Қимматли қоғозлар бозори қандай ривожланмоқда?

    Молия 27 июн 2023 1452

    Қимматли қоғозларни олдиндан келишилган нархда харид қилиш мажбурияти билан сотиладиган битимлар (РЕПО) — молия бозорида ликвидликни таъминлашда муҳим аҳамият касб этади.

    Шу боис, мутахассислар унга иқтисодий тизимнинг асосий элементларидан бири сифатида қарайди. РЕПО бозорининг ривожланиши унинг иштирокчиларига қисқа муддатли молиялаштириш имконини беради. Бунда давлат қимматли қоғозлари энг самарали ва ликвидли инструментлардан бири ҳисобланади.

    Чунки РЕПО операцияларида давлат қимматли қоғозларини гаров сифатида ишлатиш долзарб муаммоларни ҳал қилиш учун зарур бўлган пул маблағларини қисқа муддатда жалб қилишда қўл келади. Қолаверса, бу бозор ликвидлигини ошириш ва инвесторлар учун шароитни яхшилаш, инвестиция имкониятини кенгайтириш, пировардида, мамлакат иқтисодиётига капитал оқими кўпайишида муҳим омил бўлиб хизмат қилади.

    Шу жиҳатдан олиб қараганда, бугунги кунда Ўзбекистон Республикаси валюта биржасида ушбу йўналишдаги ишларга жиддий эътибор қаратилаётгани диққатга сазовор. Бинобарин, унинг асосий вазифалари сирасига биржа савдолари шаффофлиги ва самарадорлигини таъминлаш, савдо майдончаларини доимий равишда модернизация қилиш, шунингдек, молиявий хизматларнинг янги турларини жорий этиш кабилар киради.

    Валюта биржаси 1996 йилдан бери давлат қимматли қоғозлар бозорида аукционлар ташкил этиб келаётган бўлса, унинг ривожида 2018 йилдаги ўзгаришлар туртки берди, десак муболаға бўлмайди. Чунки, айнан шу йилдан эътиборан ташкилотда инфратузилмани кенг кўламли ўзгартириш ва рақамлаштириш жозибали воситаларни жорий этиш ишлари билан бирга бошланди. Сўнг Валюта биржаси давлат облигациялари бозорида савдолар янада такомиллаштирилган электрон савдо майдончасига ўтди. Бу эса транзакциялар самарадорлиги ва тезлигини сезиларли даражада оширди.

    2020 йилдан эса РЕПО операцияларини жорий этиш орқали давлат қимматли қоғозлари бозорини такомиллаштириш бўйича кенг кўламли тадбирлар амалга оширилди. Хусусан, бозор иштирокчилари сонини кўпайтириш чоралари кўрилди. Бу муҳим жиҳат. Нега деганда, иштирокчилар қанча кўп бўлса, ликвидлик ошишига ҳисса қўшадиган талаб ва таклиф ҳам шунча юқори бўлади.

    Албатта, мазкур бозорга янги иштирокчиларни жалб қилиш учун минимал риск даражаси билан фойда олиши мумкин бўлган қулай инвестиция ва инфратузилма муҳитини яратиш талаб этилади. Бунга воситачилик мукофоти миқдорини оптималлаштириш, тузилган битимлар бўйича ҳисоб-китобларни ва уларнинг ҳисобини юритишни тўлиқ автоматлаштириш ҳамда соддалаштириш, шунингдек, шаффоф савдо қоидаларини яратиш орқали эришилади.

    Бугунги кунда Ўзбекистон Республикаси валюта биржаси платформасида давлат қимматли қоғозлари билан РЕПО битимларини тузиш ва амалга оширишни самарали ташкил этиш учун тегишли қоида ишлаб чиқилган. Ушбу қоидада битимлар учун гаров миқдорини ҳисоблаш ва мажбуриятларни бажаришнинг аниқ тартиби кўрсатилган. Бинобарин, шаффоф қоидалар ва тенг шароитлар бозор иштирокчиларига рискларни баҳолаш ҳамда тўғри инвестиция қарорларини қабул қилишда айни муддаодир.

    Бундан ташқари, битимлар ҳисобини юритиш ва улар бўйича ҳисоб-китобларни амалга ошириш жараёнини автоматлаштириш, шунингдек, илғор инновацион технологиялардан фойдаланиш РЕПО операциялари тузилишини сезиларли даражада соддалаштириб, самарадорлигини оширади. Шу мақсадда Валюта биржаси мутахассислари томонидан тўлов ҳужжатларини шакллантириш ва Марказий банкнинг тўлов тизимига ўтказиш жараёнини инновацион автоматлаштириш бўйича “One-click” лойиҳаси жорий этилди.

    Ушбу механизм РЕПО битими бўйича дастлабки сотиб олувчининг вакиллик ҳисобварағидан маблағларни унинг розилигисиз маълумотларни верификация қилган ҳолда бир неча дақиқа ичида дастлабки сотувчининг вакиллик ҳисобварағига ўтказиб беради. Бу эҳтимолий хатолар хавфини камайтиради ва ҳисоб-китоб жараёнини тезлаштиради. Айтиш керакки, “One-click” Ўзбекистон Республикаси валюта биржасининг давлат қимматли қоғозлари бозори инфратузилмасини модернизация қилиш бўйича кенг кўламли лойиҳанинг бир қисмидир.

    Шунингдек, ушбу ташаббус доирасида валюта биржаси платформасида стандартлаштирилган муддатлар доирасида РЕПО саватини жорий этиш орқали яқин келажакда иштирокчилар учун янги савдо имкониятларини тақдим этиш режалаштирилган.

    Бозор иштирокчиларини рағбатлантириш мақсадида тариф сиёсати фаол равишда оптималлаштирилмоқда. Жумладан, воситачилик мукофоти миқдори камайтириляпти. Бозорни оммалаштиришда фаол иштирок этаётган иштирокчилар учун турли бонус ва рағбатлантириш тизими ишлаб чиқилмоқда.

    Шундай қилиб, дилерлараро РЕПО битимининг ҳар бир томонидан олинадиган воситачилик мукофоти миқдори сезиларли даражада камайтирилди (0,015 фоиздан 0,0008 фоизгача). Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси валюта биржаси томонидан РЕПО операцияларини янада оммалаштириш мақсадида ушбу операциялар бўйича воситачилик мукофотини вақтинча ундирмаслик тўғрисида қарор қабул қилинди. Шунингдек, давлат қимматли қоғозлари аукционларида бозор иштирокчилари бирламчи бозорда сотиб олинган ДҚҚ учун якуний тўловларни битимлар тузилган кундан кейинги иккинчи савдо кунида амалга ошириши учун барча шароитлар яратилган. Бу пул маблағини самарали бошқариш имконини беради.

    Ушбу турдаги ҳисоб-китобларни халқаро стандартлар талабига мувофиқ жорий этиш давлат қимматли қоғозлари бозорининг жозибадорлигини оширади. Рискларни бошқариш тизимини такомиллаштиради. Бозорга кўпроқ иштирокчилар ва инвесторлар, шу жумладан, хорижий сармоядорларни жалб қилади.

    Бозорга янада кўпроқ иштирокчиларни жалб қилиш ва ликвидлик ҳажмини оширувчи воситаларни кенгайтириш турли эмиссия параметрларига эга бўлган янги турдаги облигациялар пайдо бўлишга замин яратади. Яъни, давлат қимматли қоғозларининг хилма-хиллиги турли эҳтиёжлар учун энг мосини танлаш имконини беради. Натижада бозор самарадорлиги ошади. Айнан шу мақсадда ўтган йилнинг ўзида валюта биржаси савдо майдончасида бир қатор янги давлат қимматли қоғозлари турлари жорий этилди.

    Жумладан, муддати ўн йил бўлган узоқ муддатли давлат облигациялари. Ушбу восита инвестициялар самарадорлигини таққослаш учун намуна бўлиб хизмат қиладиган кўрсаткичларни шакллантиришга имкон беради. Шунингдек, суғурта компаниялари ва пенсия жамғармаларини жалб қилиш орқали инвесторлар базасини кенгайтиришга ҳисса қўшади.

    Иккинчиси, инфляцияга боғлиқ давлат қимматли қоғозлариинфляция билан боғлиқ йўқотишларни ҳимоя қилиш инструменти ҳисобланади. Яна бири эса, инфратузилмани ривожлантиришни мақсадли молиялаштириш давлат қимматли қоғозлари. Бу инфратузилма лойиҳаларига ҳомийлик қилиш ва узоқ муддатли маблағларни жалб қилиш учун бюджет тақчиллигини қоплашга қаратилган.

    Умуман олганда, жараён давом этмоқда. Ҳозир мутахассисларимиз валюта биржаси майдончаларида янги турдаги давлат қимматли қоғозлари савдосини жорий этиш орқали инструментлар ассортиментини янада кенгайтиришни назарда тутувчи бир қатор лойиҳалар устида ишлаяпти.

    Ўзбекистон умумий халқаро сиёсий, иқтисодий ва гуманитар маконга тобора интреграциялашиб бормоқда. Шу нуқтаи назардан, валюта биржасидаги бу каби янгилик ва ўзгаришлар, замонавий ахборот технологиялари савдонинг шаффофлигини таъминлаб, рақобат муҳитини ривожлантириш учун зарур шарт-шароитлар яратаётгани билан аҳамиятлидир.

    Хуршид ТАБИБОВ,

    Ўзбекистон Республикаси валюта биржаси бошқарма бошлиғи.

    Саида ЁҚУБОВА,
    ҳисоб-клиринг палатаси бошлиғи.

    No date selected
    май, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates