Аввал хабар берилганидек, Туризм қўмитаси ва Хоразм вилояти ҳокимлиги билан ҳамкорликда кўҳна Хива шаҳрида «Қовун сайли» фестивали ташкил этилди.
Тадбирни ўтказишдан Ўзбекистонда агротуризм йўналишини янада ривожлантириш, мавжуд имкониятларни кенг тарғиб этган ҳолда бу орқали ҳудудларга сайёҳлар оқимини ошириш мақсад қилинган.
Фестиваль 4 гектар ерда 60 та павильон ташкил этилиб, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар, шунингдек, Хоразм вилоятидаги 13 та шаҳар ва туман вакиллари ўз ҳудудларида етиштирилган мева-сабзавотлар, полиз экинлари қовун маҳсулотларининг 125 га яқин навлари намойиши ҳамда ҳунармандчилик маҳсулотлари билан иштирок этди.
Фестиваль якунида ғолиб ва совриндорлар аниқланди. Унга кўра, Хоразм вилояти Янгибозор тумани «Gran-Pri» соҳибига айланди (ютуқ — «Treker» автомобили). Биринчи ўрин Урганч шаҳрига (ютуқ — «Oniks»), иккинчи ўрин Хива туманига (ютуқ — «Damas»), учинчи ўрин эса Урганч тумани, Хива шаҳри ва Қўшкўпир туманларига (ютуқ ҳар бирига — «Мототцикл») насиб қилди.
Шунингдек, «Қовунни қайта ишлаш ва сақлаганлиги учун», «Қадимий Хоразм навларини тиклаш ва янги инновацион технологиялар жорий қилганлиги учун», «Қовунчиликда энг юқори рентабелликка ва экспортбоп қовун етиштирганлиги учун», «Энг ширин экологик қовун етиштирганлиги учун» номинациялари бўйича ҳам ғолиблар аниқланди ва тақдирланди.
Эътиборлиси, тадбир туфайли Хоразм вилоятига шу кунларда 30 мингдан ортиқ хорижий меҳмонлар ва 400 мингга яқин маҳаллий сайёҳлар ташриф буюрди, деб хабар беради Туризм қўмитаси матбуот хизмати.