармонга кўра 2024/2025 ўқув йили учун бакалавриатга қабул бўйича рўйхатдан ўтишнинг биринчи босқичи 2024 йил 5 июнь кунидан бошланди ва 25 июнгача давом этади. Бунда абитуриентларга: фақат тест синовлари ўтказиладиган йўналишлар учун тест топширадиган фанлар, таълим тили, тест топшириш ҳудудини танлаш; ижодий имтиҳон ўтказиладиган йўналишлар учун юқоридагиларга қўшимча равишда, бакалавриат таълим йўналиши ва ижодий имтиҳон топшириладиган олийгоҳни танлаш имконияти яратилди. Рўйхатдан ўтишнинг биринчи босқичи якунлангандан сўнг ижодий имтиҳонлар, тест синовлари ўтказилади.

    Тест синовлари тўлиқ, яъни барча ҳудудларда якунлангандан сўнг, 15 кун давомида рўйхатдан ўтишнинг иккинчи босқичида абитуриентлар тест балларидан келиб чиқиб: 5 тагача олийгоҳ (йўналиш), таълим шаклини, танлов устуворлигини, ижодий имтиҳон ўтказилган йўналишлар учун қўшимча равишда танланган йўналиш бўйича 5 тагача олийгоҳни танлаши мумкин. Ўтказилган матбуот анжуманида шунингдек янги очилиши кўзда тутилган йўналишлар, абитуриентлар ва уларнинг ота – оналари учун яратилаётган шароитлар, имтиёзлар ва улардан кимлар фойдалана олиши ҳақида батафсил маълумотлар берилди.

    Анжуман иштирокчилари асосан магистратура ва докторантурага айрим йўналишларда хорижий тил билиш сертификати Б1 даражага пасайтирилиши Таълим дастурини хорижий тилда якунлаган талабалар учун сертификат талаби бекор қилиниши ҳақидаги ҳамда 3 йил ишлаш мажбурияти бекор бўлиши билан боғлиқ саволларни беришди. Шунингдек, университет билан ҳамкорликни кучайтириш, долзарб мавзуларда матбуот анжуманларини тез-тез ташкил этиш юзасидан ўз фикр мулоҳазаларини билдиришди.

    Анжуман давомида ЖДПУ ректори Ш.Шарипов, Қабул комиссияси масъул котиб С. Назарқосимов ҳамда Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги Жиззах вилояти бўлими бошлиғи И.Хатамов томонидан қабул жараёни ҳамда Ўзбекистон президентининг 2024 йил 24 майдаги “Олий таълим ташкилотларига ўқишга қабул қилиш ва давлат буюртмасини жойлаштириш тизимини такомиллаштириш тўғрисида”ги фармони бўйича ахборотларни тақдим қилиш баробарида иштирокчиларни қизиқтирган саволларга жавоблар ҳам қайтарилди.