Қибрайда 72 нафар кадрлар инспекторининг иш ҳақи ундириб берилди

    Қибрай туман адлия бўлимига туман халқ таълими бўлимига қарашли 43 та умумий ўрта таълим мактабларида фаолият юритаётган 72 нафар кадрлар инспекторидан мурожаат келиб тушган. Унда мурожаатчилар лавозими учун иш ҳақи кам тўлаб берилаётганлиги айтилган.

    Туман адлия бўлими ходимларининг аниқлашларича, ХТБга қарашли мазкур 43 та мактабда фаолият юритаётган 72 нафар кадрлар инспекторларига кадрлар инспектори лавозимида ишлаётган даврига, яъни 2020 йилда 2-разряд бўйича, 2021 йилда эса 5-разряд бўйича иш ҳақи тўлаб келинган.

    Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 6 сентябрдаги “Меҳнат бозорида меҳнат муносабатларини тартибга солишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 743-сонли қарорининг 4-иловасига асосан, Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобига сақланадиган ташкилотларда банд бўлган хизматчиларнинг кенг тарқалган лавозимлари ходимлари айрим тоифалари меҳнатига ҳақ тўлаш бўйича разрядлар белгиланган бўлиб, унга кўра олий маълумотли муҳандислар, мутахассислар ва инспекторларга 7-разряд, олий маълумотли бўлмаган мутахассислар ва инспекторларга эса 6-разряд бўйича маош тўланиши белгиланган.

    Мазкур қарор талаблари бузилиши оқибатида, 72 нафар кадрлар инспекторларига жами 151 миллион 268 минг 890 сўм иш ҳақи кам тўланган.

    Қибрай тумани адлия бўлими томонидан 72 нафар ходимнинг манфаатини кўзлаб, кам тўлаб берилган иш ҳақини ундириш мақсадида жорий йилнинг март ойида Фуқаролик ишлари бўйича Чирчиқ туманлараро судига даъво аризаси киритилди. Май ойида 72 нафар кадрлар инспекторларига 151 миллион 268 минг 890 сўм иш ҳақи тўлиқ ундириб берилди.

    Маълумот ўрнида, жорий йилнинг ўтган олти ойи давомида туман адлия бўлимига фуқаролардан 317 та мурожаат келиб тушган бўлиб, уларнинг 272 таси (85 фоизи) ҳал қилинди. Мурожаатларни кўриб чиқишда қонунбузилиш ҳолатларини бартараф этиш, инсон ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида тегишли давлат ташкилоти ва муассасаларига 80 та тақдимнома, фуқаролик ва иқтисодий судларга эса 13 млрд. 83 миллион 628 минг сўмлик 76 та даъво аризалари киритилди. Киритилган таъсир чоралари натижасида 10 млрд. 307 миллион 839 минг сўмлик пул маблағларининг ундирилиши таъминланди.

    Одил Холиқов,

    Қибрай туман адлия бўлими бошлиғи