“Қадринг баланд бўлсин, она тилим

    Юртимизда ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги ўрни ва аҳамиятини янада ошириш, уни замон талаблари асосида ривожлантириш масаласи, шубҳасиз, миллий ўзлигимизни англаш, миллат руҳини сақлаб қолиш, ёруғ келажагимизни таъминлашнинг энг муҳим омилидир.

    Шу йилнинг 17-октябрь куни “Ўзбекгидроэнерго” акциядорлик жамияти тизимидаги “Қодирия ГEСлар каскади” филиалида “Қадринг баланд бўлсин, она тилим!” шиори остида тантанали байрам тадбири ташкил қилинди.

    Байрамона тадбир Жамият тизим корхона ва ташкилотларини тўла қамраган ҳолда, видеоконференцалоқа шаклида ташкил қилинди.

    Тадбирни Бошқарув раисининг маънавий-маърифий ишлар бўйича маслаҳатчиси Сурайё Пўлатова ҳамда Қодирия ГEСлар каскади” филиали директори Алишер Таджибаевлар тантанали нутқ билан очиб бердилар ҳамда барча иштирокчиларни яқинлашиб келаётган байрам билан Жамият Бошқаруви раиси Абдуғани Сангинов ҳамда ўзларининг номидан самимий қутладилар.

    Тадбирга меҳмон сифатида ташриф буюрган Республика Маънавият ва маърифат маркази ҳузуридаги “Маърифат” тарғиботчилар жамиятининг энг фаол аъзолари – фалсафа фанлари доктори, профессор, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийи Жамила Шермуҳаммедова ҳамда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, “Шуҳрат” медали соҳибаси, шоира Фароғат Худойқуловалар томонидан она тилининг жозибаси, ёш авлод тарбиясидаги ўрни, кенг ва муҳим аҳамияти, асрлар силсиласида турли эврилишлар билан сайқалланиб келаётганлиги, миллат ўзлигини англашда, халқнинг маънавий-маърифий жиҳатдан янада юксалишида муҳим ўринга эга эканлиги борасида алоҳида тўхталиб ўтдилар ҳамда тадбир иштирокчиларини яқинлашиб келаётган “Ўзбек тили байрами” куни билан табрикладилар. Шоира Фароғат Худойқулова томонидан тадбир мазмунига монанд шеърлар ўқиб эшиттирилди.

    Тантанали тадбирда Тошкент вилояти Қибрай туманида жойлашган 7-сонли мактабнинг адабиёт ва санъатга ошно бир гуруҳ иқтидорли ўқувчилари ўзларининг она тилига бағишланган бадиий чиқишлари билан иштирок этдилар.

    Тадбирнинг якуний қисмида “Ўзбекгидроэнерго” АЖнинг 2024 йил 25-сентябрдаги 102-сонли буйруғи ҳамда “21-октябрь – Ўзбек тили байрами куни” муносабати билан Жамият ва тизим корхона-ташкилотлари ишчи-ходимлари ўртасида ўтказилган Иншолар танлови ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.

    “Қадринг баланд бўлсин, она тилим!” мавзусида ўтказилган иншолар танлови Ҳакамлар ҳайъати аъзоси Феруза Азимова томонидан танловнинг асосий мақсади, Низоми ва талаблари ҳақида қисқача ахборот берилди, фаол иштирокчиларга миннатдорчилик билдирилди ҳамда ҳар томонлама таҳлилий ўрганишларга кўра якуний ғолиблар учлиги эълон қилинди.

    Ғолибларга Жамиятнинг фахрий ёрлиқлари, бадиий асарлар тўплами ҳамда қимматбаҳо совғалари топширилди.

    Тадбирда иштирок этган қадрли меҳмонларга Жамият Бошқаруви раисининг ташаккурномаси ҳамда эсдалик совғалари тақдим қилинди.


    Ҳамкорлик материали