"Қамчиқ" довонида "Matiz" ва юк машинаси жарликка тушиб кетди

    "Қамчиқ" довонида юк машинасининг тормози ишламай қолиши оқибатида ЙТҲ содир бўлди.

    Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги Жамоат хавфсизлиги департаменти Йўл ҳаракати хавфсизлик хизмати хабар берди.

    Шу йилнинг 31 июль куни соат 16:00 ларда А-373 Тошкент—Ўш автомобиль йўлининг 242 километрида Тошкент—водий йўналишида ҳаракатланган юк машинаси бошқарувни йўқотиб, йўл ўртасидаги бетон тўсиққа урилган ва қарама-қарши йўналишга ўтиб кетиб, "Cobalt" ва "Matiz" автомобиллари билан тўқнашиб кетиши оқибатида йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлди.

    Ҳодиса оқибатида "Matiz" ва юк машинаси жарликка тушиб кетди. Икки нафар фуқаро воқеа жойида ҳалок бўлган.

    Ҳозирда тегишли ташкилот ходимлари томонидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.