Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 31 августдаги ПФ–213-сон Фармонида қорақалпоғистонлик ёшлар учун қўшимча квота ажратилиши белгиланган.
Мазкур Фармон ижроси юзасидан Давлат комиссиясининг навбатдаги баёни билан қорақалпоғистонлик ёшлар учун туманлар кесимида тармоқ соҳалари бўйича олий маълумотли кадрларга бўлган эҳтиёжни инобатга олган ҳолда, бакалавриат таълим йўналишларига базавий тўлов-контракт асосида 10 000 та қўшимча қабул параметри тасдиқланди.
Бунда ажратилган қабул параметрларининг:
- Тошкент шаҳридаги ОТМ ва бакалавриат таълим йўналишлари кесимидаги тақсимоти;
- Қорақалпоғистон Республикасидаги ОТМ ва бакалавриат таълим йўналишлари кесимидаги тақсимоти;
- вилоятлардаги ОТМ ва бакалавриат таълим йўналишлари кесимидаги тақсимоти тасдиқланди.
10 000 та қўшимча қабул параметри – кириш имтиҳонларида 56,7 балл ва ундан юқори балл тўплаган, лекин талабаликка тавсия этилмаган абитуриентлар ҳисобидан шакллантирилди.
Қўшимча қабул параметрлари доирасида талабаликка тавсия этилган қорақалпоғистонлик ёшлар тавсия этилганлик ҳолатини my.uzbmb.uz сайти орқали шахсий кабинетидан билишлари мумкин.
Шунингдек, олий таълим муассасаларига танлов қайдномалари етказилади.