Халқаро конференция Қатар Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий қўмитаси томонидан ўтказилди. Тадбир БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Бошқармаси, БМТ Тараққиёт дастури ва Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар глобал альянси кўмагида ташкил этилди.
Конференцияда дунёнинг 70 дан ортиқ мамлакатидан 400 дан ортиқ иштирокчи жам бўлди. Халқаро анжуман ишида, жумладан, ҳукуматлар, инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар, халқаро ташкилотлар, академик тузилмалар, хусусий сектор вакиллари, шунингдек, рақамли технологиялар ва сунъий интеллект соҳаси экспертлари қатнашди.
Анжуман давомида Ўзбекистон делегацияси раҳбари – Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори, БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича қўмитаси аъзоси Акмал Саидов сунъий интеллект технологияларини ривожлантириш соҳасидаги миллий тажриба ҳақида тўхталди. У инсон ҳуқуқлари ҳимоясини ва ахлоқий жиҳатларни ҳисобга олган ҳолда cунъий интеллект технологияларини ривожлантириш муҳимлигини таъкидлади.
А.Саидов Ўзбекистонда 2030 йилгача сунъий интеллект технологияларини ривожлантириш бўйича Миллий стратегия тасдиқлангани, унда техник устувор вазифалар билан бир қаторда рақамли трансформациянинг ижтимоий ва ахлоқий жиҳатларига ҳам эътибор қаратилганини қайд этди.
Бугунги кунда мамлакатда ИТ-компетенциялар ва рақамли кўникмаларни ривожлантиришга қаратилган миллий дастурлар фаол амалга оширилиб келяпти. Шунингдек, сунъий интеллект тўғрисидаги қонун биринчи ўқишда қабул қилинган.
Конференция доирасида инсон ҳуқуқлари, ахлоқ ва барқарор ривожланиш соҳасидаги халқаро стандартлар асосида сунъий интеллектни тартибга солиш бўйича мувозанатли ёндашувлар ишлаб чиқилди.
Ўзбекистон делегациясининг айни Форумдаги иштироки, бир томондан, мамлакатнинг глобал инсон ҳуқуқлари кун тартибидаги фаол иштирокини англатади. Иккинчи томондан, бу иштирок давлатимизнинг халқаро мулоқотни мустаҳкамлаш, қонун устуворлиги, очиқлик тамойилларини илгари суриш ва инклюзив рақамли экотизимни яратишга қаратилган изчил ташқи сиёсат стратегиясини ҳам акс эттиради.
Форум дастурида рақамли ечимларнинг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро мажбуриятларга мувофиқлигини таъминлайдиган сиёсат ва стратегияларни шакллантиришда инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар ролига алоҳида эътибор қаратилган. Ўзбекистон делегацияси тегишли шўъба мажлисларида иштирок этиб, рақамлаштириш шароитида инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги миллий тажрибани тақдим этди.
Конференция 28 майда сунъий интеллект технологияларини ишлаб чиқиш ва жорий этишда инсон ҳуқуқларига риоя қилиш бўйича тавсияларни ўз ичига олган Якуний ҳужжатни қабул қилиш билан якунланади.
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси
Миллий маркази матбуот хизмати.









