«Қамчиқ» довонида қор кўчкиси хавфи юзага келганлиги сабабли, 9 февраль куни соат 13:30 дан А-373 Халқаро автомобиль йўли автомобиллар ҳаракати учун вақтинча ёпилди.
Шу сабабли фуқароларни довондан эвакуация қилиш штаби тузилиб, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ ҳамкорлигида фуқароларга 902-сонли «Ангрен – Орзу – Поп» йўналишида махсус поезд рейси ташкил этилди.
Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги Ахборот хизмати хабар берди.
Таъкидланишича, бугун соат 18:00 да Оҳангарон, Ангрен, Орзу темир йўл бекати ва вокзалларидан Поп вокзалигача йўловчи поездда эвакуация қилинди.
Шунингдек, 901-сонли «Поп – Ангрен» йўналишида ҳам фуқароларни довондан эвакуация қилиш ишлари давом эттирилади.