Қишлоқ аёлларининг жамиятдаги ўрни тобора юксалиб боряпти

    Ижтимоий ҳаёт 15 октябр 2023 2560

    Йилнинг тўрт фаслида ҳам У ором нималигини билмайди. Тонг саҳарлаб даласига отланади. Айни куз палласи пахта йиғим-теримида жонбозлик кўрсатаётган ишчи-хизматчилар сафига кириб, хирмонга муносиб ҳисса қўшади. Бир қарасангиз белини маҳкам боғлаб, замонавий русумдаги тракторни иштиёқ билан ҳайдайди...

    Хоразм вилояти Хива туманидаги “Мулла Қодир Абдулла техник” фермер хўжалиги раҳбари Дилором Қутлиева ана шундай заҳматкаш аёллардан. У қарийб ўттиз беш йилдан зиёд вақт мобайнида қишлоқ хўжалигида самарали меҳнат қилди. Ўн йил давомида маҳалла раисаси сифатида фаолият кўрсатди. Орада раҳбарлик лавозимларида ҳам ишлади. Ўз тақдирини Ватан тақдири билан чамбарчас боғлади...

    – Меҳнатидан эътибор ва эътироф топган қишлоқ аёлларидан бириман, — дейди Дилором опа. – Ерга, далага бўлган меҳрим сабаб у билан тиллаша оламан. Шу ёшимда ҳам тупроққа уруғ қадаб, ҳалол меҳнат ва пешона тери билан халқимга ризқ-насиба улашаётганимдан, юрт корига яраётганимдан бениҳоя бахтиёрман.

    Дилором опа Қутлиева бугунги кунда умумий майдони 105 гектар ердан иборат фермер хўжалигини бошқариб келади. Ўтган йили 37 гектар ерга буғдой, 43 гектар ерга эса чигит экилган эди. Шартнома шартлари тўлиқ бажарилди. Пиллачиликда ҳам салкам 40 йиллик тажрибага эга Дилором опа уй шароитида ипак қурти боқиб, мўл ва сифатли ҳосил олиш кўникмасига эга.

    Ҳалол меҳнати, эл-юрт олдидаги хизматлари учун давлатимизнинг қатор эътирофларига сазовор бўлди. Жумладан, 2021 йилда “Мўътабар аёл” кўкрак нишони билан тақдирланди. Жонкуярлиги, фидойилиги, қўйингки, барча гўзал инсоний фазилатлари билан нафақат қишлоқдошлари, балки, бутун туман аҳлининг меҳрини қозонган Дилором опа бугун эл-юрт ардоғида. Оилада уч ўғил ва бир нафар қизнинг меҳрибон онаси, 15 нафардан зиёд набираларнинг севимли бувижони. Турмуш ўртоғи – Ибодулла ака ҳам унга ҳамиша елкадош...

    Қишлоқ аёлларининг жамиятдаги ўрни тобора юксалиб боряпти. Мамлакатимизда қай бир соҳа ривожини олиб қарамайлик, албатта, бунда қишлоқ аёлларининг ўрни ва муносиб ҳиссасига гувоҳ бўламиз.

    2023-йил 1 январь ҳолатига Хоразмда 654 минг 298 нафар аёллар қишлоқ жойларида истиқомат қилади. Воҳада фермер хўжаликларининг 220 дан ортиғини айнан опа-сингилларимиз самарали бошқариб келаётгани, қишлоқ хўжалигида меҳнат қилаётганларнинг 39,2 фоизини хотин-қизлар ташкил этаётгани эса уларнинг ҳақиқатан ҳам жамиятимизда фаол эканликларидан дарак беради.

    Қайд этиш жоизки, БМТ Бош Ассамблеясининг 2007-йил 18 декабрдаги “Қишлоқ ҳудудларида аёлларнинг аҳволини яхшилаш” тўғрисидаги резолюциясига асосан 15 октябрь – “Халқаро қишлоқ аёллари” куни дунёнинг кўплаб мамлакатларида ҳар йили мунтазам нишонлашиб келинади. Мазкур сана арафасида гўзал юртимизнинг қишлоқ ҳудудларида истиқомат қилувчи аёлларнинг муаммоларига, хусусан, уларнинг таълим олиши, меҳнат қилиши, фаровон турмуш кечириши учун зарур шарт-шароитлар яратиш, тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоялаш, гендер тенгликни таъминлаш билан боғлиқ масалаларга алоҳида эътибор қаратилади.

    Аслида ҳам, ниҳоятда самимий, соддадил, меҳнаткаш ва ғайрат-шижоатга тўла қишлоқ аёллари бу каби эътибор ва ғамхўрликларга ҳамиша муносибдирлар. Айниқса, бугунги кунда уларнинг фарзанд тарбиясидан тортиб, жамики рўзғор юмушлари билан чекланиб қолмасдан турли жабҳаларда илғор меҳнат қилиб, давлат ва жамият бошқарувида фаол иштирок этиб келаётганликларини ҳамда мамлакатимиз тараққиётига муносиб ҳисса қўшаётганликларини ҳар қанча эътироф этсак арзийди.

    Гулноза Умирова,

    журналист.

    No date selected
    декабр, 2025
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates