Аслида-чи? Ўзгараётган ҳаётимиз ҳам, умримиз мазмуни ҳам, дунёқарашимиз, бугуну эртамиз ҳам — ҳар кунимиз ҳаракатдан иборат. Гап бу ҳаракатнинг мақсади, олий ва эзгу ниятлар, орзу-умидлар кўламида.
Шу маънода, кейинги олти йиллик янгиланиш даври ва халқимиз орзусини рўёбга чиқариш йўлидаги ислоҳотлар мазмундорлиги ҳақида ҳар қанча гапирсак камдек туюлади.
Президентимиз 2021 йили 17 август куни “Янги Ўзбекистон” газетасида эълон қилинган суҳбат-интервьюсида Янги Ўзбекистонни барпо этиш ва Учинчи Ренессанс пойдеворини яратишдек буюк вазифаларни стратегик мақсад қилиб қўйганимиз ҳақида гапирар экан, жумладан, бундай деган эди: “Таъкидлаш керакки, Янги Ўзбекистонни барпо этиш — бу шунчаки хоҳиш-истак, субъектив ҳодиса эмас, балки туб тарихий асосларга эга бўлган, мамлакатимиздаги мавжуд сиёсий-ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий, маънавий-маърифий вазиятнинг ўзи тақозо этаётган, халқимизнинг асрий интилишларига мос, унинг миллий манфаатларига тўла жавоб берадиган объектив заруратдир.
Янги Ўзбекистон — демократия, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари борасида умумэътироф этилган норма ва принципларга қатъий амал қилган ҳолда, жаҳон ҳамжамияти билан дўстона ҳамкорлик тамойиллари асосида ривожланадиган, пировард мақсади халқимиз учун эркин, обод ва фаровон ҳаёт яратиб беришдан иборат бўлган давлатдир”. Давлатимиз раҳбарининг мана шу олижаноб мақсади бугун ҳар биримизни янги марралар сари чорлаб, қалбимизни руҳлантириб турибди.
Бу эврилиш нималарда акс этади? Аввало, ишончда.
Президентимиз 2017 йил 28 ноябрь куни Вазирлар Маҳкамаси фаолиятини такомиллаштириш ва иш самарадорлигини ошириш, раҳбарлар шахсий масъулиятини кучайтириш билан боғлиқ масалалар муҳокамасига бағишланган йиғилишда “Одамларимиз эртага ёки узоқ келажакда эмас, балки бугун яхши яшашни, муносиб ҳаёт кечиришни истайди. Шунинг учун биз олиб борилаётган ислоҳотларни жадаллаштиришимиз, уларнинг сифати ва самарадорлигини янада оширишимиз зарур”, дея таъкидлаган эди.
Бунгача ҳам давлатимиз раҳбари ижро интизомини кучайтириш, қабул қилинаётган ҳар бир меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар ижросини сўзсиз таъминлаш юзасидан барча тизим масъуллари олдига қатъий вазифалар қўйган эди.
Бугун ўйлаб қарасак, мана шу жонкуяр фаолият ва қатъий талаб нақадар муҳим бўлганини англаймиз, қайсики марра ва мақсадларимизга эришган бўлсак, барчасида интизом бош омил эканини тушунамиз.
Шу тариқа ҳаётимизга қатъий тартиб-интизом кириб келганига ҳам қарийб олти йил бўлибди. Энди унинг самарасини таҳлил қилсак.
ТАРТИБЛИ, ИНТИЗОМЛИ, МАҚСАДЛИ ЯШАШ ФОРМУЛАСИ
Биринчидан, ҳокимлар, вазирлар, қўмита ва компаниялар раисларининг шахсий масъулияти ошди. Халқ билан мулоқот тикланди.
Шу ўринда бир қарашда кичик, лекин маънан таъсири катта бир элементни айтиб ўтамиз. Давлат идоралари, бошқарув органлари, ижро ҳокимияти баланд темир панжаралар билан ўраб олинган эди. Бу темир панжаралар оддий халққа сира очилмас, ичкарида нималар бўлаётганидан ҳеч кимнинг хабари бўлмасди. Ичи дардга тўла одамлар темир панжаралар атрофида сарсон кезар, ҳаракатлари бесамар кетарди.
Ниҳоят шу девор олиб ташланди. Ичкарига тоза ҳаво кирди, ташқарига эса халқчил сиёсат сояси тушди. Ҳоким халқни, оддий одамларни таний бошлади. Фуқаролар, дастлаб, ишончсиз кайфиятда ўз дардини айтишга киришди. Чунки узоқ йиллар ечимини топмаган муаммолар бирданига, бир-икки кун ёки ойда ҳал бўлишига ҳеч кимда ишонч йўқ эди-да. Йўқ, бўлар экан, бўлди. Бунинг учун Президентимиз шахсий намуна кўрсатди. Маҳаллаларга, хонадонларга, эл орасига ўзи кириб борди. Одамлар билан қўл олишиб кўришди. Шоир айтмоқчи, қучоқ очиб халқ ичига кирди. Бошқалардан ҳам шуни талаб қилди. Шу пайтгача вилоят ҳокими ёки бирон вазир тугул, ўз туманининг ҳокими билан ҳам қўл бериб кўришмаган оддий одамлар учун ниҳоятда катта ишонч ва ҳаёти яхши томонга ўзгаришига қувончли мужда эди бу.
Халқ ичига кириб, дардини эшитадиган, муаммоларни ҳал қилишга қодир раҳбарларгина ишлай бошлади, хизмат вазифасига лоқайдлик ва
бепарволик билан муносабатда бўлганларнинг эса “жавоби берилди”. Бунга ҳаммамиз гувоҳмиз. Бу халқ йўли бўлди, халқчил ислоҳотлар шундай бошланди. Бир сўз билан айтганда, ижро интизоми кучга кирди. Ҳар бир қонун, фармон ва қарорлар амалда ўз ифодасини топишига халқ ишончи ортди.
Иккинчидан, раҳбарларнинг ўз ишига виждонан ёндашуви маҳаллаларга ҳам кўчди.
“Суюнчи” фильмида айтилганидек, ҳар бир маҳалланинг “виждони” пайдо бўлди. Шунда “кимўзар” баҳси бошланди. Бу соғлом рақобат муҳити эди. Ахир ҳамма ўз уйи, унинг атрофи ва маҳалласи обод бўлишини истайди-да.
Сиз, неча йиллар уйқуда бўлиб келган “маҳалла виждони” қандай уйғонди, деб ўйлайсиз? Ишонамизки, бир хил фикрдамиз: аввало, виждон уйғониши атроф-муҳит билан боғлиқ жараён. Яъни ён-атрофимизда бўлаётган амалий ишлар, одамлар ҳаётини ўзгартириш йўлидаги саъй-ҳаракатлар ҳаммани қувонтирди.
Агар сизга кимдир эътибор бериб, муносиб ҳаёт тарзи ваъда қилса, шунингдек, буни амалда кўрсатса, ўз-ўзидан ҳаракат механизми ҳосил бўлади. Юртимиз маҳаллаларида ҳам шундай кечди. Президент маҳалла институти фаолиятини тубдан такомиллаштириш, инсон капиталини ривожлантириш, инфратузилмани янгилаш, ижтимоий ҳимояни кучайтириш сиёсатини бошлади. Бунинг учун барча молиявий манбалар ҳам аниқ-тиниқ белгиланди.
“Хароб ва файзи йўқ жойда яшаётган аҳолининг кайфияти ҳам, келажакка интилиши ҳам бўлмайди. Иккинчи томондан, улар ҳам фуқароларимиз, нима учун улар шароит йўқ жойда яшаши керак?”, дея бонг урди давлатимиз раҳбари. Бошқача айтганда, узоқ йиллар бизга бўлаверади, деган кайфиятни ўзгартирди, мудроқ қалбларни сергак торттирди. Шу-шу маҳаллалар буткул обод бўла бошлади.
“Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурларини эслайлик. Дастлаб, Манас қишлоғидан бошланган ободонлик ишларига ҳаммамиз ҳавас билан қараган эдик. Кўп ўтмай бу янгиланиш шукуҳи мамлакат бўйлаб авж олди. Уйғоқ виждон билан айтсак, бугун ўзгаришлар эпкини кириб бормаган биронта ҳам маҳалла йўқ.
Учинчидан, тартибли, интизомли, мақсадли яшаш формуласи шаклланди.
Турмуш изига, маромига тушса, одам ўзини ислоҳ қила бошлайди. Фаол, баракали ва мақсадли кун тартиби шаклланади. Мана, масалан, эрталаб фарзандини боғчага олиб бораётган ота-оналар сони кейинги беш йил мобайнида 40-50 фоизга кўпайди. Демак, энди улар оиласи кун тартибидан фарзандининг боғчадаги тарбияси билан боғлиқ муҳим ўзгаришлар ўрин олган. Ўғил-қизлари келажагидан кўнгли тўқлик толеи бор.
Яна бир мисол. Маҳаллаларда барпо этилган спорт майдончалари, янги қурилган юриш ва югуриш йўлакчаларида сайр қилиб юрган ёшу қарини тонгда ҳам, оқшомда ҳам кўп кўряпмиз. Бундан англашиладики, Янги Ўзбекистон одамлари кун тартибида ўз саломатлигини сақлашга муҳим ўрин ажратмоқда.
Янгиланган кун тартибимизда маънавий юксалиш омилларига ҳам алоҳида вақт сарфланаётир. Ростини айтсак, аввал вақт етмас, шароитимиз йўл қўймас эди. Чунки бугунгидек аҳолига марказлашган хизматлар электрон шаклда кўрсатилмас, қоғозбозлик ва ортиқча югур-югурлар тинкамизни қуритарди. Бунга мисоллар кўп. Биргина паспорт тизимидаги ташвишли елиб-югуришларни эслаш кифоя. Тошкент шаҳрига вақтинча рўйхатда туриш учун ҳам ҳафталаб, ойлаб югурар эдик. Айтайлик, Тошкенту олис Хоразм ўртасида қатнаб, неча юз минг сўмлаб пул сарфлаб, эндигина мақсадга етдим деганда, кейинги олти ойлик ташвиши гарданни эзиб турарди.
Фарзандига туғилганлик гувоҳномаси, банкдан нақд пул олиш, уйига кадастр ҳужжатларини тайёрлаш, пенсияни интиқиб кутиш, свет, сув, газ идораларига бориб, узоқ навбатни кутиб пул тўлаш... Бугун буларнинг барини уйда, ишда ўтириб, телефонимиз ёрдамида бажаряпмиз. Давлат хизматлари одамлар уйига кириб борди. Ортиқча вақт ва маблағ сарфидан халос бўлдик. Бу вақт ва тежалган пулларни китоб мутолаасига, маданий-маънавий ҳордиққа сарфлаяпмиз.
Авваллари ишга ҳафсаласиз келар, уйга боришга ҳам кўп шошилмас эдик. Бугун кўчада ҳам, ишда ҳам, уйда ҳам жўшқин муҳит ҳукмрон. Нега шундай бўлганига қулоқ тутганмизми?
Чунки ҳар бир юртдошимизнинг ҳаётдан умиди катта, мақсадлари аниқ. Йўлимиз очиқ, муносиб яшаш учун барча имкониятлар яратилди, шароитлар қилинди. Бу ҳам кун тартибимизга катта ўзгаришларни киритди.
Эътибор берсак, кечки соат ўн-ўн бирларда ҳам метрода вагонлар тўла бўлади. Беш-олти йил олдин бу вақтда метрода йўловчиларни кам кўрардик. Кечки йўловчиларнинг аксарияти ёшлар. Бугунги йигит-қизларнинг кун тартиби беш-олти йил олдинги ёшлар ҳаётидан тубдан фарқ қилади. Янги Ўзбекистон ёшлари ўқишдан бўш вақтини қўшимча машғулотларга, ишга сарфлайди, олий таълим муассасаларида кечки ва сиртқи таълим шаклида билим олиш имконияти яратилди. Хиёбонлардаги яшил майсазор устида китоб ўқиётган ёшларимиз ҳам кўпайди. Ҳаммаси хотиржам, келажагидан кўнгли тўқ. Мақсади аниқ — улар Учинчи Ренессанс бунёдкорлари. Ҳаракат ҳам шунга яраша бўлиши керак.
Ҳозир шулар ҳақида ўйлар эканман, Президентимизнинг яна бир гапи ёдимга тушади: “Янги Ўзбекистоннинг нафаси, суръати ва шиддатини, аввало, азиз ўғил-қизларимизнинг азму шижоати, дадил фикр ва таклифларида, эришаётган дастлабки ютуқларида кўраман”.
Бу юксак ишонч бугун ҳар биримизнинг ниятимизда акс этади: муносиблик бахти ҳаммамизга насиб этсин.
Ҳаётимизда акс этаётган тартиб-интизом маҳсули ҳақида уч асос билан гапирдик. Аслида, гап кўп. Лекин, энг муҳими, кун тартибимизга бугунги замоннинг ўзи олиб кирган янги ўзгаришлар ҳар биримизнинг ҳаётимиз яхшиланаётганидан далолат бериб турибди.
ОРТГА ҚАЙТМАС ЙЎЛ
Биз юқорида халқимизнинг ислоҳотларга ишончи ҳақида сўз юритдик. Бор гапни яширмаймиз: жамиятнинг инерция таъсиридаги оқибатларини кўрдик. Нафақат кўрдик, балки унинг жабрини ҳам тортдик. Қўзғалмаслик кучи жамиятни қат-қат қобиқларга ўрайди. Шунда бюрократия кампанияси авж олади, амалда бўлмаган ишлар қоғозларда ўз аксини топади, “жозибали сўз” ўйини бошланади. Энг ачинарлиси, мана шу инерция асорати оддий халқ елкасига оғир турмуш юки бўлиб тушади.
Шундай оғир шароитда катта, халқчил ислоҳотлар эшиги очиб юборилгач, танти ва меҳнаткаш, ҳар қандай қийинчиликни биргаликда енгиб ўтишга қодир юртдошларимиз телевизор қаршисидан кетмай қолганида ҳам гап кўп эди.
Улар ҳар куни, ҳар соатда Президентимизнинг телевизор орқали чиқишини кутар, видеоселектор йиғилишидаги ташаббусларини, раҳбарлар олдига қўйган вазифаларни таҳлил қилар, деярли ҳар куни қабул қилинаётган янги фармон ва қарорлардаги имтиёз ва имкониятлардан хурсанд бўларди. Вилоятларга ташрифлари эса одамлар учун катта байрам эди. Боиси, бу ташрифлар чоғида 25-30, ҳатто 40-50 йил наридан келаётган муаммоларга ечим топилар, одамлар ўз дардини кимга айтишни биларди.
Президентимиз таъкидлайди: “мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларни, ижро органлари ишидаги ўзгаришларни жойларда одамлар сезиши керак. Бунинг учун қуйи бўғиндаги ишлар самарадорлигини ошириш, оддий одамларнинг дарди ва ташвиши билан яшаш барча раҳбар ва мутасаддилар фаолиятининг асосий мезонига айланиши зарур”.
Шу каби узоқ ва интиқ кутилган ислоҳотларнинг жадал рўёбига миннатдорлик ҳисси пайдо бўлди. Яъни халқимиз Шавкат Мирзиёевни “Менинг Президентим”, деган юксак мақомга кўтарди. Бу келажакка катта ишонч эди.
Бу беш-олти йил олдинги гаплар. Ўшанда биз эндигина Ҳаракатлар стратегияси асосида иш бошлашга тайёргарлик кўраётган эдик. Ниҳояси хайрли бўлди. Стратегияда кўзлаган мақсадларимизга тўла эришдик.
Бир гап ҳеч ёдимдан чиқмайди, ҳар доим масъулият юклаб туради. Ўша йиллари давлатимиз раҳбари куюнчаклик билан тақдир бизнинг чекимизга ниҳоятда масъулиятли вазифа юклагани, ҳеч биримизга осон бўлмаслиги, чунки олдимизда халқимизнинг бугунги турмуш шароитини тубдан янгилаш, фарзандларимизга нурли келажак яратиш насибаси тушгани ҳақида айтган эди.
Албатта, бу йўл осон бўлмаслиги ҳар биримизга аён. Давлатимиз раҳбарининг нуктадон сиёсати, узоқни кўра билиш қобилияти, буюк давлатчилигимиз тажрибаси, халқимизнинг донишманд феъли билан шу мақсадимиз йўлида катта ютуқларни қўлга киритдик. Мустаҳкам пойдевор қуриб олдик. Эндиги навбат “Ҳаракатлар стратегиясидан — Тараққиёт стратегияси сари”. Энг муҳими, давлатимиз раҳбари таъбири билан айтганда, биз бошлаган ислоҳотлар, тараққиёт йўлидаги саъй-ҳаракатлар, халқимиз турмуши фаровонлиги, фарзандларимиз бахти учун кўраётган чора-тадбирларимиз ортга қайтмас тус олди.
ЖАМИЯТИМИЗНИНГ ЯНГИ ҚИЁФАСИ
Ҳозир ким билан гаплашманг, вақт жуда тез ўтаётгани ҳақида айтади. Ҳафталар, ойлар, йиллар шитоб билан кечмоқда. Бу нимадан далолат?
Одатда, вақт қачон секин ўтаётгандек туюлишини яхши биламиз. Бекорчиликда. Демак, бугун вақт шитоб билан ўтаётганида ҳам хайрли ҳикматни кўрамиз. Одамлар ҳаракатга тушган. Бу бугунги ва эртанги қадрли кунимизга бўлган ишончли ҳаракат.
Шу ўринда яна бир хайрли толени айтгимиз келади. Бугунги Ўзбекистон одамлари орзули халқ. Улар энди орзу қилишга, ўз олдига катта-катта мақсадлар қўйишдан қўрқмайди. Чунки инсон қадри улуғланган юртда яшаяпмиз.
Инсон қадри ҳақида гап кетганида яна уч муҳим ислоҳотни эътироф этмоқ лозим.
Биринчи: эркин фикр айтиш, жамиятдаги воқеа-ҳодисаларга, давлат бошқарувига муносабат билдириш имконияти.
Оддий ҳаёт тарзи шунчалик мураккабки, уни баъзан англаш қийин кечади. Бепоён саҳронинг ўз қонун-қоидалари, яйловдаги чўпон-чўлиқнинг яшаш тамойили, табиат билан уйғун эҳтиёжлари бор. Худди шунингдек, замонавий, илғор жамият ҳам ўз ҳукмига эга. Шундай экан, кўплашиб, кенгашиб иш кўриш ҳамиша муҳим, бу — тадбирларнинг самарали бўлиши кафолати.
Бугун, фикримизча, фуқароларнинг давлат ва жамият бошқаруви юзасидан билдираётган ҳар бир фикри, истаги-ю эҳтиёжи ўрганилаётгани замирида, аввало, уларнинг манфаати тургани ҳам шунда, аслида.
Иккинчи: “инсон — жамият — давлат” тамойилининг амалдаги ифодаси.
Президентимиз ҳар доим инсоннинг қадр-қиммати, шаъни ва ғурури барча соҳаларда биринчи ўринда туриши кераклигини таъкидлайди. Сиёсий ва ижтимоий тутумларимиз ҳам шу принципга ҳамоҳанг олиб борилмоқда.
Инсон, аввало, жамият асосини ташкил қилади. Инсонсиз жамият йўқ. Ўз, навбатида, фаол инсонлар билан тўла жамият қудратли давлат асосига хизмат қилади. Мана шу узилмас ҳалқа бугун ҳаётимиз асосига айлангани ҳам бор гап.
Учинчи: ижтимоий ҳимоя ва инсон капиталига эътиборнинг мутлақо янги босқичига ўтилгани.
Ижтимоий ҳимояни ўз ҳаётида сезган ҳар бир фуқаро хотиржам яшайди. Хотиржамлик тафаккур қилишга, фикр тиниқлигига олиб келади. Инсон капиталига эътибор эса тараққиётнинг узвий риштасини мустаҳкамлайди.
Шу оддий, лекин ниҳоятда азиз ақидага асосланган жамиятда ҳар доим катта эврилишлар бўлганига тарих гувоҳ. Бугун Ўзбекистон ҳам шу йўлда экани халқимиз бахти.
Бир сўз билан айтганда, бугун инсонларнинг ёрқин фикрлари билан йўғрилган жамиятимизнинг янги қиёфаси шаклланди. Бунда ҳеч ким бир-бирига бегона эмас, ҳеч ким ёлғиз, ўз ҳолига ташлаб қўйилмаган. Мана бу ҳам биз эришган энг катта натижалардан бири, аслида.
БУГУННИНГ ГАПИ
Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев яқинда мамлакатимизга ташрифи чоғида давлатимиз раҳбари олиб бораётган ислоҳотлар юқори натижалар бераётганини эътироф этиб, “Президент Шавкат Мирзиёев белгилаган барча режалар амалга ошяпти ва улар тўлиқ рўёбга чиқишига ишонаман”, деди.
