Қанисиз, олмосдай юраги бор ёшлар?

    Баъзан онам “Ўша ижодкор болаларингни топасан, мени тополмайсан”, дерди хафанамо.

    Фарзандларим, айниқса, қизим “Аба, баъзида ўта ошириб юборасиз, улар билан жигардай бўлсак ҳам қизғанаман сизни. Эҳ, улар каби шогирдингиз бўлганим яхшимиди”, дер эди кулиб.

    Йигирма-ўттиз йиллар бўлди – ижодкор болалар, ёшлар биланман. Шунинг учун ҳозир ҳавас қилишса-да, бир пайтлар “детсад”, деб устимдан кулишган. Мен шижоатли, ижодкор болаларни атрофимни тўлдириб юришлари учун севмадим. Талайгина вақтим улар ёнида кечди. Жуда кўплари бугун катта одам бўлиб кетди. Уларга Ватан ҳақида, меҳр-муҳаббат, оқибат ҳақида куюниб, йиғлаб гапирдим... соатлаб, кунлаб, ойлаб. Бирортасига шеър ёзишни ўргатганим йўқ. Ҳатто орасида умуман шеър ёзмай қўйганлари бор. Аммо ҳар бирининг олмосдай юраги, яъни ўз мустақил фикри, шижоати бор.

    Каминага яқин бўлган ва бўлмаган азиз болаларимга қуйидагиларни айтмоқчиман. Бир она сифатида, устоз ва бир инсон сифатида, албатта.

    Шу мушфиқ она Ватанимизнинг ҳар қандай дарди ва ташвиши сизнинг нигоҳингизда бўлсин, юрагингизни қийнасин, дейман. Аёллар номуси, оилалар шаъни, инсоннинг ғурури, меҳнати, шарафининг қиймати сиз сингари ўткир нигоҳли, жасоратли фарзандлар ҳимоясида бўлиши шарт! Бизнинг вазифамиз давраларга чиқиб, шеърхонлик уюштиришдангина иборат эмас, шу эл-юрт фарзандлари сифатида жипслашмоғимиз керак. Мавжудлигимизни билдириб, муаммоларимиз, ютуқ ва камчиликларимиз тўғрисида ўз сўзимизни айта олайлик. Биз тадбирлардагина қатнашиб юриш учун бор эмасмиз. Зеро, ҳар биримиз алоҳида бир Ватан, Ўзбекистонмиз!

    Одатда сайловлар хусусида, таълим ҳақида, яна бошқа бир мавзуда шунчаки ёзамиз-қўямиз. Кимдир хўжакўрсинга китоб чоп этиб, бир-икки тадбир ҳам ўтказади... Яна бири қайсидир лойиҳа учун хонага қамалиб, эртаю кеч ёзиш билан овора. Давлатга, халққа наф келтириш фақат ёзишдан иборат эмас-да.

    Масалан, йирик лойиҳалар устида жонкуяр бир неча шаффоф гуруҳ астойдил ишласин. Бунинг учун ҳукуматимиз анча маблағ ажратяпти. Тиниб-тинчимас ёшларимизнинг зарур лойиҳалар бўйича мактаб-боғчалардан тортиб, олий таълимгача қадами етсин, ўргансин, тенгдошлари мулоҳазаларини тингласин. Зеро, ҳар юртнинг, ҳамма замоннинг ўз фидойилари бўлиши лозим. Ватанни севмоқ, унинг учун жон куйдирмоқ шеър ва қўшиқларда эмас, ҳаракатларимизда, амалий ишларимизда ҳам намоён бўлиши даркор. Мамлакат равнақи йўлидаги курашда депутатлар, вазирлар, ҳокимлар, бошқармалар раҳбарларигагина суяниб қолмайлик.

    Келажагимиз бунёдкорлари, таянчи, ишончи бўлган билимли, зукко, кенг дунёқарашга эга ёшларимиз талайгина. Лекин уларнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётдаги фаоллиги, позицияси, гап-сўзи баъзан ижтимоий тармоқлардаги турли маза-матрасиз лавҳаларидай таассурот уйғотади. Ижтимоий тармоқларда маънили пост қўядиган, хатосиз матн ёза оладиган, тоза фикрлайдиган ватанпарвар йигит-қизлар кўриниш бермаяпти. Ҳар жабҳада мансаб-мартабанинг эмас, илм этагини маҳкам тутган ёш авлод иштирокини, интилишларининг самарасини кўришни хоҳлаймиз.

    Ёшлик – ғайрат-шижоат, журъат даври. Энг зўр ғоялар, буюк ихтиролар, тараққиётни олға юритадиган ташаббусу кашфиётлар ёшликка хос. Шундай экан, қаердасиз, қанисиз, олмосдай юраги бор ёшлар? Сизга Ватан мунтазир, сизга ёрқин истиқбол муштоқ. Янги Ўзбекистон сизга барча шароиту имкониятларни тақдим этмоқда. Сиз бундан унумли фойдаланинг!

    Дилором ЭРГАШЕВА,

    шоира, “Дўстлик” ордени соҳибаси

    Мазкур мақола “Янги Ўзбекистон” газетасининг 2023 йил 21 сентябрь, 193-сонида чоп этилган.

    No date selected
    июл, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates