Мустақиллик даврида, айниқса, инсон қадри ҳамда қадди юксалаётган сўнгги йилларда барча миллат ва элат фарзандларининг пухта билим олиши, қобилиятини намоён этиши, маданияти, санъати, урф-одат ва анъаналарини ривожлантириши учун кенг имкониятлар яратилди.
Иқтисодиётимиз юксалиши, халқимиз фаровонлигининг ўсиши, янги Ўзбекистоннинг жаҳон ҳамжамиятида обрў-эътибори ва нуфузи ортиб бораётганида ушбу дўстлик ва ҳамжиҳатликнинг аҳамияти беқиёсдир.
Юртимиз ва қўшни давлатларда яшаётган турли миллат вакилларининг аҳил-иноқ ҳаёт кечириши, ўзаро дўстлик, ҳамкорлик, ҳамжиҳатлик ришталарини мустаҳкамлашда адабий алоқалар, бадиий таржиманинг аҳамияти ҳам катта, албатта.
Наманганлик ёзувчи, таржимон Қодиржон Носиров билан Дўрмонда танишганмиз. Қодиржон ака дастлаб бир неча ҳажвиямни таржима қилди. Ўзим кўп йиллардан буён қардош халқлар адибларининг комедия, ҳикоя ва ҳажвияларини таржима қилиб, ўзбек китобхонларига тақдим этиб келяпман.
Сўнгги йилларда рус тилида “И смех, и грех”, қирғиз тилида “Нымкесе”, қорақалпоқ тилида “Эсим қурысин” китобларим чоп этилди. Ўн босма табоқдан ортиқроқ ҳажмдаги “Америкалық қоншуларим” (Амриқолик қўшниларим) номли яна бир китобим Бишкекда нашр этилди. Ўгирилган асарларим асосан, ҳажвия ва ҳангомалар экани боис, ўзбек кулгиси бошқа миллатлар орасида ҳам жаранглашига ҳисса қўшаётганимдан мамнунман.
Ҳар қандай ижодкор асарларини кўпроқ ўқувчи ўқишини истайди. Бу ҳол кўп жиҳатдан таржимон ва ноширларга боғлиқ. Турли халқлар орасида мухлисларим доираси кенгайиб боришида ҳажвия, ҳангомаларимни рус тилига ўгирган Қодиржон Носиров, қирғиз таржимонлари Тўрабой Жўроев, Айтмирза Абилқасимов, қорақалпоқ шоири ва таржимони Туркменбой Жийемуратовнинг хизматлари катта.
Эсимда “И смех, и грех” тақдимоти ўзим кўп йиллар илмий-педагогик фаолият юритган Андижон қишлоқ хўжалиги ва агротехнологиялар институтида ўтказилганди. Ўшанда бу каби тадбирлар миллатлараро дўстлик ва қардошлик алоқалари мустаҳкамланишида аҳамиятли эканини дилдан ҳис қилганман.
Қорақалпоқ шоири ва таржимони, дўстим Туркменбой Жийемуратов билан ҳам Дўрмон ижод уйида танишганмиз. У аввал ҳажвияларимни таржима қилиб, “Эркин Қорақалпоғистон”, “Қорақалпоқ адабиёти”, “Қорақалпоқ ёшлари” газеталари, “Амударё” журнали саҳифаларида эълон қилди. Кейин китоб қилиш истаги туғилгач, Бекназар Ерназаров, Марат Таўмуратовнинг таржималари ҳам қўшилди ва “Эсим қурысин” тўпламим Нукусда “Жазыўшы” нашриётида чоп этилди.
Қирғизистонлик ижодкор дўстларимиз билан ўзаро борди-келди ва ижодий алоқаларимиз ҳам самарали бўляпти. Бир гуруҳ ижодкорлар 2022 йил май ойида Қирғизистоннинг Лайлак туманида улуғ қирғиз оқини Қурбонали Собиров таваллудининг 80 йиллигига бағишлаб ўтказилган адабиёт кунларида иштирок этгандик.
Гўзал ва мафтункор табиати, адабиёт ва санъатга ошно, меҳмондўст ва бағрикенг халқи билан бизда бир олам таассуротлар қолдирган қардошлар диёрида адабиёт кунларига Бишкекдан келган қирғиз халқ оқини Акбар Рисқул, таниқли шоирлар Ўмирбек Тиллабоев, Аблаат Дооров, ўзбек-қирғиз адабий алоқалари жонкуярлари, шоир Охун Жўра, журналист Соҳиба Шокирова каби кўплаб ижодкорлар билан танишдик, бир-биримизга китоблар совға қилдик.
Сафардан қайтганимиздан сўнг унча кўп вақт ўтмай, телефонимга “Китобингизнинг таржимаси ниҳоясига етди. ... рақамга қўнғироқ қилинг”, деган хабар келди. Қўнғироқ қилдим. Гўшакни адабиёт кунларида танишган шоир дўстимиз, Қирғизистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Тўрабой Жўроев олди ва “Нимкоса” китобим унга маъқул бўлганини, сафарда юрганимиздаёқ таржимани бошлаганини, қайтгач, бошқа иш қилмай уни якунлаганини, энди китобни нашр эттириш ниятида эканини айтди. Китобча кўпчиликка манзур бўлаётганини қўшиб қўйди. Мамнун бўлиб, миннатдорлик билдирдим.
Орадан бир мунча вақт ўтиб, китоб нашр этилгани ҳақида хабар олдик. Кейинроқ қирғизистонлик ижодкор дўстларимиз шу жажжи китобим тақдимотига таклиф этди. Ўш давлат университетида қирғиз тилида чоп этилган “Нымкесе” китобим тақдимоти муносабати билан маънавий-маърифий, адабий-бадиий анжуман бўлди. Қирғиз йигит-қизларининг қизғин савол-жавоб, мулоқотлари уларнинг китобга, бадиий адабиётга ошно эканини яққол кўрсатди.
Кейинроқ “Амир Темур ва Темурийларнинг дунё цивилизациясида тутган ўрни” мавзусида ҳамкорликдаги халқаро илмий-амалий конференцияни Ўш шаҳрида юқори савияда ўтказиш мақсадида Халқаро Амир Темур жамоат фонди раиси, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Муҳаммад Али раҳбарлигида бир гуруҳ олим ва ижодкорлар билан қардошлар юртида бўлдик.
Тарихчи олимлар, ижодкорлар, журналистлар, жамоатчилик вакиллари иштирок этган анжуманда Соҳибқирон бобомизнинг адолатни ўзига шиор қилиб олгани, муҳри ва узугида ҳам “Куч — адолатда” шиори битилгани, давлат бошқаруви, ҳарбий юришларию оддий маиший муносабатларда ҳам адолат тамойилларига қатъий амал қилгани ҳақида сўз борди.
Амир Темур ҳаёти, фаолияти ва маънавий меросини, давлат бошқаруви, адолат тамойиллари, инсон қадрини улуғлаш борасидаги қарашларини ўрганиш ва тарғиб қилиш бугунги кунда давлатлараро манфаатли ҳамкорликни ривожлантириш, халқлар ўртасида дўстлик ва ҳамжиҳатлик ришталарини мустаҳкамлаш ҳамда ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялашда беқиёс аҳамиятга эга экани эътироф этилди. Илмий-ижодий ҳамкорлик ишлари кўламини кенгайтириш ва самарадорлигини ошириш хусусида фикр алмашилди.
Мамлакатимизда сўнгги етти-саккиз йилда яқин қўшнилар билан алоқаларимизни тиклаш ва яхшилаш бўйича катта ишлар қилинди. Натижада қардош халқлар алоқаларини кенгайтириш, дўстлигини мустаҳкамлаш ва ривожлантиришга эришилмоқда.
Ҳар гал адабий алоқаларимиз, мустаҳкам қардошлик ришталаримиз ҳақида ўйлаганимда, Ўзбекистон Қаҳрамони, халқ шоири Абдулла Ориповнинг қуйидаги сатрлари қулоқларим остида жаранглайди:
Матлаб бир бўлмаса — жам бўлмагаймиз,
Жам бўлсак — бошимиз хам бўлмагаймиз.
Жам қилсак, инсофу диёнатни ҳам,
Дунёда ҳеч кимдан кам бўлмагаймиз
Ҳабиб СИДДИҚ,
Ўзбекистон Ёзувчилар
уюшмаси аъзоси









