Қорақалпоғистонда профилактика инспектори кекса фуқаронинг уйи ва пулини ўзлаштириб олди

    Профилактика инспектори ўз жиноятини яшириш мақсадида турар жойни ҳадя шартномаси орқали турмуш ўртоғига қайта расмийлаштириб берган. Ўзлаштирган пулларига опасининг номига “Lacetti” харид қилган.

    Ижтимоий тармоқларда ЖИБ Нукус шаҳар суди судяси тергов органи томонидан қўйилган айбловларни асоссиз олиб ташлаб, ҳукм чиқаргани ҳақидаги хабарлар тарқалди.

    Қорақалпоғистон Республикаси прокуратураси ҳолат юзасидан расмий муносабат билдирди.

    Маълум қилинишича, мазкур жиноят иши Қорақалпоғистон Республикаси прокуратураси томонидан Нукус шаҳар ИИО ФМБ профилактика инспектори А.М.га нисбатан Жиноят кодексининг 169-моддаси 4-қисми “а” банди билан қўзғатилган.

    Терговда тўпланган далилларга кўра, профилактика инспектори А.М. ўзига бириктирилган маҳаллада истиқомат қилувчи кекса ёшдаги О.Е.нинг яқин қариндошлари йўқлиги ва ақли норасолигидан фойдаланиб, унинг мулкларини қўлга киритиш мақсадида, гўёки Е.О. жамоат жойларида юриш-туриш қоидаларини бузиб юргани тўғрисида 1-сон руҳий-асаб касалликлари шифохонаси раҳбарига билдиришнома ёзиб, мажбуран шифохонага жойлаштириб, уни уйидан чиқариб юборишга ва озодлигини чеклашга эришган.

    Сўнгра, у О.Е.га қарашли турар жойга эгалик ҳуқуқини тасдиқловчи ордерни сохталаштириш орқали кадастр идораси ходими Ч.С. кўмагида қалбаки кадастр ҳужжатларини тайёрлаб, турар жойни ўзининг номига расмийлаштиришган.

    Профилактика инспектори А.М. жиноятларини яшириш мақсадида, турар жойни турмуш ўртоғи О.Д.га ҳадя шартномаси орқали қайта расмийлаштириб, Е.О.нинг жуда кўп миқдордаги мол-мулкини яширин равишда талон-торож қилган.

    Шунингдек, профилактика инспектори жабрланувчи Е.О.нинг ожизлигидан фойдаланган ҳолда қўлга киритган банк пластик картасидаги пул маблағларини ўз эҳтиёжларига ишлатиб юборган.

    Бундан ташқари, у О.Е.нинг банкдаги омонат ҳисоб-рақамида сақланаётган жуда кўп миқдордаги пулларини банк ходимларини гўёки эгасига бериш учун олаётганлигига ишонтириб, қўлга киритишга эришган.

    А.М. юқоридаги жиноий ҳаракатлари натижасида қўлга киритган Е.О.нинг жуда кўп миқдордаги омонат пулларига опасининг номига “Lacetti” русумли автомашина харид қилиб, жиноий даромадларини легаллаштирган.

    Тергов натижасига кўра, профилактика инспектори А.М.га Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 206-моддаси 2-қисми “а” банди, 228-моддаси 2-қисми “а, б” бандлари, 228-моддаси 3-қисми, 169-моддаси 4-қисми “а” банди, 243-моддалари ҳамда кадастр идораси ходими Ч.С.га ЖКнинг 228-моддаси 2-қисми “а” банди, 228-моддаси 3-қисми ва 28,169-моддаси 4-қисми “а” банди билан айб эълон қилиниб, жиноят иши суд муҳокамасига юборилган.

    Бироқ Нукус шаҳар суди судьяси 07.06.2024 йилдаги ҳукмига асосан тергов органи томонидан А.М.га ЖКнинг 169, 228, 243-моддалари билан қўйилган айбловларни асоссиз равишда олиб ташлаб, ЖКнинг 206-моддаси 2-қисми “а” банди билан айбли деб топиб, 2 йил муддатга муайян ҳуқуқдан маҳрум қилган ҳолда, 2 йил муддатга озодликдан чеклаш жазоси тайинлаган.

    Худди шундай, кадастр идораси ходими Ч.С.нинг айбловидан ЖКнинг 228-моддаси 3-қисми ва 28,169-моддаси 4-қисми “а” банди олиб ташланиб, ЖКнинг 228-моддаси 2-қисми “а” банди билан айбли деб топилган.

    Бундан ташқари, суд ҳукми билан терговда жабрланувчи О.Е.нинг сохта ҳужжатлар асосида бегоналаштирилган турар жойи талон-торож этилиши оқибатида етказилган зарарни қоплаш мақсадида ундирилган 180 млн. 50,7 минг сўм пулларни судланувчига қайтариб бериш белгиланган.

    Прокуратура органлари томонидан апелляция муддатида иш ҳужжатлари ўрганилиб, мазкур суд ҳукми рўйи-рост асоссиз, адолатсиз ва ноқонуний деб топилиб, суд қарорини бекор қилиш ҳақида протест келтирилди.

    Иш апелляция инстанцияда кўрилишида, малакали прокурор иштироки таъминланади.

    No date selected
    июн, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates