Ўзбекистон Республикаси Президентининг Қатар Давлатига давлат ташрифи давомида сиёсий, савдо-иқтисодий, транспорт, хавфсизлик ва маданий-гуманитар соҳаларда эришилган келишувларни амалга ошириш бўйича амалий ҳаракатлар режаси (“Йўл харитаси”)нинг 19-бандига асосан, Қатар пойтахти Доха шаҳрида “Ўзбекистон маданияти, ҳунармандчилиги ва туризми ҳафталиги” ташкил этилди.
Тадбирдан кўзланган асосий мақсад: ўзбек маданиятининг бой меросини тараннум этиш, унинг мумтоз ва халқ амалий санъати, ижрочилик анъаналари, урф-одат ва маросимларини намойиш этиш ҳамда Қатар Давлати билан йўлга қўйилган ўзаро дўстлик алоқаларини янада мустаҳкамлашдан иборат.
22 февраль куни “Дарб ал-Саай” маданият майдонида тадбирнинг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди. Мазкур майдонда шу пайтгача фақатгина Қатар миллий куни нишонланган бўлиб, биринчи маротаба у хорижий тадбир ўтказиш учун ажратилди.
Тадбирнинг очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси маданият вазири Озодбек Назарбеков, Қатар маданият вазири Абдулраҳмон бин Ҳамад ал Тани, Қатар ҳукумати вакиллари, маҳаллий аҳоли ҳамда бу ердаги ўзбек диаспораси вакиллари иштирок этишди.
Очилиш маросимида Ўзбекистоннинг ранг-баранг маданий ландшафти, жумладан, мақом ва бахшилик санъати каби номоддий маданий мерос намойиши; Ўзбекистоннинг заргарлик, хаттотлик, миллий мусиқа асбоблари, миниатюра ва бадиий, декоратив ҳамда амалий санъати йўналишларида, шунингдек, гастрономик кўргазмалар ташкил этилди.
Меҳмонлар авлоддан-авлодга ўтиб давом этиб келаётган ҳунармандчилигимиз намуналари билан танишишди, миллий таомларимиздан татиб кўриб, юқори баҳолашди, ҳунармандлар ва ошпазлар билан суҳбатда бўлишди. Очилиш маросимидан сўнг Ўзбекистон ва Қатар маданият вазирлари қатнашиб, улар ўртасида мулоқот бўлиб ўтди.
Тадбир доирасидаги майдон томошалари, ҳунармандчилик ва гастрономик кўргазма томошасидан сўнг, майдонда ташкил этилган саҳнада ўзбек санъат усталари иштирокида концерт дастури намойиш этилди.