Аввалроқ, ижтимоий тармоқда Қашқадарёдаги тўйда куёвнинг дўстлари автомашина ҳаракатланиши вақтида ойнадан танасини чиқариб, сохта пуллар сочгани акс этган видео тарқалди. Вилоят ИИБ ҳолат юзасидан маълумот берди.
Маълум бўлишича, Чироқчи туманида яшовчи фуқаронинг никоҳ тўйи муносабати билан тўпланган унинг танишлари иккита Lacettiда ҳаракатланиш давомида сохта пулларни сочиб, томоша кўрсатишган. Бир нафар видеотасвирчи эса танасини машина ойнасидан чиқариб, ҳолатни видеога олган. Ҳолат юзасидан суриштирув олиб борилганда ҳайдовчилар 23 ёшгача бўлган йигитлар экани аниқланди. Уларнинг кўпчилиги ота-онасининг машиналарини олиб чиқишгани маълум бўлди.
“Машинанинг ойнасидан танамни чиқариб видеога олганимни куёвнинг дўстлари суратга олиб, интернетда тарқатиб юборган экан. Қилган ишимдан пушаймонман”, — дейди тасвирчи.
Шунингдек, ҳайдовчи ҳам тасвирчининг бу ишига бепарволик қилганини тан олиб, узр сўради. Автомобилларини ўғилларига берган оталар бу ишидан пушаймонлигини билдиришди.
Автомашина эгалари ва видеотасвирчига МЖтКнинг 138-моддаси 4-қисми билан жарима жазоси тайинланди.