Гапнинг чинини айтганда, атрофда, узоқ-яқинда дўст бор, душман бор. Янги Ўзбекистонни барпо этиш йўлидаги катта юришларимиз кўпчиликнинг ҳавасини келтирди, албатта, лекин, афсуски, тирноқ остидан қир қидирадиган, биз бошлаган ислоҳотларга менсимай, ишонмай қараганлар ҳам бўлди.
Аслида биз бу ишларни мақтаниш, кўз-кўз қилиш учун қилмаяпмиз. Шундай бўлса-да, борини гапириш вазифамиз. Ҳа, йўқни йўқ, борни бор, деб гапиришни ҳам ўргандик. Ўрни келганда айтайлик, Президентимиз журналистлардан доим ҳақиқатни айтишни сўрайди. “Ортиқча мақтаманглар, борини ёзинглар”, дейди.
Хуллас, айтмоқчи бўлганимиз, бугун халқаро сиёсат майдонида “Янги Ўзбекистон руҳи”, деган кенг қамровли ибора пайдо бўлди. Ўзбекистон ташаббуслари катта минбарларда янграб, унинг эътирофи Президентимиз илгари сурган ташаббуслар БМТ Бош Ассамблеяси томонидан қабул қилинаётганида, расмий Тошкент нуфузли халқаро анжуманлар, минтақалараро тинчлик муҳитини мустаҳкамлаш мақсадидаги маслаҳатлашувлар манзилига айланганида ҳам кўзга ташланади.
Бугун конституциявий ислоҳотлар оғушидамиз. Таъкидлаш жоизки, Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясининг еттита йўналишида қамраб олинган 100 та катта мақсадни амалга оширишга киришдик. Эътибор берсак, шу мақсадларнинг барчаси “Инсон қадри учун”, деган тамойил билан суғорилган.
Янги ҳаётимизда инкишофлар кўп. Буларнинг барчасини такомилига етказиш, замон талабларига мос ривожлантириш, олдимизга қўйган олий мақсадларга етиш учун ҳам конституциявий ислоҳот зарурлигини ҳаммамиз яхши тушунамиз.
Шу боис, сўзимиз якунида айтмоқчимизки, халқимизнинг имманент қонунлари бор. Бу кенгашиб иш кўриш, етти ўлчаб, бир кесиш, илмга интилиш, бирдам, ҳамжиҳат бўлиб яшаш, кексани ҳурмат, кичикни иззат қилиш, сийлаганни сийлаш, яхши-ёмон кунларда ҳам шукр қилиб яшаш, иймон-эътиқод билан иш кўриш, оқибатли бўлиш демакдир.
Бу хислатлар асрлар мобайнида иккита Ренессанс даврига бешик бўлди. Эътибор берсак, IX асрдан бошланган Биринчи Ренессанс орадан беш аср ўтгач — XIV асрда яна қайта такрорланди. Бугун XXI асрнинг биринчи чораги адоғидамиз. Табиат ўлчамлари ҳам Буюк Тамаддунга замин ҳозирлаётгани чин бўлсин, деймиз.
Сўзимизни эса Президентимизнинг қуйидаги гапи билан мухтасар қилсак: “Янги Ўзбекистон орзуси, бугунги кунларимизга нисбатан айтганда, ҳозирги даврнинг тақозоси, унинг асл қиёфасини, ҳаракатлантирувчи кучлари ва омилларини белгилайдиган ғоявий-маънавий асос, халқимизга хос яратувчанлик шижоати ва кенг кўламли ислоҳотларимизнинг яққол ифодасидир”.
Ҳа, ҳар биримизнинг азиз Ватанимизга меҳримиз чексиз. Шу буюк меҳр бизни жонажон юртимизни асраб-авайлашга, ҳамжиҳат ва аҳил яшашга, яратилаётган шароит ва имкониятлардан унумли фойдаланишга ундаб туради. Энг муҳими, бугун халқимиз дунёқараши ўзгарган, эзгу мақсадларга эришишга катта ишончи шаклланган. Демак, Тараққиёт стратегиямизда кўзланган мақсадлар ва ундан кейинги қутлуғ марраларни забт этишимизга ҳеч кимда шубҳа йўқ.
Салим ДОНИЁРОВ









